Ишлаб чиқариш
Ёғ-мой маҳсулотларига ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам доимий эҳтиёж мавжуд. Шунга монанд, бу маҳсулотни ишлаб чиқариш мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида ҳам катта салмоққа эга.
Аҳамиятли жиҳати, авваллари бу фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг асосий қисми давлат тасарруфида ёки таркибида давлат улуши юқори бўлган корхоналар қошида ишлаган бўлса, бугун соҳада хусусий сектор улуши ортиб бормоқда.
Деҳқонобод туманидаги "Истиқлол" хусусий корхонаси ҳам тўрт йил аввал пахта чигити, махсар, кунжут ва зиғир каби маҳсулотлардан сифатли истеъмол ёғи олиш имконини берувчи замонавий технологияни харид қилиб, ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган эди. Дастлаб тайёрланган маҳсулот ички бозорга етказиб берилган бўлса, бугунги кунда унинг асосий қисми қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
- Кунига 40 тонна хом ашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш имконимиз бор, - дейди корхона мутахассиси Фахриддин Шаропов. - Ҳозир кўпроқ пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотнинг сифати ва экологик тозалиги алоҳида назоратда. Яъни хом ашё келтирилиши биланоқ биринчи навбатда лабораториямизда текширувдан ўтказилиб, сўнг тарозида тортилади ва махсус сақлаш омборларига юборилади. Ишларнинг асосий қисми автоматик равишда, компьютерлаштирилган тизимда амалга оширилади. Хом ашёни саралашдан тортиб, маҳсулотни қадоқлашгача бўлган барча жараёнлар қамраб олинган.
Таъкидлаш жоизки, бу каби корхоналарнинг фаолияти нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ушбу фаолият ортидан ҳудудда яшовчи 25 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.