Қарши сержантлар тайёрлаш мактабида ташкил этилган тантанали ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳозир бўлишди.
Унда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида профессионал асосдаги миллий армиямиз шакллангани, Қуролли Кучларимиз Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимиз тинч-осойишта ҳаётининг ишончли кафолатига айланганини алоҳида қайд этишди.
- Бугун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири, - дейди Сержантлар тайёрлаш мактабида муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган оддий аскар Худоёрхон Бакиров. - Ҳарбий қасамёд қабул қилиш катта шараф, айни пайтда улкан масъулиятдир. Аҳдимда қатъий туриб, жонажон юртимизга сидқидилдан хизмат қиламан, ўзимга билдирилган ишончни албатта оқлайман.
Тадбирда Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби курсантлари томонидан қўл жанги спорт тури элементлари акс эттирилган кўргазмали чиқиш қилинди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.