Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

22.09.2023


Қашқадарё ва Цзянсу ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Хитой Халқ Республикаси Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин бошчилигидаги делегациянинг Қашқадарёга қилган ташрифи доирасида ҳудудлар раҳбарлари ўртасида учрашув, Ўзбекистон (Қашқадарё) – Хитой (Цзянсу) бизнес-форуми, қашқадарёлик ва цзянсулик тадбиркорлар ўртасидаги b2b учрашувлар ҳамда маҳаллий компанияларнинг маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 18-22 июль кунлари вилоятимиз ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб, ташриф чоғида Осмоности мамлакатининг Аньхой ва Цзянсу провинциялари губернаторлари билан икки томонлама учрашувлар, бир қатор шаҳарларда бизнес-форумлар ва кўплаб нуфузли компаниялар билан музокаралар ташкил этилган эди.

Вилоят ҳокимининг таклифига биноан бугун Цзянсу провинцияси раҳбарияти ва ишбилармон доираларининг вакилларидан иборат делегация аъзолари Қашқадарёга ташриф буюрди. Ташриф доирасида дастлаб вилоят ҳокимлигида ҳудудлар раҳбарлари Муротжон Азимов ва Сюй Кунлин ўртасида учрашув ўтказилиб, унда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик қадим-қадимдан Буюк ипак йўли бўйлаб шакллангани, ҳозир эса “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида мазкур муносабатлар янада тез суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Айниқса, жорий йил 18-19 май кунлари Сиань шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” биринчи Саммити давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиргани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг ўзаро дўстлик алоқалари маҳсули сифатида Ўзбекистон – Хитой савдо-иқтисодий муносабатлари тобора тараққий этаётгани эътироф этилди.

Учрашув доирасида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин икки ҳудуд ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги меморандумга имзо чекишди.

Куннинг иккинчи ярмида Қарши давлат университетининг Ёшлар марказида “Бирлашиш, мулоқот қилиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик” шиори остида Ўзбекистон (Қашқадарё) – Хитой (Цзянсу) бизнес-форуми ўтказилди. Уни вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин кириш сўзи билан очиб беришди, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюн эса бизнес-форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб,  икки ҳудуднинг ишбилармон доиралари вакилларига ўзаро ҳамкорлик ўрнатишда муваффақиятлар тилади.

Бизнес-форумда Қашқадарё вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестицион ва туристик салоҳиятига бағишланган батафсил тақдимот ўтказилди ва шу мавзудаги видеоролик намойиш этилди. Ўз навбатида Хитойнинг бир қатор компаниялари раҳбарлари ҳам ўз бизнес-фаолияти ва сармоявий имкониятлари ҳақида презентациялар уюштириб, қашқадарёлик тадбиркорларга турли соҳаларда ҳамкорлик таклиф этишди.

Бизнес-форум доирасида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, туристик компаниялар ва саноат корхоналари, шу жумладан, хитойлик сармоядорлар иштирокида тузилган компанияларнинг товарлари ва хизматлари кўргазмаси ташкил этилди.

Шундан сўнг икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўртасида бошланган b2b учрашувлар кечгача давом этди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

 

 

 

 

 

Report typo