Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • ҚАШҚАДАРЁДА МИЛЛИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТИЗИМ ЯРАТИЛИБ, САНОАТ РИВОЖЛАНИШИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

Матназар ЭЛМУРОДОВ, Абдулазиз МУСАЕВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА

13.11.2020


ҚАШҚАДАРЁДА МИЛЛИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТИЗИМ ЯРАТИЛИБ, САНОАТ РИВОЖЛАНИШИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пандемия шароитига қарамай, иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш, одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида 12 ноябрь куни Қашқадарёга келди.

Давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз шаҳридаги "Oqsaroy Vortex" масъулияти чекланган жамиятида синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади.

Бу ерда "Oqsaroy Group" компанияси таркибига кирувчи "Oqsaroy Textile" ва "Oqsaroy Vortex" корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион долларлик 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш белгиланган эди. Бунинг натижасида 1 минг 630 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш кўзда тутилган.

Биринчи босқичда 2014 йили "NBU инвест" компаниясидан "Oqsaroy Textile" корхонасининг 21 миллион АҚШ долларилик 100 фоиз улуши сотиб олиниб, модернизация ишлари натижасида бу ерда йилига 9 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.

Ушбу корхонада ўтган йили 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Иккинчи босқичда шу йил октябрь ойида "Oqsaroy Vortex" корхонаси фаолият бошлаб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати - 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 18 миллион АҚШ доллари бўлган бу лойиҳа натижасида йилига 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқаришга эришилади. Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.

Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.

Корхонанинг анъанавий ип-йигирув фабрикаларидан асосий фарқи - бу ерда Япониянинг "Murateс" компаниясида ишлаб чиқарилган "Vortex"  технологик ускуналари ўрнатилган. Мазкур технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.

Давлатимиз раҳбари соҳанинг иқтисодий жиҳатига эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан, тўқимачилик саноатига оид лойиҳаларни уч йўналишда ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Биринчидан, Қашқадарёнинг пахта етиштириладиган саккизта туманида "Oqsaroy Vortex" намунасидаги тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли материаллардан фойдаланиш бўйича топшириқ  берилди.

- Иккинчидан, барча кластерларни кооперация қилиб, сунъий тола ишлаб чиқариш бўйича битта алоҳида лойиҳа қилиш керак. Учинчидан, ёғочдан табиий тола - вискоза ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лозим, - деди Президент.

- Бу миллий-иқтисодий тизим бўлади. Мана шу билан биз Қашқадарё вилоятини тўқимачилик лойиҳалари билан тўла қамраб оламиз. Таннархни арзон қилиб, саккизта корхонани ишга туширсак, қўшимча қиймат билан кўплаб иш жойлари яратишга эришамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

"Хом ашёдан - тайёр маҳсулотгача" тамойили асосида вилоятда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунинг учун таниқли хорижий брендларни жалб этиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.

Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидан ўн гектар ер ажратиб, "Oqsaroy Group" компанияси негизида тўқимачилик технопарки ташкил этиш ва маҳсулотларнинг онлайн савдосини йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистондаги барча текстиль ишлаб чиқарувчилар бир жойга жамланадиган мазкур технопаркда уларнинг дўконлари ва омборлари бўлади. Технопарк биринчи навбатда ишлаб чиқарувчиларга экспорт масаласида кўмаклашади.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция режалари, пахта толасини қайта ишлаш даражасини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва IT-технопарк фаолиятини кўздан кечирди.

Айни пайт Давлат хизматлари маркази орқали аҳолига 140 дан зиёд хизматлар кўрсатилмоқда. Бу ерда электрон навбат тизими жорий қилинган, махсус инфокиосклар, электрон аукционда иштирок этиш учун махсус жой, инвесторлар ва тадбиркорлар билан бизнес-учрашувлар ўтказишга мўлжалланган хона мавжуд. Шунингдек, анжуман ва семинарлар учун конференц зал, буфет, кутубхона ва болалар майдончаси ташкил этилган.

