Маълумки, бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш ва уларни ҳаётдан рози қилиш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги энг устувор вазифага айланди. Шунга мувофиқ, ташкил этилаётган сайёр қабулларда одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар тингланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Чироқчи тумани аҳолиси ҳокимият ва бошқарув органлари вакилларидан асосан уй-жой, ер, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, тадбиркорлик, кредит олиш каби масалаларда ёрдам сўради. Шу билан бир қаторда, шахсий ва умум манфаатига хизмат қиладиган қатор мурожаатлар ҳам тингланди.
- Маҳалламиз ҳудудидаги дренаж тармоғи анча йилдан буён эътиборсиз қолиб, кўмилиб кетган, - дейди Кишмиштепа маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Жўраев. - Шу боис ёғингарчилик кунлари йўлларимизда сув тўпланиб, юришга жуда қийналаяпмиз. Бугунги сайёр қабулда шу ҳақда вилоят ҳокими ўринбосарига айтдим. Мурожаатим қаноатлантирилиб, дренаж туман ободонлаштириш бўлими томонидан таъмирланадиган бўлди.
Сайёр қабул давомида 120 мурожаат қабул қилиниб, 43 таси жойида қаноатлантирилди, 26 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолганларининг кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачаси, таянч воситалари ҳамда бир қанча кишиларга даволаниш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: сайёр қабулдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.