Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

10.03.2022


Қашқадарёлик санъаткорлар - Туркиядаги театр фестивалида

Ҳамкорлик

Шу кунларда Қашқадарё театрларининг ижодий жамоалари аъзолари Туркияда ўтказилаётган халқаро фестивалда ўз спектаклларини намойиш этишмоқда.

Маълумотларга кўра, 7-12 март кунлари Туркиянинг Баликесир вилояти Алтиэйлюл ҳудудида халқаро Tulutabak театр фестивали бўлиб ўтаяпти. Унда Туркия Республикасининг Диярбакир, Шанлиурфа, Измир, Бурса вилоятлари ва бошқа ҳудудларида фаолият кўрсатаётган театр жамоалари билан бир қаторда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Доғистон (Россия Федерацияси)дан ташриф буюрган санъаткорлар ҳам қатнашмоқда. Фестиваль доирасида бир йўла иккита йўналиш - болалар ва катта ёшли мухлислар учун мўлжалланган спектакллар ўртасида алоҳида танловлар ташкил қилинган.

Кеча Алтиэйлюлдаги "Hasan Can" маданият марказида  Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида турк режиссёри Кубилай Эрдиликара томонидан рус ёзувчиси Николай Васильевич Гоголнинг асари асосида саҳналаштирилган "Тентакнинг ёзмалари" спектакли намойиши бўлиб ўтди. 2021 йил октябрь ойида Истанбул шаҳридаги III халқаро Малтепа театрлар фестивалида "Энг яхши спектакль" деб топилиб, олий ўринга муносиб кўрилган мазкур саҳна асари бу гал ҳам гулдурос олқишларга сазовор бўлди.

Эртага, 11 мартда эса фестивалда Қашқадарёнинг яна бир жамоаси - вилоят қўғирчоқ театри вакиллари ўз ижод маҳсули, "Ким кимни топди ёхуд Ҳангомада ҳангома" спектаклини (асар муаллифи - Каромат Дилмонов) кўрсатади. Қарши шаҳридаги премьераси 2021 йил август ойида бўлиб ўтган бу спектаклнинг  режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Ходжаев, рассоми эса Мирзоҳид Маматовдир. Ўзбекона миллий руҳ ва чапани донишлик сингдирилган, 6-12 ёш оралиғидаги болалар учун мўлжалланган бу саҳна асарини кун давомида икки марта - ҳайъат аъзолари ва ёш мухлисларга намойиш этиш мўлжалланмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, икки ижодий жамоа вакиллари (30 киши)нинг Туркиядаги    халқаро фестивалда иштирок этиши билан боғлиқ сафар харажатлари учун зарур маблағ (222 миллион сўм) вилоят ҳокими қарорига биноан вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратилган.

Дарвоқе, 27 март - Халқаро театр куни муносабати билан юртимизда ўтказиладиган театр томошалари ҳафталиги доирасида    вилоят мусиқали драма театрида 21-27 март кунлари Абдулла    Ориповнинг "Жаннатга йўл", Нодар Думбадзенинг "HELLADOS",    Узеир Ходжибековнинг "Аршин мол олан", Абдулла Қодирийнинг "Бахтсиз куёв", Николай Гоголнинг "Тентакнинг ёзмалари", Сардор Ҳамроевнинг "Ёнимиздаги фаришталар", Ўткир Ҳошимовнинг "Тўйлар муборак" асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар бепул намойиш этилади.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo