Долзарб статистика
Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида вилоятимизда доимий аҳоли сони 33,4 минг кишига кўпайиб, 1 июль ҳолатида 3 миллион 515,7 минг кишини ташкил этди.
Вилоят статистика бошқармаси демография ва меҳнат статистикаси бўлими томонидан ошкор қилинган рақамларга кўра, вилоятимизда йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида 44,5 минг нафар бола (23,3 мингта ўғил бола ва 21,2 мингта қиз) туғилган. Шу билан бирга 8 минг нафардан ортиқ киши вафот этган. 4 минг 431 нафар одам Қашқадарёга доимий яшаш учун кўчиб келган, 7 минг 494 нафари – бошқа ҳудудларга кўчиб кетган.
Доимий аҳоли сони кўрсаткичи бўйича ҳудудлар кесимида Косон тумани (307,9 минг киши), Қарши шаҳри (292,7 минг киши) ва Қамаши тумани (289,6 минг киши) етакчилик қилмоқда. Энг паст кўрсаткичлар эса Муборак (92,4 минг киши), Миришкор (127,8 минг киши) ва Деҳқонобод (157,7 минг киши) туманларида кузатиляпти.
Туғилишлар сони бўйича эса яққол лидерлик – Қарши шаҳрида, вилоят марказида шу йилнинг биринчи ярмида 4 минг 521 нафар чақалоқ туғилган. Иккинчи ва учинчи ўринларда – Косон (4 минг 110 та бола) ва Қамаши (3 минг 887 та бола) туманлари. Энг кам бола туғилган ҳудудлар қаторидан Муборак (994 нафар) ва Миришкор (1 минг 509 нафар) туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳри (1 минг 607 нафар) жой олган.
Олти ойда вилоятимизда, бир томондан, қарийб 10 мингта никоҳ, иккинчи томондан, 1,8 мингдан ортиқ ажралиш қайд этилган.