Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё магистрал электр тармоқлари филиали янги бинога эга бўлди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Қашқадарё магистрал электр тармоқлари филиали Президентнинг 2019 йил 27 мартдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, шу пайтгача корхона 1960-йилларда қурилган бинода фаолият юритиб келаётган эди.
- Бу бино ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган бўлиб, шарт-шароитлар умуман мавжуд эмас, бу эса иш жараёнларига ҳам таъсир этмасдан қолмаётганди, - дейди Қашқадарё магистрал электр тармоқлари филиали капитал қурилиш бўлими бошлиғи Жасур Маманазаров. - Шу боис раҳбариятимиз томонидан бунга эътибор қаратилиб, бино 8 миллиард сўм маблағ эвазига тўлиқ қайта таъмирланди ва замонавий офис мебеллари, зарур технологиялар билан жиҳозланди.
Мутлақо замонавий қиёфа касб этган, ёруғ ва шинам, ҳар томонлама қулай иш кабинетлари, лаборатория хоналарига эга бўлган янги иморатнинг фойдаланишга топширилиши маросими ҳам чинакам байрамга айланиб кетди.
Тантанали маросимда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шу куни Қашқадарё магистрал электр тармоқлари филиали тизимида меҳнат қилаётган қарийб 500 га яқин ишчи ходимлар учун байрам дастурхони ташкил этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар