Ижро интизоми
Кўпга қайишиб, ҳудуддаги муаммоларга вақтида ечим топа оладиган, одамларнинг арзини тинглаб, уларни ҳал этиш чораларини кўрадиган киши маҳалла раиси деган номга ҳар қанча муносиб. Қолаверса, раис бошқарувнинг дастлабки бўғини саналади. Бу тизим самарали ишласа, юқори идораларга йўлланадиган мурожаатлар сони камаяди, одамлар ҳам маҳалла раисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, ишига ёрдам беради. Бундай жойда ўсиш, ривожланиш бўлади.
Аммо Қарши тумани Потрон МФЙ раиси Шавкат Усмонов ўз зиммасидаги масъулиятни унутиб қўйган чамаси, маҳаллада яшовчи фуқаролар – Қ.Қ. ва Ф.Қ.нинг қўшнилар томонидан томорқага келадиган сув йўли тўсиб олиниб, ноқонуний қурилишлар бажарилгани ҳақидаги аризаларига жавоб бермасдан, эътибор қаратмасдан келган.
Туман адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганиш давомида Қ.Қ. 2019 ва 2020 йиллар давомида МФЙ раиси номига 3 маротаба ариза билан мурожаат қилгани ва унга тегишли тартибда жавоб берилмагани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиниши, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилиниши белгиланган.
Вилоят адлия бошқармаси расмий сайтида таъкидланишича, Потрон МФЙ раиси Шавкат Усмонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 43-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида – 223 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Биласиз, маҳалла раислигига номзодлар сайловлар олдидан одамларга жуда кўп ваъдалар беради, “у ерни обод қилиб ташлаймиз, бу ерда бозор, боғча қуриб ташлаймиз” қабилида. Потрон маҳалласи раиси ҳам сайловчиларига шундай ваъдалар бергани шубҳасиз. Оддий бир мурожаатгаки бир неча йилдан бери эътибор қаратмаган экан, унинг қолган ваъдалари рўёби нима бўлди экан?
Н.ХЎЖАЕВ