Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

15.03.2019


ҚАШҚАДАРЁГА САЙЁҲЛАР ОҚИМИ ЖИЛҒАДАН ДАРЁГА АЙЛАНАДИ...МИ?

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 8 мартда қабул қилинган мазкур қарорни шарҳлар экан, ушбу ҳужжатга мувофиқ Қашқадарё вилоятида янги туризм йўналишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганини билдирмоқда.

-Бу режадаги чора-тадбирлар олтита йўналиш - этнотуризм (Шаҳрисабз туманидаги Ғилон ва Кўл қишлоқларида), агротуризм (Китоб туманидаги Варганза ва Ҳазрати Башир қишлоқларида), экстремал туризм (Яккабоғ туманидаги Татар, Зармас ва Вори қишлоқларида), экологик туризм (Шаҳрисабз туманидаги Сарчашма ва Сувтушар қишлоқларида), астрономик туризм (Китоб кенглик станцияси ҳудудида) ва "Фестиваллар шаҳри" бренди остида MICE-туризмни (Шаҳрисабз шаҳрида) қамраб олади, - дейди О.Олимжонов. - Уларни бажаришга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд", хусусий туризм ташкилотлари ва ошпазлар уюшмалари, бошқа кўплаб ташкилот ва идоралар жалб қилинади.

БИР КЕЛИБ КЕТИНГ ҚИШЛОҒИМИЗГА

Бетакрор табиати, гўзал манзаралари ва ўзига хос анъаналари билан нафақат юртимиз, балки чет элларда ҳам машҳур Ғилон ва Кўл қишлоқларини оладиган бўлсак, у ерда этнотуризмни йўлга қўйиш учун шу йилнинг апрель ойидаёқ камида бештадан оилавий меҳмон уйларини очиб, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг эгалари учун туристик сервис асослари бўйича бепул ўқув курсларини ташкил этиш мўлжалланаяпти. Шунингдек, маҳаллий таомлар аъло даражада тайёрланадиган ошхоналар ҳамда хонадонларни сайёҳларни қабул қилишга ҳозирлаш, ҳунармандлар уйлари ва устахоналарида иш жараёнини батафсил кўрсатиш, маҳорат дарслари ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг намойиши ва савдосини ўтказиш учун шароит яратиш назарда тутилмоқда.

Айни пайтда Ғилон ва Кўлда қадимдан сақланиб қолган анъанавий чорвачилик, полизчилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи деҳқонлар фаолияти ҳам сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши табиий. Шу боис яқин кунлардан бошлаб Шаҳрисабз туманидаги бу қишлоқларда этнотуризмнинг мазкур жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, боғ, токзор ва томорқаларни ўзига хос туристик объектларга айлантириш учун барча зарур ишлар бажарилади.

Ҳисор тоғлари бағридаги олис манзиллар ва атрофидаги табиат қўйнига саёҳатлар уюштириш, у ерда трекинг-туризм (пиёда сайр қилиш)ни ривожлантириш учун, албатта, ушбу қишлоқлар ва ёнидаги қадамжоларга олиб борадиган йўлларни обдон таъмирлаш, уларнинг ҳолатини яхшилаш ва ҳар қандай об-ҳаво шароитларида ҳам пиёда сайр қилиш учун қулайлигини таъминлаш керак. Бунинг учун ҳукумат қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига тегишли бандлар киритилган бўлиб, қишлоқларда тунги ёритиш тизимини ҳам такомиллаштириш, қолаверса, тунги сайр учун шароит яратиш белгиланган.

ВАРГАНЗАДА АНОР ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛАДИ

Йўлларни таъмирлаш, оилавий меҳмон уйлари ва намунавий типдаги санитария-гигиена шохобчаларини ташкил қилиш, қишлоқлар тарихи, анъаналари ва урф-одатлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлган гид-экскурсоводларни тайёрлаш ва яна бир қатор муҳим ишлар режага киритилган барча ҳудудлар, хусусан, Варганза ва Ҳазрати Баширда ҳам амалга оширилади.

Шу билан бирга, Китоб туманида агротуризмни ривожлантиришга қаратилган дастур доирасида Варганзада халқаро миқёсдаги йирик тадбир - анор фестивалини ўтказишга алоҳида урғу берилиб, бунинг учун жорий йилнинг июнь ойига қадар мазкур ҳудуддаги анорчиликка ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликларида дала шийпонлари ва дегустация (мева ва шарбатларни татиб кўриш) хоналарини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Бунга уйғун равишда Варганзанинг анори, уни етиштириш ва сақлаш технологияси, бу маҳсулотнинг фойдали хусусиятлари ва жаҳон бозоридаги нуфузи ҳақида қизиқарли фото ва видео материаллар тайёрланиб, потенциал иштирокчиларга етказилади.

Режага кўра, Варганза қишлоғида анор фестивали шу йил октябрь ойида ўтказилади. Тадбирнинг ҳақиқатан ҳам кенг миқёсда ва юқори савияда ташкил этилиши, кейинчалик эса анъанавий тус олиши учун реклама- тарғибот ишларига зўр берилади. Бунда ижтимоий тармоқлар ва туризмга бағишланган миллий ва халқаро интернет-порталлардан кенг фойдаланиш мўлжалланмоқда.

