Интернет оламида - Қашқадарё
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида чигиртка кўпайиб, қишлоқ хўжалигига жиддий хавф туғилаётгани хусусида хабарлар тарқалди. "Ўзагрокимёҳимоя" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Ражаббой Очилов kun.uz нашрига берган интервьюсида ушбу масалага тўхталди.
"Чигирткалар Қашқадарёга асосан қўшни Туркманистондан келади, - деди мутасадди. - Лекин ҳозир кириб келолмайди, чунки чигиртка 4-5 ёшга киргандан кейин қанот чиқаради. Шундан кейин уча бошлайди. Шамол, ўзининг учиш тезлиги ёрдамида чўл ҳудудларига, Қашқадарёнинг Деҳқонобод, Нишон, Муборак, Талимаржон ҳудудларига келади ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказади. Охирги 4-5 йил ичида чигирткалар қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказган ҳолатлар бўлмаган. Сабаби - техникаларимиз кучли. Дельтаплан, аппаратли машиналар, пуркагичли тракторлар етарли. Чигирткалар ҳудудимизга ҳали кириб келгани йўқ. Бу май ойи охири ва июнь ойи бошида, яъни чигиртка қанот чиқаргандан сўнг содир бўлиши мумкин. Айниқса, Қашқадарёнинг Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод ҳудудларига ўзимиздаги тоғлардан кўпроқ чигиртка кириб келади. Ҳар йили бунга қарши қаттиқ курашамиз. Туркманистон кейинги 2-3 йил ичида 150 тадан ортиқ махсус пуркагич тракторларни Ўзбекистондан харид қилди. Туркманистоннинг чўл ҳудудларидаги 1 миллион гектар ерда чигирткалар ниҳоятда кўп. Икки давлат қишлоқ хўжалиги вазирлиги, чегара қўшинлари ўртасида битим тузилган. Унга асосан, икки мамлакат ўз ҳудудидаги чигирткаларга қарши курашади. Ҳозир икки томондаям чигирткалар йўқ, кузатиб турибмиз. Шунинг учун бундай хавф йўқ ҳозирча, лекин бўлиши мумкин".
Ғузорликлар нимадан норози?
daryo.uz сайтида эълон қилинган "Сув жўмраги ишламайди, эшик қулфи носоз. Деворлари моғорлаб, ўйилиб тушмоқда" сарлавҳали мақолада айтилишича, Ғузор туманидаги Амир Темур маҳалласида яшовчи фуқаролар фойдаланишга топширилганига икки йил ҳам бўлмаган намунали уйларнинг яроқсизлиги ҳамда 2018 йил фойдаланишга топширилган намунали уйларнинг аксариятида сув жўмраклари ишламаслиги, хонадон эшикларига ўрнатилган қулф носоз ёки ишдан чиққанлиги, уй деворлари эса моғорлаб тўкилиб тушганидан шикоят қилган.
Мазкур ҳолат бўйича туман ҳокимлиги билдирган муносабатда айтилишича, камчиликларни бартараф қилиш мақсадида тезкор ишчи гуруҳи ташкил қилинган.
Ўрганиш натижасида намунали уй-жойлар мақолада кўрсатилган даражада ачинарли ҳолда эмаслиги аниқланган.
Ҳозирги кунда бош пудратчи "Намуна Сабрина махсус сервис" хусусий корхонаси томонидан уй-жойлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Электр энергиясидаги узилишлар ҳам бартараф этилади. Туман ҳокимлиги "свет" ўчишига ёмғир, шамол ва ноқулай об-ҳавони сабаб қилиб келтирган. Ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори 1-иловасига асосан томонлар уларнинг хоҳиш ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар сабабли ушбу шароитларда қайтариб бўлмайдиган ва олдиндан билиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолатларни ўз ичига олган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) оқибатида ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажара олмаса, томонлардан ҳеч бири ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармагани учун жавоб бермаслиги кўрсатилгани ҳам қайд этилган.
МИБ ходими сўккани учун ишдан кетдими?
Ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Фарҳод Аҳмедов бўлим ходимларига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатгани акс этган аудиоёзувлар тарқалди.
Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, аудиоёзувлар ўринбосарга тегишли экани ва шу йилнинг февралида ходимлар билан ўтказилган йиғилишда айтилгани аниқланган.
Натижада Ф.Аҳмедов шу йилнинг 8 май куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, бюро органларидан бўшатилган.
Бюро матбуот хизматининг kun.uzга маълум қилишича, 2020 йилнинг ўтган даврида 134 ходимга нисбатан 71 та хизмат текшируви ўтказилиб, 38 ходимнинг интизомий жавобгарлиги ҳал қилинган бўлса, шундан, 9 нафари бюро органларидан, 7 нафари ўз лавозимидан бўшатилган.
Ичимлик суви таъминоти бўйича энг паст кўрсаткичли ҳудудлар орасида Қашқадарё ҳам бор
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг хабар беришича, Қашқадарё вилоятида 54,2 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви, қолган қисми эса альтернатив ичимлик суви манбалари билан таъминланган. Таъминот Фарғонада 85, Тошкент вилоятида 75, Хоразмда 61,9 фоизни ташкил этади.
Бу кўрсаткичлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда энг паст натижаларни Ғузор (2,1 фоиз) ва Деҳқонобод (2 фоиз) кўрсатган.
Қолаверса, молиялаштиришдаги муаммолар туфайли вилоятимизда 14 та лойиҳа тўлиқ якунланмаган.
"Ҳар тўртала ҳудуднинг айрим туманларида, айниқса, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг кўплаб аҳоли пунктларига ер ости ичимлик суви манбаси йўқлиги сабабли аҳолига ичимлик суви ташиб бериш йўли билан етказилади. Ичимлик суви ташувчи транспорт воситаларининг аксарият қисми эса санитария талабларига жавоб бермайди. Аҳоли ичимлик сувини санитария талабларига зид равишда ойлар давомида махсус идишларда ёки ҳовузларда сақлайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди", дея таъкидланади қўмита ахборотида.
Канализация объектлари лойиҳаларининг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида кечиктирилиши турли хавфларни янада кучайтираяпти.
Ўрганишларда ҳар тўртала вилоятдаги аксарият аҳолига сув тайёрлаш ва узатиш пунктларида сувни зарарсизлантириш ускуналари мавжуд эмаслиги аниқланган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили мавжуд ичимлик суви объектларидаги сув сифати санитария талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.