Тўловларни амалга ошириш учун банк кассаси, банкоматлар ишлаб турибди. Бу ерда яна нотариус, ФҲДЁ бўлими, суғурта ташкилоти филиаллари фаолият кўрсатади. Халқ қабулхонаси ва Бош вазир қабулхонасида фуқароларнинг шикоятлари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Тошкентда синов тарзида йўлга қўйилган "Surdo-online" платформаси илк бор Қарши шаҳрида ўрнатилди. Ушбу тизим имконияти чекланган шахсларга давлат хизматларидан чекланмаган тарзда, қулай ва тезкор фойдаланишда ёрдам беради. Ушбу платформа орқали сурдо таржимонлик мутахассислигига эга ёшлар иш билан таъминланмоқда.

Ушбу марказ орқали бугунга қадар 300 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, 2 мингга яқини филиаллар орқали, мингга яқини эса сайёр тарзда амалга оширилди. Бир кунда муассаса ходимлари 700-800 нафар фуқарога хизмат кўрсатади. Тезкор интернет, замонавий техник воситалар ва кутиш зали фуқароларга қулай давлат хизматларини тақдим этишга мўлжалланган.

Президент марказдаги шароит билан танишди. Одамлар талабидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, аҳолига қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди. Хусусан, Қарши шаҳридаги маҳаллаларда давлат хизматларини ташкил этиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

- Одамлар бу марказга эмас, аксинча марказ маҳаллаларга кириб бориб давлат хизматларини жойида кўрсатсин. Шунда бу марказларни ташкил этишдан кўзлаган мақсадга эришилади, қайси соҳаларда хизматларга эҳтиёж борлиги аён бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда IT-технопаркда 15 нафар ёш веб-дизайнер, дастурчи ва робототехник фаолият бошлаган. "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ёш дастурчиларни тайёрлаш курслари ташкил этилгани натижасида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларга дастурий маҳсулотлар яратишда қулайлик яратилди.

Илк ютуқларга ҳам эришилди. Талабалар ўртасида ўтказилган "mGovAward" энг яхши давлат мобил иловасини ишлаб чиқиш бўйича танловда қашқадарёлик ёшлар жамоаси ғолиб бўлди. Улар яратган чет тилларини масофавий ўқитиш мобил иловасини такомиллаштириш учун 50 минг АҚШ доллари мукофот ажратилди.

Президентимиз технопаркда ёшларга қулай муҳит яратиш, бу ерга келаётган ёшлар сафини кенгайтириш бўйича таклифлар берди. Вилоятдаги олий таълим муассасалари ва IT-технопарклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳрида қашқадарёлик ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.

Маълумки, 30 октябрь куни таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини тубдан ўзгартириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишлари ўтказилган эди. Бу икки соҳа бўйича  Президентнинг алоҳида фармон ва қарори ҳам қабул қилинди.

Учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, жойларда амалга ошириш чоралари ҳақида сўз борди.

- Бу икки соҳани ривожлантирмасдан туриб рақобатбардош мамлакат бўла олмаймиз. Келажакни соғлом миллат, билимли авлод қуради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, Қашқадарёда мактаблар аҳволи ҳам, тиббий хизмат сифати ҳам қониқарсиз. Муаммолар жуда кўп. Ота-оналар таълим тизимидан норози. Аксарият аҳолининг турмуш тарзи, овқатланиш рациони тўғри эмас. Шу боис бу соҳаларда бошланган ислоҳотлар  вилоят учун ўта муҳим ва зарур.

Шавкат Мирзиёев бу борадаги янги иш тизимидан мақсади, педагог ва шифокорлардан кутаётганлари ҳақида кўнглидаги гапларни  айтди. Мактаб директорлари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, таклифларини қўллаб-қувватлади.

