Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.08.2017


АСРИЙ ОРЗУЛАРНИНГ БУЮК ТАНТАНАСИ

Ҳар йилгидек, энг улуғ, энг азиз айём - мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ санаси юртимизда кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда нишонланмоқда. Чунки барчамиз яхши англаймизки, истиқлол халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Истиқлол айёмининг бу йил "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилишида ҳам чуқур маъно мужассам. Чунки истиқлол шарофати билан бу муқаддас Ватанда ҳар бир инсон қадр топди, ўзлигини англади, энг муҳими, эртанги кунга ишончи ортди. Ҳар бир юртдошимиз бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ.

Тантанага таклиф этилганлар амфитеатр томон ошиқаркан, бугунги ютуқ ва марраларга қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришганимизни яна бир карра хаёлидан ўтказади. Ҳамма бир-бирини улуғ айём билан муборакбод этади, сиҳат-саломатлик, тинч-осойишта кунлар бардавомлигини тилайди.

Хиёбон бўйлаб ифори таралган гуллар таровати, чироқлар шуъласи атрофга ажиб гўзаллик бахш этган. Рангин байроқчалар майин тебранади. Саҳна безаклари, декорациялар истиқлол ҳаётимиз, орзу-ўйларимиз, онгу шууримиз ва тақдиримизда нечоғлик улкан бурилиш, ўзгариш ва янгиланишлар ҳосил қилганини ўзига хос тарзда ифода этади.

* * *

Байрам чорлови янгради.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев байрам тантанаси иштирокчиларини, барча воҳадошларимизни истиқлолнинг 26 йиллиги билан муборакбод этаркан, мамлакатимизнинг қисқа даврда ўз кучи ва салоҳиятига таянган, сарҳадлари, тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир, изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлашини таъкидлади.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Қашқадарё воҳаси ҳар томонлама ўсди, ривожланди. Биргина ёқилғи-энергетика саноатини оладиган бўлсак, "Муборакнефтгаз", "Шўртаннефтгаз", Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Талимаржон ИЭС каби йирик корхоналар, "Гиссарнефтгаз", "Кўкдумалоқгаз", "Шўртангазмаҳсулот" қўшма корхоналари соҳадаги натижалар салмоғини кўрсатади. Агар дунёда калийли ўғитлар заводи бор-йўғи 10 дан ортиқ бўлса, шунинг биттаси Деҳқонобод туманида жойлашган. 2010 йилда ишга тушган мазкур заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозордан ортиб хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Вилоятда ялпи ички маҳсулотни барқарорлаштириб бориш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, талаб ва таклиф мутаносиблигини йўлга қўйишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунда вилоят тадбиркорлари томонидан мармар ванна ва плиталар, сувли бўёқ (водоэмулция), рангли брусчатка, қуруқ шпаклёвка, микрокальцит, канализация қувурлари, турли ўлчамдаги полиэтилен трубалар, профнастил, пеноблок, пишиқ ғишт ва бошқа бир қанча янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан Қарши   шаҳридаги Мустақиллик майдонида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳайкали, ихтисослаштирилган эндокринология ва кардиология маркази бинолари, юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши, Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчасида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, "Баркамол авлод" маркази биноси олдидаги майдонда Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали, Қашқадарё соҳилида "Эл-юрт таянчи" монументини ўрнатиш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишлари якунига етказилмоқда.

- Жамоамиз билан Биринчи Президентимиз ҳайкали ўрнатиладиган майдонда қурилиш, ободонлаштириш ишларини бажараётганимиз, тарихий ишларга дахлдорлигимиздан мамнунмиз, - дейди "Трест 12" МЧЖ 2-МКБ иш юритувчиси Алибек Ҳожиаҳмедов. - Бу майдон келгусида вилоятнинг энг диққатга сазовор жойига айланади. Мазкур мажмуа бугун кенг тантана қилаётганимиз - мустақиллик айёмини 26 йил аввал юксак минбардан туриб эълон қилган Буюк Йўлбошчига воҳа аҳлининг юксак ҳурмат ва эҳтиромини кўрсатиб туради.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, истиқлол даврининг муҳим қурилиши - намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. 2009-2016 йилларда қишлоқ жойларидаги 98 та массивда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги 7 минг 578 та барча қулайликларга эга уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда ҳам 13 туманнинг 32 массивида 1 минг 923 уй-жой қурилиши давом эттирилиб, улар кичик шаҳарча қиёфасини касб этаётир. Байрам арафасида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 936 та  арзон уй-жой ўз соҳибларига топширилди. Вилоятда кейинги 5 йилда қиймати 97,5 миллиард сўмлик   ташқи ичимлик суви тармоқлари қурилишини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

- Бизнинг даврларда бир амаллаб кун кечириларди, - дейди меҳнат фахрийси, куни кеча Президентимиз фармонига мувофиқ "Дўстлик" ордени билан тақдирланган Боқи Иргашев. - Мана, истиқлолнинг неъматларини кўринг. Одамнинг тушига кирмайдиган янгиликлар рўй бераяпти. Бизнинг Шаҳрисабзни олинг. Шаҳар чиндан ҳам воҳанинг зумрад-гавҳарига айланди. Қисқа даврда қилинган ишлар  ақлни шошириб қўяди. Буларнинг бари истиқлол шарофатидан.

Қайд этиш жоиз, вилоятнинг йирик туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 12 тарихий-маданий объектларни қайта тиклаш ва яхшилаш, туризм инфраструктурасини ривожлантириш, меҳмонхоналар, ресторанлар, сувенирлар дўконларини ташкил қилиш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш чора-тадбирлари кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий асарларини тадқиқ этиш, у зот абадий қўним топган манзилни обод этиш, ақида мактабини барпо этиш ишлари қизғин кечмоқда.

Вилоят инвестиция дастурига асосан 5 йил давомида барча манбалар ҳисобидан 36 триллион 586 миллиард сўмдан зиёд инвестиция жалб этилади. Унинг қарийб 80 фоизи бевосита ишлаб чиқаришни янгилашга йўналтирилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Дарвоқе, аввалги йиллардаги каби байрам вилоятимиз вакиллари учун ҳам яхши хушхабарлар билан бошланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида 22 нафар қашқадарёлик мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун давлатимизнинг нуфузли мукофотларига муносиб деб топилди. Улардан бири - Қарши шаҳридаги "Қарши Лазер" масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Фарҳод Панжиевдир.

-Чарм-пойабзал саноати Ўзбекистон учун энг истиқболли, жадаллик билан ривожланаётган соҳа саналади, - дейди "Шуҳрат" медали соҳиби Фарҳод Панжиев. - Лойиҳа қиймати 13 миллиард сўмлик корхонамизда Хитой технологияси асосида йилига 30 минг дона терини қайта ишлаш имкони мавжуд. Айни пайтда корхонамизда 97 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Шу вақтгача 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ярим тайёр чарм маҳсулотларини Хитой давлатига экспорт қилдик. 2018 йилда ишга туширилиши белгиланган янги лойиҳа доирасида чарм сумкалар, пойабзал каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 200 нафардан зиёд иш ўринлари яратишни режа қилганмиз. Албатта, барча натижаларимиз мустақиллик берган имкониятлар туфайли. Рағбат бўлса, эътибор бўлса, энди фақат ишлаш, ривожланишга ҳисса қўшиш керак.

* * *

Давлатимиз мадҳияси янгради. Байрам аҳли мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлди. Жўшқин садолар остида юрак тўлқинланади, қалб ғурурга тўлади.

Шундан сўнг байрам дастуридан ўрин олган чиқишларга бир-бир навбат берилди. Фольклор жамоалари, спортчилар, болажонлар...

Болакайлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан саҳна шўх-шодон кулгига тўлди. Улар мустақиллик йилларида туғилиб-ўсган, қалби ва онги тоза авлод. Юз-кўзларида қувонч, дилларида олам-олам орзулар. Куй-қўшиқлари ҳам шунга монанд - бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақида.

Юрт осойишталиги учун азиз жонини аямаган мардлар ёд этилган чиқишлар барчани тўлқинлантирди. Ватан, унга содиқлик, қандай буюк юртда умргузаронлик қилаётганимизни яна бир карра ҳис қилишга ундади. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.

Амфитеатрда ҳукмрон байрам  шукуҳи қалбларга кўчди. Энг улуғ, энг азиз айём тантаналари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo