Қарор ва шарҳ
Вилоятимизда суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, сув ресурсларини тежаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки билан ҳамкорликда дастлабки қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган "Қашқадарё вилоятида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш" лойиҳаси амалга оширилади.
Айни вақтда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган ҳамда уни молиялаштириш учун Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки ва йирик компаниялари билан музокаралар олиб борилган.
Бу ҳақда Президентнинг 2024 йил 29 ноябрдаги "Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этиб ўтилган.
Ҳужжатда ёзилганидек, "Қашқадарё вилоятида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича: Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази - буюртмачи; Хитой Халқ Республикаси Экспорт-импорт банкининг имтиёзли кредити - молиялаштириш манбаси; лойиҳанинг ишчи ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича "Сувлойиҳа" МЧЖ - бош лойиҳачи; истисно тариқасида, Хитой Халқ Республикасининг "CITIC Construction Co.Ltd" ҳамда "China CAMC Engineering Co., Ltd." компаниялари - бош пудратчилар этиб белгиланган.
Қарор билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки билан музокаралар ўтказиб, Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни имтиёзли шартларда молиялаштириш бўйича шартларни келишиш топшириғи берилган.
Сув хўжалиги вазирлигига "ЎзГИП" МЧЖ, "Сувлойиҳа" МЧЖ ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда: бир ой муддатда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказиш;
икки ой муддатда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тасдиқлаш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифалари юкланган.
Шунингдек, мутасаддилар Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа ҳужжатлари (техник-иқтисодий асослари, тендер ҳужжатлари)ни ишлаб чиқишда маҳаллий контентларни инобатга олиш ҳамда объектлар қурилишига ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ортиқча харажатларни қисқартириш орқали маблағларни иқтисод қилиш бўйича зарур чораларни кўриб боради.
Маълум бўлишича, Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки билан қарз битимлари лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангандан сўнг 2025 йилдан бошлаб бажариладиган иш ҳажмларидан келиб чиқиб, қисмларга бўлган ҳолда имзоланади.
"Қашқадарё вилоятида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш" лойиҳаси доирасида: 15 фоиз аванс тўлови учун 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар маҳаллий бюджетларида мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш ишлари учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 120 миллиард сўм йўналтирилади.
Ҳужжатда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ва тегишли вилоятлар ҳокимлари Б.Зарипов, Ш.Абдуразаков, У.Қосимов, М.Азимов лойиҳалар бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун лозим бўлган шароитларни таъминлашга, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки тартиб-таомиллари ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур ҳисобот ва ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ва тақдим этишни ташкил этишга; Давлат молиявий назорати инспекцияси лойиҳалар доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатилишига; Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Хидоятов ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан назорат ўрнатилишига шахсан масъул ва жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўз мухбиримиз