Йил тугашига бир ҳафтадан ҳам камроқ вақт қолмоқда ва анъанага кўра, таҳририятимиз ижодкорлари тобора ниҳоясига етиб бораётган жорий йилда вилоятимизда қандай муҳим воқеалар содир бўлганини эслаб ва айни пайтда муштарийларга ҳам эслатиб, ушбу янгиликларнинг қашқадарёликлар ҳаёти ва ҳудуд келажаги учун аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритишмоқда.
Мактаб ўқувчилари учун вилоят ҳокими стипендияси
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилининг дастлабки саналарида Қашқадарёда энг намунали ва иқтидорли ўқувчилар учун "Вилоят ҳокими стипендияси" жорий қилинди.
Маълумки, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб воҳамиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи талабалари ўртасида "Вилоят ҳокими стипендияси" танлови ўтказилмоқда ва унинг ғолибларига бир ўқув йили давомида ҳар ойда БҲМнинг 3 баравари (ҳозирги кунда - 1 миллион 125 минг сўм) миқдорида қўшимча стипендия тўлаб борилмоқда.
Вилоят раҳбарининг ёшлар билан учрашуви чоғида билдирилган таклифга асосан 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб мазкур лойиҳа мактаб ўқувчилари учун ҳам жорий қилинди. Икки босқичда - туман (шаҳар)лар ва вилоят миқёсида ўтказиладиган танловда 7-11-синф ўқувчилари қатнашиб, 18 нафар ғолиб 6 та йўналиш бўйича - аълочи, ижодкор, ёш китобхон, инноватор ва спортчи ўқувчилар ҳамда IT билимдони сифатида эътироф этилади ва уларга бир ўқув йили давомида ҳар ойда БҲМнинг 1,5 баравари (ҳозирги кунда - 562,5 минг сўм) миқдорида тўланадиган стипендия тайинланади.
Жорий ўқув йилида "Вилоят ҳокими стипендияси" танловларида 10 минг нафардан ортиқ номзод иштирок этиб, 14 нафар талаба ва 18 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди. Шу йил ноябрда стипендиатларга тегишли гувоҳномалар топширилди.
Косонлик ёш китобхон Президент совринини қўлга киритди
Жорий йил 15 февралда Тошкентда ўтказилган "Ёш китобхон" танловининг республика босқичида Косон туманидаги 19-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Мироншоҳ Нурматов 15-19 ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллаб, Президент соврини - "Кобальт" русумли автомобиль билан мукофотланди.
Ғолибнинг айтишича, унинг бу муваффақияти олти йиллик интилиш ва астойдил ҳаракат самарасидир. Зеро, биринчи марта мазкур танловда 2018 йилда 10-14 ёш тоифаси бўйича қатнашган косонлик китобхон илк иштирокини туман босқичидаёқ якунлаб, кейинги йилларда вилоят ва республика босқичларида кўзланган натижаларга эриша олмаган бўлса-да, ўзига ишончни сираям йўқотмади ва билимларини такомиллаштириб бориб, ниҳоят мақсадига етди.
- Ғалабаларим ортида, энг аввало, отам Нуриддин Тошевнинг мени шу ишга илҳомлантиргани туради, - деди танловда Президент совринини қўлга киритиб, кўплаб ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини оширган ва уларга мутолаанинг аҳамияти, беқиёс ўрни ҳақида эслатган Мироншоҳ Нурматов.
Юқори технологик операциялар бажариладиган хусусий клиника очилди
Апрель ойида Қарши шаҳрида лойиҳа қиймати 200 миллиард сўмдан ортиқ бўлган кўп тармоқли "Javohir Medikal Centre" хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди.
Энг сўнгги русумдаги диагностика, рентген ва лаборатория аппаратлари, бошқа асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги масканда бир вақтнинг ўзида 250 нафар беморни қабул қилиб, уларга кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш ва ҳатто 20 дан ортиқ юқори технологик операцияларни амалга ошириш имконияти яратилди.
Мазкур клиниканинг очилиши мамлакатимиз Президентининг шу йил 9 февралдаги "Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси йўлида бажарилган дастлабки йирик лойиҳалардан бири бўлди. Ушбу ҳужжат билан тасдиқланган 2024-2026 йилларда Қашқадарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастурида воҳамизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, шу жумладан, камида 70 та хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш ва Қарши шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт университетини ташкил этиш режалаштирилган.
Яшил шаҳар бир йилга ИҲТ туризм пойтахтига айланди
2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида 25-27 апрель кунлари ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари иштирокида бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилди.
