Бош прокуратурада қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан, ғўза парвариши ва пахта йиғим-теримига доир қонунчилик ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, жами 210 минг гектар, жумладан, Қашқадарёда 12,6 минг гектар майдондаги ғўзанинг авжи кутилганидек эмас. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмагани ҳам бунга сабаб бўлган. Барча манбалардан ғўзани суғориш учун бир кунда 1 минг 270 кубметр секунд сув олинмоқда. Бу билан 55-60 минг гектар майдонни суғориш мумкин бўлса-да, амалда 45 минг гектар ерга сув етиб бормоқда.
Мирзачўл, Сайхунобод, Қизириқ, Бўка, Элликқалъа, Ўзбекистон, Мингбулоқ, Чуст, Пахтачи туманлари қаторида Муборакда 1,5-2 минг гектар майдондаги ғўзалар чанқаган бўлишига қарамай, суғориш ишлари асоссиз кечиктирилган.
Соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китоблари ҳамда ҳудудлардан олинган таклифларга кўра, жорий йилда 829,2 минг гектар майдонда ғўза дефолиациясини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бироқ Қашқадарёда захира қилинган дефолиант 6-8 фоиз атрофида. Бу борадаги кўрсаткичларимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятлариники билан деярли бир хил.
Йиғилишда яна маълумот берилишича, республиканинг табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, 42 минг 534 гектар майдонга картошка экиш режалаштирилган бўлса-да, режага нисбатан 3 минг 717 гектар майдонга картошка экилмаган.
Қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда соҳага доир қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилган.