Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

08.12.2018


АСЛИ ҲАЁТ ҲИСОБ-КИТОБДАН ИБОРАТ...

Сардор ёшлигидан ҳисоб-китобга қизиқади. Мактабда, коллежда ўқиган кезларида севимли фани математикага ҳаваси янада ортди. У мураккаб мисол ва масалалар ечишдан қўрқмайди, балки мароқ билан завқланиб ишлайди. Сардор аслида ҳаётнинг ўзи ҳисоб-китобдан иборат, деб билади. Шу боис ҳар бир кунини, дақиқасини режали тақсимлайди.

Одатда математика фанидаги қийин мисоллар, бошқотирма ва мураккаб сонлар кўпчиликка ёқавермайди. Аслида аниқ фанларни ўрганиш доимо машаққатли ҳисобланган ва бу жараён одамдан кучли сабр-тоқат, ирода талаб қилишини биламиз. Қарши давлат университети талабаси Сардор   Саидов эса уни қандай қилиб мураккабликдан завқли машғулотга айлантириш йўлини яхши билади.

Устозларининг "Ҳеч ким математик бўлиб туғилмаган ва ҳаммага математикани ўргатса бўлади", деган гаплари уни олдинга ундайверади. Бу ундовлар Сардорни республика ва халқаро миқёсдаги турли олимпиадалар ва кўрик-танловларга етаклади.

Ҳар йили кузда анъанавий тарзда Новосибирск давлат университетида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган халқаро очиқ олимпиадада Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан 260 йигит-қиз ўз билимини онлайн тарзда синовдан ўтказди. Олимпиадада Сардор Саидов кумуш, университетнинг яна бир иқтидорли талабаси    Навбаҳор Нуралиева бронза медалга сазовор бўлди. Юқори босқич талабалари ўртасидаги жамоавий баҳсларда университет жамоаси бронза медалга лойиқ кўрилди.

Сардор Xoразмда бўлиб ўтган Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадада ҳам фаол иштирок этди. Хорижлик тенгдошлари, устозларидан билмаганларини ўрганди. Улар билан дўстона алоқа ўрнатиб, ҳамкорликни йўлга қўйди. 

Сардор Саидов эришаётган барча ютуқларини Бош қомусимизда белгилаб берилган кафолатлар билан боғлайди.

- Тенгдошларим қатори менинг ҳаётимда ҳам Конституциянинг ўрни катта, - дейди талаба. - Билим олиш, спорт билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганиш, ишлаш, дам олиш ва даволаниш, чет элларга чиқиш имкониятларига эгаман. Илмий ва техникавий ижод эркинлигининг кафолатланиши - шахсан мен учун жуда катта имконият. Мустақил юрт фарзанди сифатида орзуларимга етишиш йўлидаги барча эшиклар мен учун очиқ эканини биламан ва бундан ғурурланаман.

С.АЛЛАЁРОВА

Report typo