Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид амалий лойиҳалар рўйхатини эълон қилди.
Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланган ва тегишли давлат дастурларига киритиладиган ушбу рўйхатдан 6 та йўналиш бўйича 19 та илмий лойиҳа ўрин олган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун тахминан 34 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Эътиборли томони, мазкур рўйхатга Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали томонидан тақдим этилган “Қурғоқчиликка, занг касалликларига чидамли, дон сифати юқори бўлган икки фаслли (дуварак) лалми янги буғдой навларини яратиш” лойиҳаси ҳам киритилган.
Филиал директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ойбек Аманов бошчилигидаги жамоага лойиҳани рўёбга чиқариши учун уч йил давомида 1 миллиард 800 миллион сўм миқдорида маблағ берилади.
Ж.БОЙМУРОДОВ