Тиббиёт
Қарши шаҳрида кўп тармоқли “Javohir Medikal Centre” хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди.
Янги клиниканинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
- Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, инсон ҳаётини муҳофазалаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига қаратилгани билан аҳамиятлидир, - деди ўз сўзида вилоят ҳокими Муротжон Азимов. - Президентимиз томонидан тизимга берилган эътибор ва яратиб берилган имкониятлар натижасида вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 702 тага етди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийиб 3,5 баравар ўсишдир. Замонавий услубда барпо этилган янги клиника илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, унда юқори технологик даволаш усулларини амалга ошириш учун барча имкониятлар етарли.
Клиника Европанинг энг сўнгги русумдаги МРТ, МСКТ, рентген, лаборатория аппаратлари билан жиҳозланган. Бу ердаги МРТ аппарати нафақат вилоят, балки республикадаги тиббиёт муассасаларда ҳам саноқли. Янги масканда 20 дан ортиқ юқори технологик операцияларни қилиш имконияти мавжуд.
- Хусусий клиникамиз 200 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан барпо этилди, - деди тадбиркор Жамшид Шамситдинов. - Айни пайтда бу ерда бир вақтнинг ўзида 250 нафар беморни қабул қилиш имконияти яратилган. Муҳими, клиника ишга туширилиши натижасида 250 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланди. Малакали жамоанинг бош мақсади - нафақат Қашқадарё, балки қўшни вилоятлар аҳолисининг ҳам даволаниш учун пойтахтга боришига зарурат қолдирмай, уларнинг шу ернинг ўзида дардига даво топишини таъминлашдир.
Йиғилганлар клиникада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, унинг моддий-техник имкониятларини юқори баҳоладилар.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.