Отабекнинг қўшимча қилишича, унга асаби билан ўйнашиб бўлмайдиган (!) ходим номидан "элчи"лар, аниқроғи унинг бир неча қариндошлари чиқиб, кечиришини сўрашган. Уларга журналист, бир сўз билан изоҳласак, ғишт қолипдан кўчиб бўлганини тушунтирган.
Сизга таниш иборами? Ҳа, бу ўша - "Дарё" интернет нашрининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан ички ишлар ходими айтган сўзлар.
Эшитган чиқарсиз, ўтган ҳафта - Рамазон ойининг биринчи жума намози ҳақида Қарши шаҳридаги Кўк гумбаз жомеъ масжидидан репортаж тайёрлаётган журналист шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари қаршилигига учраганди. Воқеалар ривожи эса қонуний асосда ва қонун доирасида фаолият олиб бораётган мухбирни "автозак"ка солиб, 1-сонли ички ишлар бўлими биносига олиб кетилиши билан давом этди.
Бу - демократик жамиятда мутлақо ҳазм қилинмайдиган, жуда хунук ҳаракатлардан иборат жараённи қайтадан батафсил тасвирлаб ўтирмоқчи эмасман. Бироқ, асаб ҳақида икки оғиз гапиришга жазм этдим.
Хўш, асаби чатоқ, ўзига ёқмаган ҳар нарса ёки ҳаракатдан тезда жиззакилиги тутиб кетадиган одамдан ўзгалар билан юзага келган муайян тушунмовчилик вақтида хушмуомалаликни кутиш мумкинми? Ички ишлар ходимлари эса ўзгалар билан мулоқотда қонун чегарасидан чиқмаслиги, хушмуомала бўлиши шарт. Бас, шундай экан унинг характерига хос жиззакилигу асаби чатоқлик бу ўринда иккинчи даражали масала, унинг эгаллаб турган вазифасига муносиблик индикатори, холос.
Одатда, қайси соҳа бўлмасин, кўпчилик билан ишлаш, оммавий тадбирлар учун малакали, илмли ва мулоҳазали ходимлар ажратилади. Ана шу жараёнда улар устидан умумий назоратни амалга оширувчи ва сўнгги тезкор қарорни қабул қилиш ваколатига эга масъул эса ниҳоятда тажрибали, вазиятни қонун доирасида ва эрта баҳолай оладиган даражада бўлиши шарт. Аксинча, ҳаммасини издан чиқариб қўйиши, кўнгилсизликларга йўл очиб бериши мумкин.
Мана, барча масжидларда ўтадиган жума намозлари ҳам катта оммавий тадбир кўринишини олади. "Дарё" мухбири билан бўлган воқеада асаблари таранг ички ишлар ходими "олиб боринг" буйруғини бергани ва унинг мантиқсиз топшириғи сўзсиз адо этилганидан кўринадики, айнан шу ходим "Кўк гумбаз"да адо этилган жума намози вақтида ҳал қилувчи қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган. Ана сизга даража: лойиқлик, муносиблик, лаёқатлилик...
Аслида бу - жойларда хизмат олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ва худди улар каби ўз касбий фаолияти билан шуғулланиб юрган журналистлар ўртасида содир бўлган биринчи воқеа эмас. Охиргиси ҳам бўлиб қолмаслиги аниқ. Лекин, мени ажаблантирадигани: нега ноҳарбий идораларда раҳбар ёки муайян топшириқ бериш ваколатига эга масъулга буйсунувчи нотўғри ёндашув, янглиш ҳаракат ва ҳолат юзасидан муносабат, эътироз, фикр билдириши амалиёти бор-у, ички ишлар органлари ходимларида буни кузатмайсиз. Ахир, юқорида эслатилган ва "асабимга ўйнама" таҳдиди; "олиб боринг" топшириғи ҳамда узуқ-юлуқ тасвирли лавҳалари билан эсда қолган воқеада ҳам журналистни асоссиз қўлга олиш буйруғини берган масъул ходимнинг сафдошлари вазиятни кўриб турганди-ку. Нега улар уни ҳеч қурса бугун демократик ва қонун устувор бўлган жамиятда яшаётганимиз, ҳар ким қилган ноқонуний иши учун жавобгар бўлиши муқаррарлигидан огоҳ этмади?!
Шундай бўлса-да, ҳарқалай вазият буткул издан чиқиб кетмади. Ушбу ҳолатдан сўнг "Дарё" таҳририяти зудлик билан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланиб, уни воқеадан хабардор этган. ИИВ ахборот хизмати эса дарҳол расмий муносабат қилди: "Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Daryo.uz интернет нашри мухбири О.Қўлдошев билан суҳбат жараёнида касб этикасини бузган ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ўрганиб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо берилади".
Бу гал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам воқеа юзасидан қадри баланд муносабатини узоқ куттирмади. Идора расмий баёнот билан чиқди:
"Бугун, 16 апрель куни "Дарё" интернет-нашрининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошев ҳамда Қарши шаҳар ИИБ ходими ўртасида рўй берган воқеа Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилди.
Мазкур ҳолат акс этган видеолавҳада ички ишлар органи ходими журналистга нисбатан амалдаги бир нечта қонун нормаларини қўпол равишда бузган.
Хусусан, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Шунингдек, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддасида "Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, ...оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга ошириши" зарурлиги белгиланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Агентлик ўз ваколати доирасида Ички ишлар вазирлигига сўров юборди.
АОКА айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимнинг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради.
Таъкидлаш жоиз, бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги давлат сиёсатига зиддир. Агентлик, ўз ўрнида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради".
Кеча, иш куни аввалида Отабек Қўлдошев билан телефон орқали боғланиб, кейинги ҳаракатлар ҳақида сўрадим. Ҳозиргина ички ишлар бошқармасидан сўрашганини айтди.
- Тизим ўз хавфсизлик хизматидан чиқишиб, бўлиб ўтган воқеага оид қўшимча маълумотлар, фото; видео лавҳалар бўлса, бизга қўшимча тақдим этинг дейишди, - дейди "Дарё" мухбири. - Ҳозир ўша ёққа отланиб турибман. Натижани мен ҳам кутаяпман, ҳарқалай амалдаги қонунчилик нормаларини назар-писанд этмаган ходимга қатъий чора кўрилишидан умидворман.
Отабекнинг қўшимча қилишича, унга асаби билан ўйнашиб бўлмайдиган (!) ходим номидан "элчи"лар, аниқроғи унинг бир неча қариндошлари чиқиб, кечиришини сўрашган. Уларга журналист, бир сўз билан изоҳласак, ғишт қолипдан кўчиб бўлганини тушунтирган.
Албатта, буни кўпчилик эшитди, ҳолат акс этган тасвирларни кўрди. Энди ҳамма ички ишлар ходимининг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо берилишини кутаяпти, хориж оммавий ахборот воситалари ва халқаро демократик институтлар ҳам. Зеро, улар мухбир ва давлат хизматчиси ўртасида юзага келган воқеага бериладиган ҳуқуқий хулосага қараб, ходим ёки тизимга эмас, давлатдаги қонун устуворлиги, демократик қадриятларга қай даражада амал қилинаётганига баҳо беради. Шуни унутмаслик керак.
Холис НАЗАР