Қарор ва шарҳ
Вилоятимиздаги 10 та туманда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлгани сабабли мазкур ҳудудларда келгуси йилнинг охиригача 661 та боғча очиш ва шунинг ҳисобидан 20 минг 740 нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратиш кўзда тутилган.
Мамлакатимиз Президентининг шу йил 10 июндаги қарори билан тасдиқланган тегишли дастурга биноан, яқин бир йилу 7 ой ичида вилоятимизда умумий қуввати 3 минг ўринга тенг 20 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) қурилиб, 618 та оилавий нодавлат МТТ (15 минг 450 ўринли) ва 23 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ (2 минг 290 ўринли) ташкил этилиши белгиланган.
Мазкур ҳужжат ва унинг иловаларида келтирилган бошқа рақамларга назар ташласак, вилоятимизда шу йил 1 июнь ҳолатида 3-7 ёшдаги 294,8 минг нафар боладан атиги 125,1 минг нафари, яъни 42,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олингани аён бўлади. Мазкур кўрсаткич бўйича Қашқадарё республика ҳудудлари орасида охиридан иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда ва бу борада фақат Сурхондарё вилояти (41,5 фоиз) биздан ортда қолмоқда.
Тасаввур қилинг, воҳамизда боғча ёшидаги қарийб 170 минг бола мактабгача таълим билан қамраб олинмаган. Ваҳоланки, доимий аҳоли ва 3-7 ёшдаги болалар сони Қашқадарёдагидан анча кўп бўлган Самарқанд ва Фарғона вилоятларида мактабгача таълим билан қамров даражаси тегишли равишда 63 ва 65,3 фоизни ташкил этади. Бу жабҳада етакчилик қилаётган Тошкент шаҳри (90,1 фоиз) ва Навоий вилояти (74,8 фоиз) кўрсаткичлари эса биз учун ҳозирча орзу бўлиб қолмоқда.
Президент қарорига асосан болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган Чироқчи туманида 2021 йилнинг июнь-декабрь ойларида ва 2022 йилда қўшимча 129 та мактабгача таълим ташкилоти очилиб, 3 минг 790 та янги ўрин яратилиши зарур. Айнан шу вақт ичида Қамашида 125 та МТТ (3 минг 700 ўрин), Китобда 93 та (2 минг 700), Яккабоғда 82 та (2 минг 250), Деҳқонободда 69 та (2 минг 50), Шаҳрисабз туманида 62 та (1 минг 800), Ғузорда 53 та (1 минг 600), Қарши туманида 17 та (1 минг 250), Косонда 16 та (900), Касбида 15 та (700) болалар боғчаси фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Бу режалар амалга ошиши учун жорий йил июнь ойининг ўзида мактабгача таълим билан қамров даражаси паст бўлган барча туманларда (республика бўйича уларнинг сони 53 та) оилавий нодавлат МТТ ташкил қилиш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатини шакллантириш, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ очиш имкониятларини ўрганиш, давлат МТТга эҳтиёжни аниқлаш бўйича зарур ишлар бажарилиши шарт. Ҳудудларда мактабгача таълим хизматини кенгайтириш билан боғлиқ шу ва бошқа кўплаб тадбирлар Президент қарори билан тасдиқланган "йўл харитаси"да қайд этилиб, уларнинг масъул ижрочилари ва ижро муддатлари белгиланган.
Прогнозларга кўра, шу йилнинг охиригача вилоятимизда мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар сони 172 минг нафарга яқинлашиб, қамров даражаси 58 фоизга етиши кутилаяпти. Бироқ бу жабҳада бошқа ҳудудлардан анчагина ортда қолганимиз боис ўшанда ҳам вилоятимиз 13-ўриндан бироз бўлса-да юқорироқ кўтарилмайди. Аксинча, охирги ўринга тушиб кетиши мумкин. Демак, ҳозирдан мўлжални янада баландроқ олишимиз керак...
Ўз мухбиримиз