Шунга мувофиқ йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳаракат пайтида телефондан фойдаланмаслик, хавфсизлик камарини тақиш, ўзбошимчалик билан монитордан фойдаланиш ёки дисплей ўрнатиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилган эди. Шубҳасиз, бу ўз самарасини берди ва йўл-транспорт ҳодисаларининг сони камайишига эришилди.
Жаҳон тажрибасидан, масалан, АҚШ, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва Япония қонунчилигидан маълумки, жазо чоралари кучайтирилгач, йўл-транспорт ҳодисалари сони кескин камайиб, йўлларда ҳаракатланиш маданияти ошган.
Ана шу омиллар ҳисобга олиниб, мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидабузарликларининг аксарияти учун ягона жарима миқдори белгиланди, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 15 та моддасидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорлари, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш муддатлари узайтирилди.
Айрим моддалар дифференцияланди, яъни табақалаштирилди. Масалан, кодекснинг 128-моддасига кўра, аввал ҳайдовчи белгиланган ҳаракат тезлигини қанча миқдорда оширишидан, асосийси, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан қатъи назар, бир хил жарима тўларди. Бу эса адолат тамойилларига зид эди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 1283-моддасида тезлик кўрсаткичига қараб, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши ёки соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ёхуд соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши учун алоҳида-алоҳида жарима миқдорлари ва жавобгарлик турларини қўллаш кўрсатиб ўтилди.
Хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам шунга ўхшаш қонун-қоидаларни учратиш мумкин. Финляндияда тезлик меъёридан 20 километрдан ошиб кетса, майда қоидабузарлик ҳисобланиб, бунинг учун 400 маркадан 700 маркагача жарима солинади. Тезлик кўрсаткичи анча баланд бўлса, қоидабузарнинг даромадидан келиб чиқиб, жарима миқдори белгиланади. Айрим ҳолларда эса ҳайдовчилик гувоҳномаси воқеа жойида олиниб, автомашина жарима майдончасига элтиб қўйилади.
Шунингдек, кодекснинг 21-моддасига қонунийлик, одиллик принципларини тўлиқ таъминлаш, суиистеъмолнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судлов тартибида ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ишни кўриб чиқувчи ваколатли органнинг асослантирилган тақдимномасига биноан фақат судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи норма киритилди. Бунда ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги ҳақидаги масалани ҳал этиш учун ишни судга юбориш механизми мустаҳкамланди.
Мисолларга назар ташлайдиган бўлсак, вилоят маъмурий суди, туман ва шаҳар судлари томонидан 2017 йилнинг 1 июнидан 15 июлига қадар транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун 239 шахсга оид маъмурий иш кўриб чиқилган бўлиб, 223 нафар шахсга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 13 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган, 3 нафар шахсга нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 7-бандига биноан иш ҳаракатдан тўхтатилган.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, маъмурий ишларни кўриш жараёнида бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, Косон тумани ички ишлар бўлими томонидан фуқаро Р.Ў.га нисбатан маъмурий баённома тузилган. Ишдаги ҳужжатларга қараганда, мазкур маъмурий иш бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиб, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор 2017 йил 23 май куни чиқарилган, мазкур иш вилоят маъмурий судига 3 июль куни, яъни маъмурий жазо қўллаш муддати 1 ой 10 кун ўтказилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Ишни судда кўриш вақтига келиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида кўрсатилган белгиланган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги муддат тергов органи томонидан ўтказиб юборилган.
Натижада маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддати ўтказиб юборилганлиги муносабати билан ишни юритиш тугатилган. Шунга кўра Косон тумани прокурорига келгусида шунга ўхшаш ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда бу кўринишдаги камчиликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича тегишли ҳаракатларни амалга ошириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилиши зарурлиги юзасидан тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, Косон тумани ички ишлар бўлими томонидан фуқаро Н.Э.га нисбатан маъмурий баённома тузилган, вилоят суд наркология диспансерининг 2017 йил 11 майдаги 988-сонли қарорига асосан Н.Э.нинг мастлик даражаси “енгил ҳолатда” деб кўрсатилган.
Бироқ мазкур диспансернинг шу кундаги 1000-сонли қарорига асосан фуқаро “ҳушёр ҳолатда” дея қайд этилган.
Мазкур ҳолатни бир қанча маъмурий ишларда учратиш мумкинлиги албатта яхши эмас. Бундай ҳолларда фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча чораларини кўриш белгиланган.
Шуни назарда тутиш лозимки, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш транспорт воситасини бошқариш тартибига доир, масалан, белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш, йўл белгиларига риоя қилмаслик, ҳаракатланишнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиш ва шу кабиларда ифодаланади.
Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш эса, белгиланган кўрсатмаларга риоя этмаслик (масалан, ногабарит юкларни ёки йўловчиларни бунга мўлжалланмаган транспорт воситасида ташиш, транспорт воситаси бошқарувини шу воситани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга топшириш ва шу кабилар)да намоён бўлади.
Ҳар биримиз йўл ҳаракати иштирокчисимиз. Шу боис ўз соғлиғимизни муҳофаза этиш учун ҳам йўл қоидаси талабларига риоя қилишимиз керак. Янги қонун-қоидалар эса кимнидир жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш, пировардида инсон ҳаёти, соғлиғини муҳофаза қилиш учун жорий қилинади.
Ибрагим АЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси