Мисол учун, 2016 йилда 5 та ҳолатда 1,5 тонна рангли металл парчаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 13 та ҳолатда 17,3 тоннани ташкил этди. Рақамлардан кўриниб турибдики, рангли металларни ноқонуний айлантириш 2017 йилда қарийб 16 тоннага ошган.
Қарши шаҳрида ўтказилган тадбир натижасида Қарши шаҳар ИИБ ЙҲХБ маъмурий биноси яқинидаги темир йўл кесишмаси олдида тўхтаб турган Дилмурод Холёров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошқарувидаги 80 S 263 КА давлат рақамли “Нексия” автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, машина салонида оғирлиги 321 килограмм рангли металл парчалари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Дилмурод Холёровдан ушбу рангли металл парчаларига тегишли ҳужжатлар ҳамда уларни қаердан олганлиги сўралганда, тегишли ҳужжатлар йўқлиги ва металл парчаларини Нишон туманида яшовчи фуқаролардан ўзи билан Бухоро вилоятидан олиб келган асалга айирбошлаб, келгусида қайта сотиш мақсадида тўплаганини маълум қилди.
Шунингдек, Чироқчи тумани Аннаруз қишлоғида ўтказилган тадбир натижасида, ушбу қишлоқда яшовчи Рамз Мўминов ўз хонадонида таркибида рангли металл бўлган ускуналар, парчалар ва чиқиндиларни қабул қиладиган ноқонуний пункт очиб, “тадбиркорлик” қилаётгани аниқланди. Бу ердан ашёвий далил сифатида олинган рангли металл парчалари ўлчаб кўрилганда, 3 тонна 317 килограммни ташкил этди.
Якунда мазкур қонунбузарликлар натижасида олинган ашёвий далиллар белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилиб, Дилмурод Холёров ҳамда Рамз Мўминовга нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жазо чоралари қўлланилди.
Фуқароларимиз шуни билишлари лозимки, амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рангли металл парчалари бўйича “Ўзиккиламчиранглиметалл” акциядорлик жамияти ваколатли тайёрловчи ҳисобланади. Шу сабабли, бу турдаги фаолият билан ноқонуний шуғулланиш нафақат фуқароларнинг ўзларига, балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам зарар етказади.
Нуриддин АВЛАҚУЛОВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлинма бошлиғи