Анжуман доирасида "ИҲТ маконида чегарасиз туризм" форуми, "Шаҳрисабз пазандачилик беллашуви" гастрономик фестивали, ИҲТга аъзо мамлакатлар рассомлари томонидан очиқ осмон остида яратилган тасвирий санъат асарлари кўргазмаси, "Modest fashion show" ёш дизайнерлар танлови, "International folk" фольклор жамоалар фестивали, этноспорт ўйинлари, бошқа тадбирлар уюштирилди. Шу аснода хорижий ҳамкорларимизга Шаҳрисабз ва вилоятимиз бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Айни пайтда жорий йилда вилоятимизда туризмни ривожлантириш йўлида "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказларини қуриш ҳамда "Ғелон" туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш ҳамда яна бир қатор йўналишлар бўйича кўплаб диққатга сазовор ишлар амалга оширилди.
Москвада Қашқадарё савдо ваколатхонаси иш бошлади
Шу йилнинг май ойида вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигидаги Қашқадарё делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи давомида Москва шаҳрида вилоятимиз савдо ваколатхонаси очилди.
Қашқадарёдан Россияга маҳсулотлар экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш ва вилоятимизга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш учун ташкил этилган мазкур ваколатхонанинг иш бошлагани, шунингдек, йил давомида воҳамизда ва хорижда қашқадарёлик ва чет эллик ишбилармонлар иштирокида кўплаб кенг қамровли бизнес-форумларнинг ўтказилгани ҳамда бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилгани самараси ўлароқ вилоятимиз ташқи савдо айланмаси ҳажми рекорд даражада ошди (11 ойда 1 миллиард 132,3 миллион долларгача, ўсиш суръати - 175 фоиз). Қашқадарёнинг йирик ҳамкор давлатлар билан 11 ойлик ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан кескин ўсиб, хусусан, Россия билан 113,3 фоизга, Хитой билан 1,7 баравар, Туркия билан 2,4 баравар, АҚШ билан 5,2 баравар, Германия билан 6,2 баравар кўпайди.
Каналларни бетонлаштириш бўйича йирик лойиҳа
Сув хўжалигида каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил, деб эълон қилинган 2024 йилнинг август ойида вилоятимизда Хитой компаниялари иштирокида муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик лойиҳага старт берилди.
Хитой Халқ Республикасининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан рўёбга чиқариладиган ушбу лойиҳа доирасида "CITIC Construction" ва "China CAMC Engineering" компаниялари вилоятимиздаги 26 та (умумий узунлиги 319,9 километр) канални бетонлаштириш бўйича ишларни Косон тумани ҳудудидан бошлади. Бунинг натижасида воҳамизнинг 11 та туманида 331 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланиб, ҳар йили ўртача 450 миллион куб метр сув ва 81 миллион киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилинади.
Шу билан бирга йил давомида республика бюджети ҳамда агрокластерлар ва фермер хўжаликларининг маблағлари ҳисобидан ҳам кўплаб каналлар ва ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Асила ва "Насаф"нинг олтин медаллари
25 ёшида учинчи бор Паралимпия ўйинларида қатнашган Қарши шаҳрилик Асила Мирзаёрова жорий йилда Франция пойтахти Парижда бир эмас, икки марта жаҳон рекордини янгилади ва олтин медални қўлга киритди. Вилоятимиз бош футбол жамоаси "Насаф" эса ўз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Суперлигасида биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат чемпиони бўлди.
Париждаги Паралимпиадада Т11 (кўриш қобилиятининг бузилиши) тоифасида узунликка сакраш мусобақасида иштирок этган Асила биринчи уринишдаёқ 5 метр 22 сантиметрга сакраб, ҳали ўзи туғилмаган пайтда (1996 йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида) ўрнатилган жаҳон рекордини янгилади. Бешинчи уринишда эса қаршилик спортчи янада юқори - 5 метр 24 сантиметрлик натижани қайд этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва олдинги Паралимпиадаларда сазовор бўлган бронза ва кумуш медалларига "олтин"ни қўшиб қўйди. Қашқадарёлик яна бир пара спортчи Давурхон Караматов Париждаги нуфузли мусобақадан пара дзюдо бўйича қўлга киритилган бронза медали билан қайтди.
"Насаф" футбол клуби чемпионлигини эса мухлислар 33 йил кутишди. Шу давр ичида жамоамиз аъзолари жуда кўп маротаба кумуш ва бронза медаллари, Ўзбекистон кубоги ва Суперкубоги, ҳатто ОФК кубогига эга чиқишган эди, лекин коллекция учун олтин медаллар етишмасди. Жорий йилда эса бу тарихий ютуқ, ниҳоят, қўлга киритилди. Суперлига ўйинлари якунигача 3 тур қолганда қаршилик футболчилар Тошкентнинг "Локомотив" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик масаласини ҳал қилишди.
