Кўзингиз тушгандир, бир неча кун олдин Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқлардаги каналига чироқчилик тадбиркор шаҳардаги “Оқтепа деҳқон эко бозор”да ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркасига картошка, пиёз, сабзидан тортиб тухуму мол ва қўй гўштигача етказиб бергани ҳақидаги хабарни жойлади.
Айтилишича, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш учун тадбиркор томонидан захирага ҳам маҳсулот жамғариб қўйилибди.
Албатта, тадбиркорнинг ҳимматига ҳар қанча таҳсин ўқисанг арзийди. Ана шундай қўли очиқ тадбиркорлар бор экан, уларнинг ишида ҳам, бошқаларнинг дастурхонида ҳам барака бўлади.
Аммо биз қатори кўпчилик эътиборини ярмаркага юк машинасида келтирилган гўштнинг ҳолати тортди.
Энди-и-и, муҳтарам тадбиркорлар, одам истеъмол қиладиган маҳсулотни бундай сақламайди-да. Боз устига у гўшт бўлса! Гўштнинг тагига бирор нарса тўшаб, устини ёпиб, санитария-гигиена қоидаларига мос ҳолда етказиб беришга нима етсин?! Ярмаркага келтирилган маҳсулот юкхонадан қўлма-қўл олиниб, то растага қадар қўлма-қўл етиб боришини тасаввур қилинг. Бу ишни саришталик, расамади билан амалга оширишнинг имкони бор-ку.
Ўйлаймизки, бизнинг нуқтаи назар тадбиркорнинг саховатига зинҳор соя солмайди. Бозорларга, ярмаркаларга бундан кейин келтириладиган маҳсулотларда ана ўшандай, тегишли санитария қоидаларига риоя қилинади. Умид ва истагимиз шу, холос.