Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Қашқадарёда чиқиндини қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод барпо этилади

Ўз мухбиримиз

07.11.2024


Қашқадарёда чиқиндини қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод барпо этилади

Инвестиция лойиҳалари

Хитой Халқ Республикасининг "Shanghai SUS Environment" компанияси лойиҳасига кўра, 2025-2026 йилларда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида маиший чиқиндиларни термик усулда утилизация қилиб, электр энергияси ва турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган  2 та завод қурилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 310 миллион долларни ташкил қилади, унинг амалга оширилиши натижасида 12 гектардан ер майдонида барпо этилган заводларда йилига 1,095 миллион тонна чиқинди ёқилиб, унинг атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 480 миллион  киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 27 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади, шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади.

Умуман олганда, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) ва Бирлашган Aраб Aмирликларининг (БAA) олтита йирик компанияси ўртасида қўшма ривожлантириш шартномалари имзоланди. Уларга асосан юртимизнинг 11 та ҳудудида ХХР ва БAA компаниялари иштирокида умумий қиймати 1,28 миллиард AҚШ долларига тенг бўлган лойиҳалар асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилади. Натижада йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, полигонлар сони беш баробарга қисқаради. 97 миллион AҚШ доллари қийматидаги электр энергияси   сотилади,152 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 200 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳаларни 2025-2027 йилларда Aндижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга ошириш мақсад қилинган. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, соҳада етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазиятни барқарорлаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш, аҳолига хавфли касалликлар юқишини камайтиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, чиқиндиларнинг қайта ишланиши муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олиниши, мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилишига хизмат қилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo