Мазкур йирик туристик форумда Россия, Буюк Британия, Япония, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Ҳиндистон, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Латвия, Эрон каби жами 30 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан зиёд сайёҳлик компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар кўргазма доирасида ташкил этилган тақдимотлар ва кўргазмали чиқишлар орқали юртимизнинг туризм салоҳияти, халқимизнинг бетакрор маданияти билан танишди. Уларга туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди. Тадбирда меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, суғурта компаниялари, транспорт-логистика тармоқлари, дам олиш масканлари вакиллари ўз хизматларини тақдим этди.
Шу билан бирга, ярмаркада юртимиз ҳудудларининг туризм салоҳияти ҳам кенг намойиш этилди. Ҳар бир минтақа вакиллари махсус ажратилган стендларда ҳудудининг сайёҳлик жабҳасидаги имконият ва ўзига хосликларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилди. Тадбирда вилоятимиз субъектлари иштироки ҳам алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Улардан айримларининг ўтган ярмарка борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
“600 ГА ЯҚИН КЕЛИШУВ ИМЗОЛАНДИ”
Шоҳруҳ Жалолов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси:
- Ушбу халқаро сайёҳлик ярмаркаси соҳа вакиллари учун йил давомидаги энг муҳим тадбирлардан бири саналади. Негаки мазкур форум келгуси мақсад ва режаларни белгилаб олиш, янги ҳамкорлик йўналишларини очиш борасида долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода биз ҳам бу тадбирга аввалдан пухта тайёргарлик кўргандик. Воҳамиз туризм тармоғида кузатилаётган ўзгаришлар, сайёҳлар учун яратилаётган мавжуд кенг қулайликларни кўз-кўз қилишни ният қилгандик. Ҳар ҳолда кўзлаган мақсадимизга эришдик. Ярмарка доирасида ҳамкорлар билан 600 га яқин келишув имзоланди.
Аввало ярмаркада кўп сонли делегация билан иштирок этдик. Улар орасида 10 га яқин меҳмонхона мутахассислари, бир қанча туроператорлар, кўплаб ҳунармандлар, сайёҳлик соҳасида фаолият юритаётган бошқа тадбиркорлик субъектлари бор эди. Кўргазмадаги энг катта стенд вилоятимизники бўлди. Уни барпо этиш учун 120 квадрат метр жой ажратилди. Стендимиз юксак дид билан безатилди. Йирик мониторда эса вилоятимиз табиати, тарихи, замонавий қиёфаси, халқининг урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилувчи, шунингдек, Шаҳрисабзда ўтган Халқаро мақом анжумани тўғрисида маълумот берувчи ролик қўйиб борилди.
Айтиш жоизки, воҳамизда туризм саноатини янги босқичга кўтариш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон оммаси қизиқишига сабаб бўлаётган йирик тадбирларнинг вилоятимизда ўтказилиши анъанага айланмоқда. Тарихий шаҳарлар жозибадорлигини ошириш мақсадида “Хавфсиз туризм” концепцияси амалга татбиқ этилди. Сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари қатор имтиёзлардан фойдаланмоқда.
Бундан ташқари, вилоятимиз ҳудудида жойлашган ва илгари бориш чекланган масканлар - Қаласой дарасидаги Амир Темур ғори, динозавр излари ва шаршара, Сувтушар шаршараси, Тошқўрғон, Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари, “Хўжа Каршавар” платоси, Жанқа кўли, Северцев музлиги, Ҳазрати Султон қадамжоси энди барча учун очиқ. Бу эса юртимизга чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туристлар сонини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Ўз навбатида ушбу янгилик экотуризм ривожига ҳам туртки беради. Қизиғи, чеклов бекор қилинганидан сўнг юзлаб сайёҳлар бу жойларга сафар уюштиришди.
Ҳақиқатан соҳада реал ўсиш кузатилаётганини рақамлардан ҳам билиш мумкин. Бир йил аввал вилоятимизда атиги 29 та меҳмонхона ишлаб турган бўлса, айни пайтга келиб уларнинг сони қарийб 50 тага етди. 14 та туроператор зарур талаблар асосида ўз фаолиятини кўрсатмоқда. Ҳозиргача воҳамизга 1,5 миллиондан зиёд сайёҳ ташрифи қайд қилинди. Уларнинг салмоқли қисми чет эллик туристлардир. Кўргазмадаги иштирокимизда ҳам айни шу жиҳатларни гавдалантиришга астойдил интилдик. Ярмарка якунида вилоятимиз “Энг кўламдор ва ранг-баранг стенд” номинациясида ғолиб бўлди.
“ТУРИСТИК ХИЗМАТЛАР КЎЛАМИ ОШАДИ”
Аҳад Бердиев, “Китоб сайёҳ” хусусий корхонаси мулкдори, туроператор:
- Ҳар йили Тошкентда ўтадиган бу ярмарканинг доимий иштирокчисимиз, десак муболаға бўлмайди. Мана, 23 йилдирки, шу соҳанинг нонини еймиз. Ўз фаолиятида юқори марраларни кўзлаган ишбилармонга бу тадбир жуда керак. Бу галги таассуротлар ҳам жуда ажойиб. Биринчидан, кўргазма ҳар қачонгидан ўзгача ўтди. Унда ранг-барангликни кўрдик. Бошқа томондан, ўзимиз учун манфаатли кўплаб шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик. Бир қанча маҳаллий ва чет эл ташкилотлари биз билан яқин ҳамкорлик боғлаш истагини билдирди.
Фаолиятимиз йўналиши уларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Бугунги кунда асосан ички туризм жабҳасида иш олиб бораяпмиз. Бироқ бу хизматимиздан фойдаланувчи хорижлик саёҳатсеварлар кам, дегани эмас. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатини оладиган бўлсак, 4 мингга яқин туристга хизмат кўрсатдик. Шундан 200 нафардан зиёди чет эллик меҳмонлардир. Уларга турли ва ранг-баранг сайёҳлик йўналишларини таклиф этаяпмиз. Биргина Қашқадарё бўйича 12 та туристик маршрут ишлаб чиққанмиз. Тарихий ва экотуризм бунда етакчилик қилади. Қолаверса, гастрономик ва агротуризмда ютуқларимиз кўзга кўринарли. Пишиқчилик мавсумида Китоб туманидаги анорзор ва токзорларга сафарлар ташкил этамиз.
Ҳозирги пайтда меҳмонларни жойлаштириш хизматини ҳам тақдим этаяпмиз. Миллий анъаналар асосида жиҳозланган, 25 ўринга мўлжалланган ўтовларимиз бор. Сайёҳлик мавсумининг илк даврида уларда бўш жой топиш амримаҳол бўлади. Йил охиригача туристик хизматларимиз кўламини 800 миллион сўмга етказишни режалаштирганмиз. Кейинги йилда эса бу борадаги кўрсаткичимиз янада ошишини тахмин қилиш мумкин. Боиси, тегишли ярмаркада қатор ташкилотлар билан музокара ўтказиб, 45 та келишувга эришдик. 15 га яқин битим чет эл фирмалари билан тузилди. Бу эса келгусида воҳамизга сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қилиши табиий.
“ТАРИХИЙ ОБИДАЛАРГА 23 МИНГДАН ОРТИҚ ХОРИЖЛИК САЙЁҲ КЕЛДИ”
Илҳомиддин Юсупов, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бўлими бошлиғи:
- Қадимий ва кўҳна, ўз даври меъморий ечимлари асосида қурилган ва ҳозиргача асл тароватини йўқотмаган ёдгорликлар доим туристларни ўзига жалб қилиб келган. Мана бунинг ёрқин тасдиғи. 2018 йилнинг айни ҳолатида биргина Шаҳрисабз тарихий марказига ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 25 минг нафардан ортди. Ўтган йил билан солиштирсак, тегишли кўрсаткич 7 минг кишига кўпайди. Йил охирига қадар бу рақам янада ўсиши турган гап. Маҳаллий туристлар эса 1 миллиондан зиёдни ташкил этади.
Хўш, бу натижа қандай қўлга киритилмоқда? Аввало ҳукуматимиз томонидан соҳа равнақига қаратилаётган эътибор бунда асосий ўрин тутади. Мавжуд тарихий объектларнинг асл жозибасини сақлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида кўламдор ишлар қилинмоқда. Улар ҳақида туристга маълумот етказишнинг инновацион усуллари жорий этилди. Ўз навбатида Шаҳрисабз тарихий марказининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатидан жой олгани ҳам чет элликларнинг кўҳна ва навқирон Кешга ошиқишига сабаб бўлмоқда.
Ташкилотимиз вакиллари ҳам воҳамиздаги диққатга сазовор жойлар ҳақида тадбир иштирокчиларини яқиндан бохабар қилиш пайида бўлишди. Ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилди. 75 га яқин турфирма билан шартнома туздик. 10 дан зиёди чет эл компанияларидир. Келишувлар 2019 йил учун амал қилади.
“ҲАМКОРЛАРИМИЗ ОРАСИДА РОССИЯ, ХИТОЙ, КОРЕЯ КОМПАНИЯЛАРИ БОР”
Шаҳбоз Ширинов, Қарши шаҳридаги “Orchin-Zarin” хусусий корхонасига қарашли “Нахшаб” меҳмонхонаси иш юритувчиси:
- Меҳмонхона бизнесидаги биз сингари янги ташкилот учун мазкур ярмарка анча маҳсулдорлик касб этди. Фаолиятимизни шу йилнинг сентябрида йўлга қўйгандик. Бир мартада 28 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эгамиз. 20 га яқин янги иш ўрни ташкил этганмиз. Бугун тадбиркорликнинг бу тури ўзини ҳар томонлама оқлайди. Чунки вилоятимизда бу борадаги хизмат қамрови тўлақонли эмас. Шунингдек, соҳа вакилларига кенг имтиёзлар тақдим этилган. Ушбу омиллар бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашимизга туртки бўлди. Ҳозиргача 100 нафарга яқин меҳмонга хизмат кўрсатишнинг уддасидан чиқдик.
Мақсадимиз улкан. Кўргазмада қанташиб, имкониятларимизни янада яхшилашни кўзлагандик. Кутганимиздан ҳам зиёдига эришдик. 10 га яқин келишувлар қилдик. Хитой, Россия, Корея, Туркманистон, БАА каби мамлакатлар туристик фирмалари билан 2 йилга мўлжалланган ҳамкорлик шартномалари имзоладик.
“ЧЕТ ЭЛЛИКЛАР ГИЛАМГА ХАРИДОР БЎЛИШДИ”
Дамин Маматов, Қарши шаҳрилик ҳунарманд:
- Бугун ҳунармандларни ҳам бемалол туризм соҳаси вакили сифатида эътироф этиш мумкин. Нуфузли форумда қатнашиб бунга яна бир бор амин бўлдик. Мамлакатнинг сайёҳлик брендини юргизадиган нарса миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳамдир. Вилоятимиздан борган ўнлаб ҳунармандлар тадбирда ўз маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этишганди. Уларнинг ижод намуналарига қизиқувчилар жуда кўп бўлди. Айниқса, чет эллик сайёҳлар бир қанчасини харид қилишди ҳам. Якунда билсак, қарийб 20 миллион сўм атрофидаги маҳсулот сотилган экан.
Қўл меҳнати билан тайёрланган буюмларга эътибор доим кучли бўлган. Воҳамиз усталари томонидан дид билан ишланган, бежирим каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазма қатнашчиларининг юксак эътирофига лойиқ кўрилди. Ўзим ҳам ярмаркадан қуруқ қайтмадим. Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлик таклиф қилишди. Улар ўз юртида ўзбек миллий таомлари тақдим этувчи ресторан очаётган экан. Маҳсулотимиздан сувенир сифатида, муассасани безаш мақсадида фойдаланишмоқчи. Қўй жунидан тўқилган араби гиламлар уларни жуда қизиқтирди. Якунда россиялик шерикларга 20 дан зиёд гилам етказиб бериш мажбуриятини олдим.
Хулоса ўрнида айтганда, 23-бор ўтказилган “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси вилоятимиз учун ҳам юқори самарадорликка эга бўлди. Эришилган келишувлар яқин истиқболда ҳудудга сайёҳлар оқими янада ортишига кенг замин ҳозирлайди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.