Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Қашқадарёлик тадбиркор, фарғоналик ҳунарманд келин ва шуҳрати қайта тикланаётган Шаҳрисабз атлас ва адраслари

Собир НАРЗИЕВ

05.12.2024


Қашқадарёлик тадбиркор, фарғоналик ҳунарманд келин ва шуҳрати қайта тикланаётган Шаҳрисабз атлас ва адраслари

Тарихдан маълумки, Шаҳрисабз азалдан илм-маърифат ва ҳунармандчилик ривожланган ҳудудлардан бири бўлган. Шонли Буюк ипак йўлининг бир тармоғи ҳам айнан шу ердан ўтган. Муайян даврда Кеш номи билан машҳур бўлган бу манзилга дунёнинг турли ҳудудларидан савдогарлар келиб, олди-сотди қилишган. Ана шунда ипак, атлас ва адрас матолари бозори чаққон маҳсулотлардан саналган.

Дастлаб хитойлик ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган ипак матоларга турдош атлас ва адрас тўқиш Фарғона водийси, Самарқанд ва Кешда ўзлаштирилиб, миллий ҳунармандчилигимизнинг нодир дурдонасига айланган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида эса маҳсулот улкан заводларда йирик ускуналар ёрдамида катта ҳажмда ишлаб чиқарила бошланди. Бу эса қўл меҳнати билан тўқилган матоларга бўлган талаб бир муддат камайишига олиб келди. Кейинчалик атлас ва адраснинг шуҳрати бироз сўнгандай бўлди. Ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам  кескин камайди. Мустақиллик йилларида марғилонлик уста-ҳунармандларнинг саъй-ҳаракатлари билан ноёб матога айланиб улгурган атлас ва адрасни қўл дастгоҳлари ёрдамида ишлаб чиқариш давом этди. Яқинда эса Шаҳрисабз шаҳрида ҳам ушбу тарихий анъана қайта тикланиб, мўъжаз дастгоҳларда нақшинкор миллий матоларимиз тўқила бошланди.

Нодир Маннонов шаҳрисабзлик ҳунармандлар сулосасининг учинчи авлоди. Амакилари ёғоч ўймакорлик билан, тоғалари эса заргарлик билан шуғулланади. У шунинг учунми, болалигидан заргарлик сирларини пухта ўзлаштирди. Маълумки, бу ҳунар тури  ҳам устадан нозик дид, маҳорат ва ижодкорликни талаб қилади. Яъни ўзига яраша машаққатлари бор. Буни яхши англаган Нодир Манноновнинг қўлида тарихий шакл-шамойилларга асосланган миллий заргарлик буюмлари янгича жозиба топди. Кейинчалик эса ҳунарманд тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Бу эса унга ҳунармандчилик йўналишидаги янги қутбларни очди, десак муболаға бўлмайди.

- 14 йил олдин Марғилондан атлас ва адрас олиб келиб, Шаҳрисабзда сотишни йўлга қўйдик, - дейди Нодир Маннонов. - Дастлаб қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юриб сотдик. Шунда билдимки, бизда мазкур миллий матоларимизга қизиқиш катта. Шу аснода фақат олди-сотди эмас, ўзим атлас ва адрас ишлаб чиқаришни йўлга қўйсамчи, деган ўйлар келарди хаёлимга. Бунинг учун режалар тузар, ҳисоб-китобини эринмасдан таҳлил қилар эдим.

"Хўш, ишлаб чиқарсам, ишчи кучи етарли бўладими? Шаҳрисабзда атлас ва адрас тўқишга уқувли уста-ҳунармандларни топиш мушкул эмасми? Ўқитсак, уларга ўргатсак қанча вақт кетади? Қизиқувчиларни топа оламизми?" Ана шу каби саволлар менга тинчлик бермас эди. Марғилонга тез-тез борадиган, маҳаллий уста-ҳунармандлар билан обдан маслаҳатлашадиган бўлдим. Ўша ердан устоз топдим ва, ниҳоят, бир йил аввал ғайрат қилиб, атлас ва адрас ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Толеини ҳунарида деб билган Нодир Манноновнинг тақдири, бахти ҳам шу билан боғлиқ бўлди. У фарғоналик ҳунарманд қиз Маҳлиё Маннонова билан турмуш қурди. Болалигидан ҳунармандларнинг ичида улғайган водийлик келин ҳам турмуш ўртоғининг саъй-ҳаракатлари натижа беришида унга елкадош бўлди. Энди кўп йиллик орзу-мақсадлар бирма-бир амалга ошмоқда.

Ёш оила мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, 2021 йилда "Шаҳрисабз ҳунармандлар кластери" МЧЖга асос солди. Таъсисчи - Нодир Маннонов, директор эса Маҳлиё Маннонова.

- Айни вақтда ҳунармандчиликнинг олти йўналишига оид 50 турдан зиёд   буюмлар ишлаб чиқараяпмиз, - дейди Маҳлиё Маннонова. - Айниқса, ипак гилам, аъло бахмал, ироқи кашталар тўқиш, заргарлик буюмлари ясаш, миллий либослар тикишни кенг йўлга қўйганмиз. Шу йилдан эса қўл меҳнати ёрдамида атлас ва адрас ишлаб чиқаришни ҳам бошладик, 50 дона тўқув ускунаси ўрнатганмиз.

Ҳозир тўлиқ автоматлаштирилган жиҳозларда тайёрланаётган атлас ва адрас матолари ҳам учрайди. Қўл меҳнати деярли талаб этилмаслиги ҳисобига нархи ҳам арзонроқ. Сифатини эса оддий кўз билан фарқлаш қийин.

- Ипакдан мато тўқиш, унга нақш ва шакллар солиш  жуда нозик иш, - дейди ҳунарманд келин. - Агар атлас ва адрасни ўша компьютерлаштирилган ускуналар қўл меҳнати билан тўқилганига нисбатан яхшироқ ишлаб чиқара олганида эди ҳунармандлар аллақачон бундай матолар устида ишлашдан совиб кетган бўларди. Ҳозир ҳар бир ускунада кунига 20 метрдан атлас ва адрас тайёрлаяпмиз. Бозорда матоларимизга талаб яхши.

Айни пайтда атлас ва адрас тўқиш учун ҳунармандларга керакли хомашёлар Шаҳрисабзга Марғилон шаҳри ва Туркиядан олиб келинмоқда экан. Ҳунармандчиликнинг  ўзлаштирилган янги йўналиши ортидан ушбу субъектда яратилган доимий иш ўринлари сони 38 тага етди, яна касаначилик асосида 200 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, тажрибали ҳунармандлар жалб этилиб, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилгани ҳам аҳамиятли.

- Миллий ҳунармандчилик, хусусан атлас ва адрас ишлаб чиқариш Шаҳрисабз учун янгилик эмас, аслида, - дейди Нодир Маннонов. - XIX асрнинг охирларига қадар шаҳримизда бу соҳа гуллаб-яшнаган. Минглаб ҳунармандлар бўлган. Айниқса, олача адрас тўқиш оммалашган. Биз ҳам аждодларимизга муносиб авлод бўлиш мақсадида шаҳримизнинг ҳунармандчилик салоҳиятини қайта тиклашга, Шаҳрисабз атлас ва адрас матоларини янада оммалаштиришга бел боғладик. Бу йўлда эса изланишдан тўхтамаймиз.

Дарвоқе, мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида Мамлакатимиз Президентининг фармони билан   Маҳлиё Маннонова "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу эътироф ҳунармандлар оиласини янги изланишлар ва ютуқлар сари чорлаётгани ҳам бор гап.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo