Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қашқадарёда давлат хизматлари марказларининг 20 та филиали фаолият кўрсатмоқда

Моҳидил РАВШАНОВА

15.09.2020


Қашқадарёда давлат хизматлари марказларининг 20 та филиали фаолият кўрсатмоқда

Филиал деганда кўз олдингизга нима келади? Менимча, оммабоп ва сифатли маҳсулот ёки хизматнинг сизга яқин бўлган масофада тақдим этилиш имконияти пайдо бўлганини тушунасиз, шундай эмасми?

Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиши натижасида фуқароларимизнинг оғирини енгил бўлганини бугунги кунда кўплаб жараёнлар ва хизматлар учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг камайтирилиши, муддатлар қисқариши, турли маълумотномалар талаб этилиши бекор бўлишида яққол намоён бўлмоқда.

Бироқ, бир туманда атиги битта марказнинг фаолият олиб бориши ҳам турли ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Айниқса, ҳудуди катта туманлар аҳолиси учун 20-30 километр йўл босиб келиш ортиқча вақт ва маблағ харажати демакдир. Тўғри, давлат хизматларидан онлайн фойдаланувчилар учун масофа ҳеч гап эмас, лекин олис ҳудудларимизда онлайн хизматлар ҳали тўлиқ оммалашмаган ва шу сабабли ҳам давлат хизматларидан бемалол фойдаланиш бироз мушкул бўлмоқда. Бу каби шароитларни инобатга олган ҳолда олис ва чекка ҳудудларда давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан сайёр тартибда хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, туман марказларидан анча олисда жойлашган қишлоқлар ва маҳаллалардаги фуқароларимизга қулай хизматлар уйига яқин бўлишини таъминлаш мақсадида марказларнинг филиаллари ташкил этилмоқда ва фойдаланишга топширилмоқда.

Ҳудди шундай филиалларнинг бир нечтаси Қашқадарё вилоятида ҳам фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Қамаши тумани марказидан 40 километр узоқликда жойлашган “Қушкапа” филиали Сарбозор, Чим, Равот, Гулшан, Каптархона, Узун, Жомбус, Жомбус сой, Меҳр маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда “Блу-Найл”, “Оқробот”, “Лапас Муҳаммадиев”, “Қорақутон” ҳудудларида истиқомат қилаётган 52 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатишни белгиланган режа-график асосида кўрсатишни бошлади.

Шаҳрисабз тумани марказидан 55 километр узоқликда жойлашган “Ҳисорак” филиали эса Кўл, Ғелон, Сарчашма, Сайёд, Хитой, Ҳисор, Тошбулоқ, Қиёмшайх ҳамда Пахтакор МФЙларда истиқомат қилиб келаётган  жами 22 минг аҳолига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

Китоб тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган Варганза қишлоғи эса бутун дунёга ўзининг анорлари билан машҳур. Ушбу ҳудуд ҳам туман марказидан олислигини ҳисобга олган ҳолда, бу ерда давлат хизматлари маркази филиали ўз иш фаолиятини бошлади. Тоғли ҳудуддаги бу филиал орқали яқин атрофдаги Анорзор, Боғи баланд, Башир, Панжи, Обод, Нурафшон, Қушдарё ҳамда Қорабулоқ МФЙларда истиқомат қилаётган 30 минг аҳолига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.

Маълумот учун, ҳозирги кунга келиб Қашқадарёда давлат хизматлари марказларининг 20 та  филиали фаолиятини давом эттирмоқда.

Моҳидил РАВШАНОВА,

Давлат хизматлари агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари

Report typo