Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

07.12.2023


Асосий қонунимиз қабул қилинган тарихий сана

 

Бугун Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганидан сўнг илк бор ўтказиладиган Конституция куни ҳар доимгидан-да кенг миқёсда ва юқори савияда нишонланмоқда. Буни театр биноси олдидаги майдонда бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ва давлат ташкилотлари томонидан ташкил этилган “Менинг Конституциям – шаъним ва қадрим ҳимоячиси” мавзусидаги кўргазманинг кенг қулоч ёзганидан ҳам англаш мумкин эди. Вилоят адлия, ички ишлар, божхона, мудофаа ишлари, олий таълим, фан ва инновациялар, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, оила ва хотин-қизлар бошқармалари ҳамда бошқа идораларнинг кўргазмали  стендларида Конституциянинг тегишли моддалари келтирилиб, мазкур орган ва ташкилотлар томонидан амалга оширилган асосий ишлар акс эттирилди.

Бу ерда вилоятимизда фуқароларни иш билан таъминлаш, ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва яна кўплаб масалаларга оид кенг ва қизиқарли маълумотларни олиш мумкин эди. Шу билан бирга майдонда ёш рассомлар Конституцияга бағишланган суратлар чизиб, томошабинларга намойиш этишди, истеъдодли мусиқачилар эса импровизацион чиқишлари билан олқишларга сазовор бўлишди.

Байрам кайфияти “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” бош ғояси асосида ташкил этилган тантанали тадбирда ҳам яққол сезилиб турди. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов йиғилганларни ва улар орқали Қашқадарё аҳлини, барча юртдошларимизни Конституция куни билан табриклар экан, янгиланган Асосий қонунимизнинг бир қатор моддаларини батафсил шарҳлади, жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланганини эслатиб ўтди.

- Барчангизга маълум, муҳтарам Президентимиз томонидан 2024 йил Қашқадарёда “Сифатли таълим ва тиббиётни ривожлантириш йили бўлади, деб эълон қилинди, - деди вилоят ҳокими. - Биз қайсики соҳани тараққий эттиришни истар эканмиз, бунинг ечими таълимни ривожлантиришда эканини англаймиз ва бу йўлда барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Вилоят раҳбари Қашқадарёда бугунги кунда нафақат марказлар, балки чекка ҳудудлардаги маҳалла ва қишлоқлар ҳам обод бўлаётгани, жойларда кўп йиллик  муаммолар барҳам топаётгани, мурожаатлар билан ишлаш, халқ билан мулоқот қилиш иши янги босқичга кўтарилаётганини эътироф этиб,  шуларнинг барчаси Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, фуқароларга давлат хизматчилари томонидан адолатли ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш, энг асосийси, жонажон халқимизни рози қилишга қаратилган юксак эътибори  натижаси, дея таъкидлади.

Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт намойиш этилиб, унинг дастуридан Конституция, Ватан ва Қашқадарёни мадҳ этувчи қўшиқ ва композициялар жой эгаллади.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo