Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

11.09.2020


ҚАШҚАДАРЁ ИҚТИСОДИЁТИНИНГ “ЎСИШ НУҚТАЛАРИ” ҚАЕРДА?

Брифинг

Иссиқхона йўналиши Қашқадарё иқтисодиётининг ривожига қўшимча туртки берадиган асосий "ўсиш нуқталари"дан биридир.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Шагазатов Қарши шаҳрида журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган брифингда шундай фикр билдирар экан, гапининг исботи сифатида кўплаб мисоллар келтирди.

- Шу йилнинг ўтган даврида вилоятимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 720 миллиард сўмдан ортиқ 401 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, биргина шунинг ҳисобидан 1 минг 757 та янги иш ўрни яратилди, - деди у. - Ана шу лойиҳалардан бири доирасида Қарши туманидаги "Qashqadaryo parnik taraqqiyot invest" масъулияти чекланган жамияти томонидан 79 миллиард сўм ҳажмидаги инвестициялар эвазига 20 гектар майдонда замонавий гидропоника усулидаги иссиқхона барпо этилиб, 200 та янги иш ўрни ташкил қилинди.

Брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур корхонанинг замонавий иссиқхоналарида жорий йилнинг охиригача 1 минг 100 тонна помидор ва 400 тонна бодринг етиштириб, маҳсулотнинг 650 тоннасини экспортга йўналтириш мўлжалланган. Келгуси йилда эса ҳосил салмоғини 3 минг тонна, экспорт ҳажмини 1 минг 800 тоннага етказиш режалаштирилган.

Айни пайтда Қарши туманида 500 гектар майдонда энергия ва сув тежовчи иссиқхоналар, Миришкор туманида 100 гектарда лимонарийлар, шунингдек, "Бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида вилоятдаги 30 та маҳаллада аҳоли хонадонларида умумий майдони 260 гектарга тенг кичик (2-3 сотихли) иссиқхоналар ташкил этиш назарда тутилган.

Брифингда вилоятимиз иқтисодиётининг бошқа "ўсиш нуқталари", хусусан, қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналари фаолиятини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризмни тараққий эттириш, лалми ерларни ўзлаштириш ҳақида ҳам аниқ мисоллар асосида батафсил сўз юритилди. Масалан, жорий йил куз мавсумида вилоятимизда 7,4 минг гектар лалми ерларда томчилатиб суғориладиган боғ ва токзорлар барпо қилиниб, 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Бу ишлар учун 380 миллиард сўм маблағ талаб этилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo