Чувашия Республикаси ва Қашқадарё вилояти ўртасида тузилган келишув доирасида жорий йилнинг ўзидаёқ ҳамкорликнинг устувор шакллари белгиланиб, иккала ҳудуд савдо-саноат палаталарининг ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилади.
Бу ҳақда Россия Федерацияси таркибидаги Чувашия Республикасининг раҳбари Олег Николаев ўзининг Telegramдаги каналида маълум қилди.
“Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимов билан яқин беш йилга мўлжаллаган тегишли келишув ва уни 2024-2025 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” имзоланган”лигини билдирар экан, Олег Николаев турли жабҳаларда ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш, хусусан, ташкилотлар ўртасида алоқалар ўрнатиш, қўшма корхоналар тузиш, тадбиркорлик тузилмаларини қўллаб-қувватлаш, савдо фаолиятини ривожлантириш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият, таълим, ёшлар ва спорт соҳаларида лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўриб чиқилишини таъкидлаб ўтди.
Айни пайтда Чувашия раҳбари Россиянинг мазкур ҳудудида жойлашган Новочебоксарск ҳамда Қарши шаҳарлари ўртасида бир йил олдин биродарлик алоқалари ўрнатилганини эслатиб ўтди.
Шу ўринда айтиш жоизки, вилоятимиз ҳокимлиги ҳам Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи муносабати билан Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро кенгаши доирасида ўтказилган бизнес-форумда вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги Қашқадарё делегацияси, жумладан, Чувашия Республикаси раҳбари Олег Николаев билан музокаралар олиб бориб, иқтисодиёт, савдо ва туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, форумда вилоят ҳокими Татаристоннинг “КЭР-Холдинг” компанияси раҳбари билан учрашиб, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш орқали энергия ва ёқилғи маҳсулотлари олиш масалаларини муҳокама қилган ва мазкур холдинг фаолият кўрсатаётган барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган эди.