ЗАРМАС ВА ВОРИ ЯҚИНИДА ЭТНОҚИШЛОҚ ПАЙДО БЎЛАДИ

Баланд шаршаралари, муқаддас чашмалари ва чуқур ғорлари билан бутун дунёга маълуму машҳур бўлган Татар, Зармас ва Вори қишлоқларида, табиийки, экстремал, экологик ва тарихий туризм, шунингдек, спелеотуризм (ғорларга саёҳат)ни ривожлантириш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, ҳукумат қарори билан тасдиқланган режага Татар қишлоғида 5 та меҳмон уйи, 5 та кемпинг ва 10 та ўтов қуриш билан боғлиқ чора-тадбирлар киритилган. Шунингдек, Амир Темур ғори атрофида спелеотуристик саёҳатга махсус тайёргарлик кўриш пункти ҳамда дам олиш масканларини барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу йўналиш бўйича амалга ошириладиган энг йирик лойиҳа эса Зармас ва Вори яқинида ўзига хос этноқишлоқ - Соҳибқирон жангчиларининг ҳарбий тайёргарлик лагерини ташкил этишдан иборатдир.

Сарчашма ва Сувтушар қишлоқларида экологик туризмни тараққий эттириш учун ҳам сайёҳларга зарур шароитлар яратиш, шу жумладан, меҳмон уйлари, кемпинглар ва ўтовлар қуриш режалаштирилган.

Қашқадарёда сайёҳлик соҳасининг яна бир йўналиши - астрономик туризмни кенг йўлга қўйиш мақсадида воҳамиздаги энг ноёб объектлардан бири бўлмиш Китоб кенглик станциясида юлдузлар томошаси хизмати жорий этилади. Шу мақсадда станция иншоотлари ҳолати яхшиланиб, қўшимча телескоплар харид қилинади. Бундан ташқари у ерда кичик музей ва дўкон очилиб, астрономия фани ва расадхоналар фаолиятига доир турли нашрлар, "39o08' кенгликда юлдузлар билан сайр" бренди остида Майданак обсерваторияси ва Китоб кенглик станциясининг номлари туширилган ҳунармандчилик, заргарлик ва тўқимачилик маҳсулотлари савдоси уюштирилади.

"ФЕСТИВАЛЛАР ШАҲРИ" БРЕНДИ ОСТИДА

Шаҳрисабзда "Фестиваллар шаҳри" бренди остида MICE-туризмнинг ривожи билан боғлиқ чора-тадбирларни шарҳлашдан олдин сайёҳлик соҳасининг мазкур тармоғи қайси йўналишлардан иборатлигига аниқлик киритсак. Маълумотларга кўра, MICE атамаси ишбилармонлик туризмига доир сўзларнинг бош ҳарфларидан ташкил топган: Meetings - ишбилармонлар учрашувлари, Incentives - ходимлар, мижозлар ва ҳамкорлар учун рағбатлантирувчи саёҳатлар, Conferences - конференцияларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш, Exhibitions - халқаро кўргазмаларда катнашиш.

Шундай экан, мазкур йўналиш доирасида кўҳна Кешда Наврўз байрамида Халқаро миллий либослар, майда эса "Шаҳрисабз - ҳунармандлар маскани" фестиваллари, ёз ойларида Амир Темур ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи "Зафарли юриш" номли театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда "Кешлик алломаларнинг ислом маданияти ва илм-фан ривожидаги ўрни" мавзусида илмий-амалий конференция, кузда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун кураш бўйича Амир Темур халқаро хотира турнири ўтказилади. Шунингдек, йил давомида Шаҳрисабз ва унинг атрофидаги қишлоқларда хорижий кинофильмлар кунлари, сайёҳлар учун кўпкари ўйинлари, бошқа тадбирлар ташкил этилади. Июнь ойида эса "Ҳисор тоғлари" экофестивали доирасида фольклор ансамбллар ва бахшилар чиқишлари, халқ ўйинлари ва миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, ҳудуднинг ўзига хос таомлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари бўлиб ўтади.

Дарвоқе, ҳукумат қарорининг талабига мувофиқ Шаҳрисабзда йил давомида ташкил этиладиган оммавий ва маданий-кўнгилочар тадбирларнинг тўлиқ рўйхати вилоят ҳокимлиги томонидан Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда шакллантирилиб, белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.

"PIT STOP M-39" ЛОЙИҲАСИГА 20 МИЛЛИАРД СЎМ САРФЛАНАДИ

Қарорга биноан вилоят ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой ичида яна битта рўйхат - Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган қўшимча инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириши ва тегишли мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этиши даркор.

Шунингдек, бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан тегишли ташкилотларга вилоятимиз туманларининг туризм салоҳияти ҳақида учта тилда видеороликлар ҳамда "Қашқадарё таомлари" қисқа метражли фильмини тасвирга олиш, журналистлар учун воҳамизга инфотурлар уюштириш тавсия этилган.

Ҳукумат қарорининг яна бир бандида воҳамизнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга қаратилган йирик "PIT STOP M-39" лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра, хорижий ва маҳаллий туристларга замонавий хизмат турларини кўрсатувчи автошоҳбекатни ташкил қилиш мақсадида "Шаҳрисабз автошоҳбекат" давлат унитар корхонасининг бино ва иншоотларини "Abdizafar Hamkor" масъулияти чекланган жамиятига инвестиция мажбуриятлари эвазига "ноль" қийматда сотиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди. Қайд этилишича, мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун сармоядор 20 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиб, масканда жадвал асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари, шу жумладан, туристик тоифага мансуб автобусларни қабул қилиш имкониятини яратиш ҳамда 60 дан кам бўлмаган янги иш ўринларини ташкил қилиш мажбуриятини олган.

Қарорда, шунингдек, Қашқадарёнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар белгиланган экан, уларнинг тўлақонли бажарилиши, шубҳасиз, вилоятга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонининг кескин кўпайиши ҳамда туризм ва умуман сервис соҳасида меҳнат қилаётган аҳоли даромадларининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo