Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ, Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА мухбирлари

27.02.2023


Қашқадарё улкан ўзгаришлар арафасида

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 24 февраль куни Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимизнинг ижтимоий сиёсати ҳар бир маҳаллага кириб бориш ва аҳоли талабини манзилли ҳал этишга қаратилган. Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласида ҳам инфратузилма изчил ривожлантирилмоқда. 2021 йилда ташкил топган маҳалла бўлгани боис бу ерда мактаб йўқ эди. 500 дан ортиқ ўғил-қиз 10 километр масофадаги мактабга қатнарди.

Яқинда бу ерда янги мактаб қуриб битказилди. Президентимиз маҳаллага ташрифи чоғида уни кириб кўрди.

Мактаб 660 ўринли. Ўттиздан ортиқ синфхоналар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хонаси ва касбга йўналтириш хоналари мавжуд. Очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўлаклари ташкил этилган.

Маълумки, мамлакатимизда ёшларни камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунарга ўргатиш мактаб таълимидаги асосий йўналиш сифатида белгиланган. Янги мактабда ҳам бунга шароит яратилган. Махсус жиҳозланган хоналарда ўқувчилар тикувчилик, заргарлик, пазандачилик, сартарошлик, электротехника, компьютер ва мобиль телефонларга хизмат кўрсатиш, робототехника бўйича касб сирларини ўрганади.

Давлатимиз раҳбари ўқувчилар билан мулоқотда бўлди.

– Шундай шароит яратаяпмизки, ўқувчилар мактабдан чет тилларини ва ҳунар ўрганиб чиқади. 11-синф ҳаётга йўлланма берувчи синф бўлади. Агар ҳар бир ёш шундай ўқиб, жамиятда ўз ўрнини топса, Ўзбекистонимизга мустаҳкам замин бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу ерда қашқадарёлик ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

– Ҳар бир ислоҳотда, қарор қабул қилишда ўқитувчилар кўз олдимда бўлади, – деди давлат раҳбари. – Сир эмас, илгари болалар уч ойлаб пахтага чиқариларди. Биргина Қашқадарёда 155 минг ўқувчи ўрни етишмасди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион маблағ ажратилди. 215 та мактаб қурилди. Бугун Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам оширилди. Албатта, буларни яна давом эттирамиз. Лекин асосийси – сифат бўлиши керак. Бу, аввало, ўқитувчиларнинг билимига, дунёқарашига, фидойилигига боғлиқ.

Учрашувда педагоглар ўз фаолияти ҳақида сўзлаб, фикр ва таклифларини билдирди.

Давлатимиз раҳбари Янги Батош маҳалласи аҳолисининг ҳаёти билан яқиндан танишди.

Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, тадбиркорлик ривожланмоқда. Тўқимачилик корхонаси, дорихона, минибанк, озиқ-овқат дўконлари ва хизмат кўрсатиш устахоналари аҳоли хизматида.

Маҳаллада Касаначилик маркази ташкил этилмоқда. Президент унда яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.

Бу ерда тикувчилик, чармдўзлик, гиламчилик маҳсулотлари тайёрланиши билан бирга касаначиларга иш ҳам ўргатилади. Ҳоким ёрдамчиси ҳамда хотин-қизлар фаоли томонидан ишсиз фуқаролар аниқланиб, қизиқиш ва хоҳишларига кўра йўналишлар бўйича усталарга бириктирилади. Буюртмаларни тайёрлашни тўлиқ ўзлаштирган касаначиларга уйида ишлаши учун керакли дастгоҳ ҳамда хомашё берилади. Буюртмачи ва касаначи ўртасида тузилган шартномалар ҳоким ёрдамчиси томонидан “Ягона меҳнат миллий тизими”га киритилади.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги ҳунармандларни хомашё билан таъминлаш, аҳоли зич маҳаллалардаги коллежларнинг маълум хоналарини касаначиларга ажратиш бўйича топшириқлар берди.

