Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, умумтаълим мактаби ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг барча босқичларида 130 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар қатнашди. Улар орасидан энг сара жамоалар финалга йўлланма олишган эди.
Финал учрашувида Косон туманидаги 57-мактаб ва Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 162-мактаб жамоалари беллашишди. Ғолиблик пойтахт жамоасига насиб этди ва улар кубок, олтин медаллар ҳамда PlayStation 4 ўйин мосламалари билан тақдирланишди. 2-ўринни эгаллаган Қашқадарё жамоаси футболчиларига кумуш медал ва велосипедлар совға қилинди.
Бронза медали соҳиблари Наманган ва Навоий вилоятлари вакилларига планшет ва спорт экипировкалари топширилди.
- Ёшлигимдан футболга қизиқаман, - дейди вилоятимиз жамоаси аъзоси Равшан Хайруллаев. - Бу қизиқишимни мураббийлар ёрдамида маҳоратга айлантиришга ҳаракат қилаяпман. Мусобақада "Энг яхши футболчи" номинациясида ғолиб бўлишимда биринчи навбатда устозларимдан ўрганганларим ёрдам берди.
СОЖИДА