Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Қашқадарёда тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси ва саломатликка таъсири ўрганилмоқда

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.10.2024


Қашқадарёда тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси ва саломатликка таъсири ўрганилмоқда

Матбуот анжумани

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда “Тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси ва саломатликка таъсирини ўрганиш” мавзусида матбуот анжумани ташкил этди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад - оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини вилоятда тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси ва саломатликка таъсирини ўрганиш бўйича тадқиқот ўтказилаётганидан хабардор қилиш ҳамда унда тасодифий равишда танлаб олинган 18 ва ундан катта ёшдаги эркакларнинг (респондентларнинг) фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.

Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан дунёда тамаки чекиш билан боғлиқ вазият, шунингдек, юртимизда ёшларни кашандаликдан ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар, бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижроси доирасида бажарилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, чекиш таъсирида организмда 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон)нинг ривожланиши кучаяди. Тиббий тадқиқотлар бўйича олимларнинг кўп йиллик изланишлари хулосаларида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган.  Юрак ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамларга тўғри келади.

- Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида танлаб олинган Қарши шаҳри, Қамаши, Чироқчи, Китоб туманларининг аҳолиси орасида тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда маълумотлар йиғилади, - дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти бош мутахассиси Шуҳрат Шукуров. - Тадқиқот давомида 756 нафар респондент билан сўровнома ўтказиш ва уларни текширувда қамраб олиш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, тадқиқот натижасида тўпланган маълумотлар тамаки чекишнинг тарқалганлик даражасини ўрганиш, ҳозирги даврда юқумли бўлмаган касалликлар ривожланишига таъсир кўрсатувчи саломатлик кўрсаткичлари ва келгусидаги ўзгаришлар тенденциясини баҳолаш имконини беради. Бундан ташқари, тамаки чекишга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг самарадорлиги баҳоланади ҳамда далилларга асосланган дастурлар ишлаб чиқиш имкони туғилади.

Тадбир қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo