Ривожланиш дастури
Яқин беш йил ичида вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,5 баравар ошиб, саноат маҳсулотлари ҳажми 1,5 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,2 баравар, хизматлар ҳажми 2,9 баравар, қурилиш ишлари ҳажми 1,2 баравар кўпайиши керак.
Бундай ўсиш суръатларини назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар параметрлари республика ҳукуматининг "2022-2026 йилларда Қашқадарё вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Шу йил 20 апрель куни, яъни Президентнинг Қашқадарёга қилган ташрифи арафасида қабул қилинган мазкур ҳужжат вилоятимиз ҳудудларида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасининг келгуси беш йилдаги истиқболларини ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарнинг "ўсиш нуқталари"ни белгилаб, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали аҳоли саломатлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтирилган.
Қарорга кўра, масалан, биргина жорий йилнинг ўзида воҳамизда бюджет тушумлари ҳажмини 3 триллион 483 миллиард сўм (ўсиш суръатини эса 115 фоиз)га етказиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 800 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратиш, 82,7 минг кишининг бандлигини таъминлаб ва 35 минг кишининг меҳнат фаолиятини легаллаштириб, ишсизлик даражасини 9,2 фоизгача тушириш, камбағалликни 9,4 фоизга қисқартириш, 12 та кичик саноат зонаси ва 10 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш ҳамда умумий қиймати 401,5 миллион долларга тенг 600 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳужжатга мувофиқ вилоятни беш йил ичида ривожлантиришга доир шаҳар ва туманлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар параметрларидан ташқари қуйидагилар ҳам тасдиқланди:
- ҳудудларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклифлар ва аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган ҳамда амалий тадбирларни ўз ичига олган "йўл харитаси";
- вилоят шаҳар ва туманларининг ихтисослашуви, "ўсиш нуқталари" ва "драйвер соҳалари" ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари;
- 2022 йилда Қашқадарё вилоятида муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс тадбирлар;
- вилоят ҳокимлигининг таклифларига асосан Қашқадарёнинг шаҳар ва туманларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шакллантирилган истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;
- 2022 йилда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма объектлари ва муҳандислик коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва шакллантирилаётган истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари.
Қарорда воҳамиз ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган яна бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси юзасидан қатъий назорат тартиби ўрнатилди ҳамда мутасадди идоралар ва раҳбарларга шахсий масъулият юкланди.
Ўз мухбиримиз