- Таълимдаги ишлар ҳам, тиббиётдаги ҳам игна билан қудуқ қазишдек гап, натижаси тез кўринмайди. Бунинг учун машаққатли меҳнат, катта фидойилик керак. Бошланган ислоҳотларнинг амалга ошиши, халқимизнинг рози бўлиши шунга боғлиқ. Бу йўлда сизларга ишонаман, суянаман, - деди Президент.

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида очилган Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасини бориб кўрди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни ривожлантириш - сифат, унумдорлик ва тараққиётнинг муҳим омили. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 октябрь куни қабул қилинган "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони шу мақсадга қаратилган.

Ушбу масала бўйича 28 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу борада аҳолига батафсил маълумот берадиган маслаҳат клиникалари ҳамда колл-марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари очилди. Шунингдек, куну тун ишлайдиган 1082 рақамли колл-марказ йўлга қўйилди.

Мазкур клиникалар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан бошқарилади. Уларнинг фаолиятида Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимлик вакиллари доимий иштирок этади. Бундан ташқари, сўровга асосан бошқа вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.

Қарши шаҳридаги бундай клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган объектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

Клиника биносида Қашқадарёдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Мажлислар зали, музокара хоналари, экспортчилар уюшмаси ва ўқув марказлари жойлаштирилган.

- Хусусийлаштириш - қўшимча қиймат ва ишчи жойлар яратадиган муҳим масала. Ҳар бир объектнинг эгасини топиб, ишни йўлга қўйиб юбориш керак. Бу эса тадбиркорга имконият, маҳаллий бюджетга тушум, - деди давлат раҳбари.

Шу ерда Шаҳрисабз, Ғузор, Нишон ва Деҳқонобод туманларини ривожлантиришнинг "ўсиш нуқталари" бўйича тақдимот ўтказилди.

Масалан, 2015 йилда Нишон тумани маҳаллий бюджетида умуман маблағ қолмас эди. Ҳокимларга қўшимча маблағлар тушириш ва ишлатиш имконияти берилгач, ушбу ҳудуд иқтисодиёти ҳам ривожлана бошлади. Жорий йилнинг 9 ойида Нишон тумани бюджетига 6 миллиард сўм қўшимча маблағ тушди. Тўртинчи чоракда яна 4 миллиард бўлиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу тизимда ишларни давом эттириб, ҳар бир ҳудуднинг "ўсиш нуқталари"ни ишга солиб, қўшимча маблағлар ҳисобидан ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, уйлар, йўллар қуриш, кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб, шароитларни кўздан кечирди.

Шу ерда қашқадарёлик ёшлар билан учрашув ўтказилди.

- Мен сизларнинг кўзларингга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим. Шунинг учун қўрқмасдан, ўз ота-оналарингга нима дейишни хоҳласаларинг, ҳамма фикрларингни бемалол айтинглар, - деди давлат раҳбари.

Учрашувда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлди.

Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда экани қайд этилди.

Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури доирасида йиллик режага қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантириб, туманда IT-парк ташкил этиш, электрон тижорат ва дастурлаш кўникмаларини бепул ўргатиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Китоб туманидаги 150 ўринли болалар мусиқа ва санъат мактабида 310 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур муассаса ўқувчилари учун етарли шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Вилоят ёшларининг спортга қизиқишини инобатга олиб, мактабларда спорт заллари қуриш, мажмуаларда тўгаракларни кўпайтириш зарурлиги айтилди. Инвентарлар ва анжомлар сотиб олиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.

Яқинда Сербияда бўлиб ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган    Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Мушарраф Ибодуллаева давлат гранти асосида ўқишга ўтказиладиган бўлди.

Учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилди. Таклифлари маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

- Мендан энг катта мақсад-муддаоинг, бахтинг нима, деб сўрасаларинг, шундай деган бўлардим: ёшларимизнинг дунёқарашини жаҳон даражасига кўтариш, ишли қилиш, ғурур-ифтихорини юксалтириш, оилавий бахтини кўриш, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА

Report typo