Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

18.07.2023


ҚАШҚАДАРЁЛИК ҲОЖИЛАРНИНГ 245 НАФАРИ ҚАРШИГА ЕТИБ КЕЛДИ

Шукроналик

Саудия Арабистонига муқаддас Ҳаж зиёратига борган қашқадарёликларнинг дастлабки гуруҳи - 245 нафар зиёратчи бугун эрталаб соат 7:15 да Қарши халқаро аэропортига етиб келди.

Зиёратчиларни вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакиллиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари кутиб олишди.

- Жорий йилда вилоятимиздан 792  нафар фуқаро ислом динининг улуғ арконларидан бири - Ҳаж ибодатларини бажариш учун Саудия Арабистонида бўлдилар, - деди Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари Муҳаммади Қораев. - Зиёратчиларимиз муқаддас масканда дуолар қабул бўладиган сонияларда эл-юртимиз равнақи бардавом бўлишини, жонажон диёримизни тинчлиги йўлида хизмат қилаётганлар ва ушбу шароитларни яратишда хизмат қилганларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилишди.

- Бир неча йиллардан буён Ҳаж зиёратига боришни орзу қилардим, бу йил ниятим ижобат бўлди ва турмуш ўртоғим билан бирга ҳаж ибодатини амалга ошириб қайтдик, - дейди Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласида яшовчи Эрмат ҳожи Назаров. - У ерда ўзбекистонлик ҳожилар учун яратилган шарт-шароитларни олий даражада дея баҳоласам муболаға бўлмайди. Ҳаж ибодатларини амалга оширар эканмиз, аввало Ватанимизда тинчлик, фаровонлик боқий бўлишини тиладик. Биз учун мана шундай шарт-шароитлар яратиб берилганлиги учун Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.

Кечки пайт яна иккита авиарейсда ҳожиларимиз кутиб олинади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo