Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҚАРЗНИ ҚАЙТАРМАСЛИК УЧУН ҚАРИНДОШИНИ ТУҲМАТ БИЛАН ҚАМАТТИРИБ ЮБОРДИ

Б.ЎКТАМ

20.11.2018


ҚАРЗНИ ҚАЙТАРМАСЛИК УЧУН ҚАРИНДОШИНИ ТУҲМАТ БИЛАН ҚАМАТТИРИБ ЮБОРДИ

Бош қомусимизнинг 26-моддасида "Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади", дея таъкидланган. Ушбу конституциявий қоиданинг амалда бироз кечиккан рўёбини жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан оқланган самарқандлик Махсуд Қаршиев мисолида кўриш мумкин.

1983 йил Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, 2 нафар фарзанди бўлган ва вақтинча ишсиз Махсуд Қаршиев жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг 2017 йил 11 сентябрдаги ҳукмига асосан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарорига асосан жазо муддати учдан бирига қисқартирилган.

Унга қўйилган айблов қуйидагича бўлган: М.Қаршиев Ургут тумани Чумчуқли қишлоғида яшовчи қариндоши Ғ.Сайфиев билан гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашган. Ва 2016 йил март ойи охирларида 20 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотган. Ғ.Сайфиев 0,4 грамм опийни ўзида қолдириб, 20 граммини Мирзабоғлон қишлоғида яшовчи таниши Ч.Жабборовага пуллаган. У эса гиёҳванд модданинг 1,2 граммини истеъмол қилиб, қолганининг ҳар граммини 65 минг сўмдан ҳисоблаб, таниши Ш.Жалиловага беришга келишган ва Китоб туманида жойлашган "Мингчинор" чойхонасида 100 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланган.

Қарабсизки, ушбу "занжир" бошида турган Махсуд Қаршиев суднинг ҳукми билан 6 йил олиб турибди-да.

Бироқ дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан унинг айбини тасдиқловчи етарлича объектив далиллар тўпланмагани, фақат шубҳа ва тахминларга асосланган ҳолда барвақт тўхтамга келингани кейинги жараёнларда кўриниб қолган.

Маълумки, Жиноят процессуал кодекси 22-моддасида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар  томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги кўрсатилган.

951-моддага асосан эса, агар фактик маълумотлар номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан ва жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас, деб топилиши керак.

Бироқ, биринчи инстанция суди М.Қаршиевнинг суддаги кўрсатувларини Ғ.Сайфиевнинг дастлабки терговда берган кўрсатуви ва ишдаги тўпланган ҳужжатларга асосан рад этган. Ўз навбатида Ғ.Сайфиевнинг дастлабки терговдаги М.Қаршиевдан 20 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситасини 500 минг сўмга сотиб олганлиги ҳақида берган кўрсатуви қандай асосга кўра ишончга сазовор деб топилгани асослантирилмаган. Яъни Ғ.Сайфиевнинг бу гаплари ишончлими-йўқми, қўшимча далиллар тўплаш орқали текшириб ҳам кўрилмаган.

Қолаверса, дастлабки тергов жараёнида М.Қаршиевнинг уйида ўтказилган тинтувда гиёҳвандлик воситаси ёки бошқа қонунга хилоф бирон-бир нарса топилмаганига ҳам эътибор қаратилмаган. М.Қаршиев келтирган далиллар жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш учун ўйлаб топилган важлар деган тахминий хулосага келинган.

Масаланинг яна бир жиҳати, вилоят наркология диспансерининг 95-сонли экспертиза хулосасида судланувчи М.Қаршиев гиёҳвандлик хасталигига чалинмагани, мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги кўрсатилган.

Жиноят иши ҳужжатларида М.Қаршиевнинг кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотишда ифодаланган қасди, яъни ушбу жиноятнинг объектив ва субъектив томонларини тасдиқловчи бирор-бир далил мавжуд эмас ва жиноят таркибини ташкил қилувчи бундай белгиларнинг мавжуд бўлганини кейинги суд терговида ҳам аниқлаш ёки тўплаш имкониятлари тугаган. Зеро, суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқаради. Қонунчиликка мувофиқ, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам судланувчининг фойдасига ҳал қилинади.

Ваҳоланки, асл воқеа шундай бўлган: Ғ.Сайфиев қариндоши Махсуд Қаршиевдан 2015 йилнинг ноябрида 700 доллар қарз олади. Ҳамма қон-қариндош ўртасида бундай олди-бердилар бўлиб тургани боис мазкур жараёнга гувоҳ ё кафил, қоғозбозлик аралаштирилмайди.

Бироқ келишилган муддат ўтиб бораётган бўлса-да, Ғ.Сайфиев қарзни қайтаришни пайсалга солиб, бугун-эрта бераман, қабилидаги пуч ваъдалар билан алдаб юради. Вақтида қайтмаган қарз дўстликни қияди, деганларидек, анча вақт ўтиб, икки қариндош тортишиб қолади.

Ўзаро келишмай юрган кунларнинг бирида Ғ.Сайфиев 20 грамм гиёҳвандлик моддасини таниши Ч.Жабборовага сотаётган вақтда қўлга тушиб қолади ва милиция ходимлари гиёҳвандлик воситасини кимдан олганини сўрашганида, уни қариндоши М.Қаршиевдан 500 минг сўмга сотиб олганини тап тортмай айтади.

Бўлсин-бўлсин, одамнинг кўнгли тоза бўлсин экан. Ичи қоралик,  диёнатсизлик нафақат кишининг ўзига, балки ўзгага ҳам зарар етказишини ушбу ҳолат мисолида кўриш мумкин.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, дейилгани каби ҳақиқат барибир ўз сўзини  айтди. Апелляция инстанцияси   айблаш учун Ғ.Сайфиевнинг кўрсатувларидан ташқари бирорта далил йўқлигини билдириб, М.Қаршиевга оид жиноят ишини бекор қилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли реабилитация этиш йўли билан оқлашни, жиноят ишини тугатишни лозим топди. Ўз ўрнида Ғ.Сайфиевнинг ёлғон кўрсатмасида шахсни ўта оғир жиноятни содир қилганликда туҳмат қилганлиги ҳолати кўрингани боис, унинг ушбу ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш масаласини ҳал қилиш лозимлиги ҳам қайд этилди. Шу билан яна бир ҳолатда адолат тантана қилиб, ҳақиқат қарор топди. Муҳими шу.

Б.ЎКТАМ

Report typo