Қарши шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш фаолияти билан шуғулланувчи "Қашқадарё экотранс" МЧЖга яна 17 та янги махсус техника олиб келинди. Шу билан жамият тасарруфидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга мўлжалланган транспорт воситалари сони 47 тага етди.
Умуман, бугунги кунда корхонада 61 та механизм мавжуд бўлиб, улардан 14 тасида фаолият билан боғлиқ бошқа зарур юмушлар бажарилади.
Маълумотларга кўра, МЧЖга келтирилган янги махсус техникалар молиялаштириш масаласи Осиё тараққиёт банки томонидан маъқулланган лойиҳа доирасида, ҳар бири 1 миллиард 300 миллион сўмдан харид қилинган.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга мўлжалланган янги махсус техникалар "Қашқадарё экотранс"дан бириктирилган ҳайдовчиларга тантанали тарзда топширилди.
- Ҳозиргача корхонамизда 170 нафар ишчи фаолият юритиб келаётганди, - дейди МЧЖ раҳбари Хўжамқул Нурқулов. - Янги транспорт воситалари олиб келиниши ҳисобига яна 50 дан зиёд қўшимча иш ўринлари очилди.
Янги махсус техникаларни "Қашқадарё экотранс" жамоасига тантанали топшириш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва сектор раҳбарлари, Қарши шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Рақамларда келтирилишича, айни пайтда Қашқадарё вилоятида 12 та корхона қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш фаолияти билан шуғулланмоқда. Яккабоғ тумани ҳудудида 18 та, Касби туманида 17 та, Шаҳрисабз туманида 16 та, Китоб тумани ва Шаҳрисабз шаҳрида 15 тадан, Ғузор туманида 14 та, Қарши туманида 11 та, Косон туманида 10 та, Чироқчи ва Кўкдала туманлари ҳудудларида 10 та, Қамаши ва Муборак туманларида 9 тадан, Нишон ва Деҳқонобод туманларида 8 тадан, Миришкор туманида 7 та махсус техника ёрдамида қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати кўрсатиб келинмоқда.