Вилоят ҳокимининг фармойишига кўра, бугун Қашқадарё ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар-жой биноларини иситиш мавсуми бошланди.
Ҳужжатда белгиланганидек, воҳамизда иситиш мавсуми келгуси йил 1 апрелгача давом этади, аммо об-ҳавонинг ўзгаришига қараб мазкур сана ҳам ўзгариши мумкин.
Фармойишга мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди. Вилоят ҳокимлигида кечаю-кундуз ишловчи мазкур штаб мавсумни беталофат ўтказиш бўйича тегишли вилоят бошқармалари, идора ва ташкилотлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг доимий мониторингини юритади ва мувофиқлаштириб боради.
Вилоят ҳокими туман ва шаҳарлар ҳокимликларига ҳам “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали, вилоят молия бош бошқармаси, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ва вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси биргаликда бугунги кундан бошлаб кечаю-кундуз ишловчи штабларни ташкил қилиш ҳақида топшириқ берди.
Шунингдек, мутасадди ташкилотлар зиммасига тезкор авария-тиклаш хизматларини ташкил қилиб, уларни махсус техника ва жиҳозлар билан таъминлаш, шу йил 15 ноябрга қадар ижтимоий соҳа муассасаларига ва 1 декабрга қадар вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиш, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга сифатли табиий газ ва электр энергияси етказиб берилишини ҳамда электр ва газ жиҳозларидан фойдаланиш хавфсизлигини назорат қилиш, ноқонуний фойдаланувчиларни аниқлаш ва уларга нисбатан чоралар кўриш сингари қатор вазифалар юклатилди.