Эътиборлиси, Қашқадарёнинг яна иккита футбол клуби - Муборакнинг "Машъал" ва Ғузорнинг "Шўртан" жамоалари Про лига мусобақасида муваффақиятли қатнашиб, кейинги мавсумда Суперлига ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Ўйинчоқлардан тортиб йирик турар жой мажмуасигача
Мустақилликнинг 33 йиллик байрами нишонланган кунларда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан кўплаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда замонавий турар жойлар фойдаланишга топширилди.
Янги иншоотлардан бири Қарши шаҳрида 2,5 миллион доллар эвазига қурилиб, жиҳозланган заводдир. Унда "Toybola" бренди остида замонавий ўйинчоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхона қуввати бир йилда 300 тоннагача маҳсулот тайёрлаб, истеъмолчиларга етказиш имконини беради.
Яккабоғ туманида эса қарийб 40 миллиард сўм эвазига 120 тадан ортиқ дўкон ва 600 та раста, кўнгилочар майдонлар ва бошқа объектлардан иборат йирик "Яккабоғ Эко Сити" савдо мажмуаси ишга тушилиб, унда 700 та янги иш ўрни яратилди.
Ўз навбатида вилоят марказидаги Чўлқувар маҳалласида тадбиркор томонидан барпо этилган турар жой мажмуаси 432 та хонадондан иборат 5 та кўп қаватли уй ҳамда ландшафт дизайни объектлари ва хизмат кўрсатиш масканларини ўз ичига олади.
Шаҳрисабз аэропортида 20 йиллик танаффусдан сўнг яна рейслар қабул қилинмоқда
Жорий йил 11 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Хонтепа маҳалласида жойлашган маҳаллий аэропорт "Silk Avia" авиакомпанияси томонидан Тошкентдан амалга оширилган биринчи рейсни қабул қилиб, фуқаролик авиацияси парвозлари учун фаолиятини тиклади.
Илк бор 1983 йилда очилган ва 2003 йилда турли сабабларга кўра ёпилган аэропорт энди ўтказиш қобилияти соатига 100 кишини ташкил этадиган терминал, узунлиги 1,5 километр, эни эса 35 метрга тенг учиш-қўниш йўлаги, ҳаво лайнерлари учун иккита тураргоҳ ва тўртта вертолёт майдончасидан иборат. Аэропорт яқин ва ўрта масофаларга учадиган ATR-42, ATR-72, L-410 русумдаги самолётлар ва барча турдаги вертолётларни қабул қилишга қодир.
Вилоятимизда транспорт ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги диққатга сазовор ишлар қаторида, шунингдек, Қарши шаҳрига ўнлаб янги замонавий жамоат ва туристик автобусларнинг келтирилгани, барча тоифадаги автомобиль йўлларида турли манбалар ҳисобидан катта ҳажмда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилганини ҳам эътироф этиш жоиздир.
Нишондаги замонавий газ-поршенли электр станцияси қуввати соатига 400 мегаваттни ташкил этади
Шу йил 13 декабрь куни юртимиз энергетика соҳасида тарихий воқеа содир бўлди: қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувват ишга туширилиб, навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилди.
Давлатимиз раҳбари рамзий дастакни босиб, ишга туширган объектлар орасида, жумладан, Нишон тумани Нурчи маҳалласидаги 400 мегаватт қувватга эга газ-поршенли электр станцияси ҳам бор. Мазкур станцияни лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва лойиҳанинг бутун даври (25 йил) давомида ишлатиш билан Туркиянинг "AKSA Enerji" компанияси шуғулланади. Бунинг учун хорижий инвестор томонидан 250 миллион доллар сармоя киритилмоқда, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ эса ишлаб чиқарилган электр энергиясини 25 йил давомида сотиб олишни кафолатлайди.
Жорий йилда вилоятимизда "Masdar" компанияси (БАА) томонидан Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш ва бошқариш лойиҳасини амалга оширишга ҳам киришилди, шунингдек, Талимаржон ИЭСда умумий қуввати 1065 МВт иккита буғ-газ қурилмасини барпо қилиш ишлари давом эттирилди. Шу ва ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилган бошқа лойиҳалар ҳисобидан вилоятимизда асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми кескин ошди (9 ойда 24,4 триллион сўмгача, ўсиш суръати - 160 фоиз).
Табиийки, Қашқадарёнинг бир йиллик ҳаётига оид барча ёрқин воқеаларни биргина шарҳда қамраб олиб бўлмайди, аммо шу даврда рўй берган саноқли янгиликларни тилга олиш орқали ҳам вилоятимизда турли соҳаларда нақадар кенг кўламли янгиланиш ва яратувчанлик жараёнлари давом этаётганини англаш қийин эмас.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.