Қарши шаҳрилик пара спортчи Асила Мирзаёрова Парижда ўтказилаётган XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг узунликка сакраш бўйича беллашувларида икки марта мусобақа рекордини янгилаб, олтин медалга сазовор бўлди.
2021 йилда Токиодаги Паралимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган воҳадошимиз Францияда бундан-да юқори натижага эришди. Узунликка сакраш мусобақасида у биринчи уринишдаёқ 28 йилдан буён амалда бўлган Паралимпия рекорди (5 метр 7 сантиметр)ни 15 сантиметрга яхшилаб, фақат олтин медаль учун ҳаракат қилаётганини намойиш этди. Бешинчи уринишда эса Асила 5 метр 24 сантиметрга сакраб, ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилади ва иккинчи ўринни эгаллаган хитойлик пара спортчини 33 сантиметрга ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.