– Ўзи ҳунар ўрганишнинг энг катта замини – маҳалла. Бу анъанамиздан фойдаланиб, касаначилик ҳамда устоз-шогирдлик асосида ёшларни ҳунарли қилиш мумкин. Бу уларга, айниқса, хотин-қизларга ҳам маънавий, ҳам моддий куч бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марказ Янги Батошдан ташқари унга туташ Батош, Хониён, Тараққиёт, Дашт, Жумабозор каби маҳаллаларга ҳам хизмат қилади. У тўлиқ ишга тушса, қарийб 24 минг нафар аҳоли бандлигида муҳим омил бўлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти фаолияти билан танишди.

Маълумки, бу таълим муассасаси 1994 йилда Жиззахда ташкил этилган. Лекин у ерда бўлажак учувчилар амалиёт ўташи учун шароит етарли эмасди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йилда Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида бўлганида ҳарбий учувчилар тайёрлашда ушбу аэродром имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирганди. Шу асосида, олий ҳарбий авиация билим юрти 2019 йилда Қарши шаҳрига кўчирилди. Ўқув ва машғулот бинолари замонавий тренажёрлар, ускуналар, ахборот технологиялари билан жиҳозланди.

Бу курсантларга Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш имконини бермоқда. Парвозга тайёргарлик маркази ва  ахборот-ресурс маркази, 4 та мутахассислик йўналишлари борасида ўқув лабораториялари ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

120 ўринли маданият маркази, 400 ўринли ётоқхона, ошхона, саф майдони ва спорт шаҳарчаси курсантлар ихтиёрида. Айни пайтда бу ерда  276 нафар курсант таълим олмоқда.

Президентимиз муассасадаги шароитларни кўздан кечирди. Ёшлар билан суҳбатда ўз мутахассислиги билан бирга қўшимча хорижий тиллар ва замонавий технологияларни пухта ўрганишнинг аҳамияти таъкидланди.

– Ҳар бир давлатнинг мудофааси унинг қудратини кўрсатади. Мудофаани эса сизга ўхшаган билимли, ақлли, иродали ҳарбийлар, муҳандис ва учувчилар таъминлайди. Бунга муносиб бўлиш учун доим ўқиб-ўрганиб, ўз устингизда ишлаб, ҳар томонлама баркамол бўлиб етишишингиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Олий Бош Қўмондон билим юрти ошхонасида курсантлар билан бирга тушлик қилди. Спорт ва ўқув машғулотларини кўрди. Ўқув юрти узра ҳужумчи, қирувчи, транспорт самолётлар, жанговар вертолётлар иштирокида ҳарбий авиация парвозлари намойиш этилди.

Мутасаддиларга дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, ҳаво мудофаасини янги поғонага кўтариш, тажриба тариқасида учувчисиз қурилмалар йиғишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ушбу билим юрти фаолиятини ҳам шунга мувофиқ такомиллаштириш, хорижий муассасалар билан қўшма таълим дастурларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев жойларга чиққанда халқ ичига кириб, аҳоли турмуш даражасини яқиндан ўрганади. Турмуш даражаси эса, аввало, ички бозордаги маҳсулотларда, нарх-навода намоён бўлади.

Янги йил арафасида Қарши шаҳрида кўп қаватли савдо мажмуаси ишга тушган эди. Унда озиқ-овқат, маиший техника, хўжалик моллари дўконлари ва кўнгилочар масканлар жойлашган.

Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага ташриф буюриб, озиқ-овқат ва маиший техника дўконларини кириб кўрди. Маҳсулотларнинг сифати ва нархларига эътибор қаратди. Уларнинг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётганини юқори баҳолади.

Харидорлар билан суҳбатда давлатимиз раҳбари озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ва хизматлар ҳақида уларнинг фикрлари билан қизиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги «Буюк Турон» кичик саноат зонасида ҳам бўлди.

Бу ерда ҳозирча 2 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Жорий йил охирига қадар яна 2 та лойиҳа ишга туширилади ва умумий иш ўринлари сони 1 минг 500 тага етади.

Ўтган йили фаолият бошлаган “Алп Техно Сервис” масъулияти чекланган жамияти йилига 120 минг дона телевизор ва мониторлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона JVC, TCL, Zimmer брендларининг аудитидан ўтиб, шу номлар остида ташқи бозорга чиқмоқда. Ўтган йили 3 миллион доллар маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 6 миллион долларга етказиш режа қилинган.

Бу ерда 70 та иш ўрни яратилган. Яқинда плата териш ҳамда пластик қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва яна 30 та янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари электротехника маҳсулотлари, уларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Корхона ишчилари билан суҳбатлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Тадбир бошида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Қарши туманидаги “Омад старт”, Қарши шаҳридаги “Китоб ип йигирув”, Деҳқонобод туманидаги “Бахт текстиль”, Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой текстиль” ва “Пит-стоп” корхоналари ҳамда мебель фабрикаси вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди.

Йиғилишда, аввало, вилоятда энергия таъминотини яхшилаш чоралари кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилда вилоятда электр истеъмоли 6,9 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, 310 миллион киловатт тақчиллик бўлиши кутилмоқда. Шу боис, алоҳида қарор қабул қилиниб, бу тақчилликни ортиғи билан қоплаш бўйича ишлар бошланди.

Хусусан, Нишон ва Чироқчи туманларида 3 та қуёш электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Давлат идоралари, корхона ва хонадонларда 76 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш имконияти бор. Электр тармоқлари янгиланиб, энергия истеъмоли юқори бўлган қурилмалар алмаштирилади. Шунингдек, йилига 2,2 миллиард киловатт сарфлайдиган Қарши магистрал каналининг насос станцияларида 6 частотали бошқариш воситаси ўрнатилади.

Бу орқали шу йилда 50 миллион киловатт, келгуси йилдан бошлаб йилига 175 миллион киловатт электр иқтисод қилинади.

Йиғилишдаги асосий масала саноатни ривожлантириш, тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлашга оид бўлди.

Сўнгги беш йилда Қашқадарёга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Тадбиркорлар сони 2,5 баравар кўпайиб, қўшимча 325 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати паст бўлган 8 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, вилоятдаги улуши 36 фоизга етган.

2023 йилда вилоятга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш белгиланган.

Давлатимиз раҳбари бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Хусусан, вилоятда 80 та маҳаллада 6 мингдан зиёд аҳоли касаначилик билан шуғулланади. Ўзбекистон Президенти имзолаган қарори кенг имкониятлар яратади. Жумладан, тадбиркорларга ҳар бир жалб қилинган касаначи учун, 2 миллион сўмгача имтиёзли револьвер кредит ва 1 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Касаначиларга ўзини ўзи банд қилиб, солиқ тўламасдан шуғулланишга рухсат этилади. Касаначиликка жалб қилинган эҳтиёжманд фуқарога ижтимоий нафақа 6 ой давомида тўлаб берилади. Асбоб-ускуна ва хомашё сотиб олишга 9 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади. Касаначиларни жалб қилган тадбиркор ва кластерлар учун фойда ва айланма солиғи, давлат мулки ижараси 2 баравар камаяди.

Булар орқали Қашқадарёда яна 150 та маҳаллада қўшимча 20 минг аҳолини касаначи қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Маҳаллалардаги бандлик ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда кластерлар фаол бўлиши кераклиги таъкидланди.

Деҳқонобод, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида сув таъминотини яхшилаб, 10 минг аҳолини банд қилиш, Миришкордаги 5 минг гектарли табиий кўлда балиқ етиштиришни кўпайтириш вазифалари айтиб ўтилди.

Саноат зоналарида бўш турган майдонларда 50 та лойиҳани амалга ошириб, 2 мингта иш ўрни яратиш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, жойлардаги “ўсиш нуқталари”га тадбиркорларни жалб қилиб, қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

– Ҳар бир туманда салоҳиятни лойиҳага, лойиҳани иш ўринларига айлантириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Яккабоғ туманлари туризм салоҳиятининг ярми ҳам ишга солинмаган. Бунинг учун “Шаҳрисабз – Қарши – Самарқанд” йўналишига электр поезди қўйиб, йўловчи оқимини ошириш вазифаси қўйилди. Бу туризм, савдо ва сервис ривожига қўшимча туртки бўлади.

Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари, оқсоқоллар, зиёлилар, тадбиркорлар ўз таклифларини билдирди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, 

Икром АВВАЛБОЕВ,

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбирлари

 

 

 

Report typo