Долзарб статистика
2024 йил якунига кўра, Қашқадарёга хориждан импорт қилинган маҳсулотларнинг энг катта қисми Хитой Халқ Республикасидан келтирилган, воҳамиз экспортида эса энг салмоқли ҳисса Америка Қўшма Штатларига тўғри келмоқда.
Вилоят статистика бошқармаси томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотларга қараганда, ўтган йил давомида қашқадарёлик ишбилармонлар жаҳоннинг 84 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширишган, натижада вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажми 1 миллиард 146,9 миллион доллар (2023 йилга нисбатан ўсиш суръати - 155,5 фоиз)ни ташкил этган.
Эътиборлиси, ушбу кўрсаткичнинг бир йилда қарийб 410 миллион долларга ортиши вилоятимизда бир йўла ҳам импорт, ҳам экспорт ҳажмларининг сезиларли даражада кўпайиши ҳисобидан таъминланган. Хусусан, импорт ҳажми 2023 йилги тегишли рақам (310 миллион доллар) билан таққослаганда 2 баравар ошган ва 632,8 миллион долларга етган. Экспорт ҳажмининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръати 120,2 фоизга тенг бўлиб, 514,1 миллион долларгача кўтарилган. Ташқи савдо баланси сальдоси манфий бўлиб, – 118,7 миллион доллардан иборат.
Вилоятимиз ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга давлатлар - бу Хитой (23,7 фоиз), Туркия (20,5 фоиз), АҚШ (10,3 фоиз), Россия (9,1 фоиз), Покистон (3,6 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (3,4 фоиз) ва Германия (3,2 фоиз). Хусусан, воҳамизнинг импорт борасидаги энг катта ҳамкори 2023 йилдагидек Хитой Халқ Республикаси бўлиб қолмоқда. Осмоности мамлакати компаниялари 2024 йилда вилоятимизга 248,6 миллион долларлик маҳсулотлар етказиб беришган ва Хитойнинг вилоятимиз жами импортидаги улуши 39,3 фоизни ташкил этган. Вилоятимизга ўтган йилда энг кўп товар ва технологиялар сотган давлатлар бешлигидан, шунингдек, Туркия (импорт ҳажми - 168,8 миллион доллар, улуши - 26,7 фоиз), Нидерландия (36,7 миллион доллар; 5,8 фоиз), Германия (36,6 миллион доллар; 5,8 фоиз) ва Япония (35,5 миллион доллар; 5,6 фоиз) ҳам ўрин олган. Мутахассислар буни вилоятимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, шу жумладан, Нишон туманида қуввати 400 мегаваттга тенг газ-поршенли электр станцияси ҳамда Талимаржон ИЭСнинг навбатдаги иккита янги блоки қурилиши доирасида кўплаб асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилиши билан боғлашмоқда. Одатда Қашқадарёга импорт ҳажми бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келган Россия Федерацияси эса 2024 йил якунига кўра бу борада кучли бешликка кира олмади ва 22,6 миллион доллар ҳамда 3,6 фоизлик кўрсаткичлар билан олтинчи ўринда қолиб кетди.
Қашқадарё маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинган мамлакат сифатида эса 2024 йил якуни бўйича илк бор Америка Қўшма Штатлари эътироф этилмоқда. Ваҳоланки, яқин-яқингача вилоятимиздан АҚШга сотиладиган товарлар ҳажми бир йилда 100 миллион доллар тугул, балки 100 минг долларга ҳам етмас эди. 2023 йилда вазият тубдан ўзгариб, АҚШ компаниялари воҳамиздан харид қилган маҳсулотлар ҳажми 23,5 миллион доллар (яъни Қашқадарё жами экспортининг 5,5 фоизи)ни ташкил этди. Соҳа вакиллари бу кескин ўсиш АҚШнинг "Air Products" компанияси ҳамда мамлакатимиз ҳукумати ва "Ўзбекнефтегаз" акциядорлик жамияти ўртасида тузилган келишувнинг самараси экани, зеро, унга кўра "Uzbekistan GTL" заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хорижга ва хусусан АҚШга ҳам сотилиши кўпайганини таъкидлашмоқда. Кўп жиҳатдан айнан шу омил туфайли ўтган йили вилоятимиздан АҚШга экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 113,6 миллион доллар, мазкур мамлакатнинг вилоятимиз жами экспортидаги улуши эса 22,1 фоизга етди.
Айни пайтда Қашқадарёнинг экспорт бўйича ўтган йилги энг йирик ҳамкорлари рўйхатидан Россия Федерацияси (81,3 миллион доллар; 15,8 фоиз), Туркия (66,3 миллион доллар; 12,9 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (37,2 миллион доллар; 7,2 фоиз), Покистон (35,9 миллион доллар; 7 фоиз), Афғонистон (25,2 миллион доллар, 4,9 фоиз) ва Хитой (22,8 миллион доллар; 4,4 фоиз) каби мамлакатлар ҳам жой эгаллаган.
Воҳамизнинг ўтган йилги импорти ва экспорти таркибига назар ташлайдиган бўлсак, вилоятимизга хориждан кўпроқ машиналар ва транспорт воситалари (жами импортнинг 80 фоизидан ортиқ), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш материаллар (9,9 фоиз), саноат товарлари (3,2 фоиз) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (2,5 фоиз) олиб келинган. Чет элга эса асосан тўқимачилик маҳсулотларидан иборат саноат товарлари (жами экспортнинг 49 фоизи), минерал ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш материаллар (33,6 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (13,9 фоиз) сотилган, жумладан, жаҳоннинг 15 дан ортиқ мамлакатига 111 минг тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари етказиб берилган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.
