Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.02.2018


ҚАТЪИЙ МАҚСАД, ЗАМОНАВИЙ МАҲСУЛОТ, ЯНГИ РЕЖАЛАР

Бу қиз ҳаётининг аввалиёқ синовлар билан бошланди. Айниқса, ўз тенгдошлари бийрон-бийрон сўзлаётган, қўшиқ, шеърлар айтиб баҳслашаётган бир пайтда бу ҳаёт синовининг оғриқлари янада билинарди. Бироқ тиришқоқ, меҳнаткаш, қалби шижоатга, эзгу мақсадларга тўла қаҳрамонимиз ўз иродаси билан ўша кунларни ортда қолдирди. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги борлиги, имконияти чекланганлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Тикувчиликни ўрганишга, моҳир чевар бўлишга астойдил аҳд қилди. Бу йўлда ўқиди, изланди, интилди. Кўп ўтмай у тиккан бежирим либосларга ҳавас билан боқгувчилар, кийим тикиб беришни илтимос қилиб келувчилар сони кўпайди. Энди Лазиза Ҳамидова ҳукуматимиз томонидан ҳунармандларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлардан самарали фойдаланиб, фаолиятини янада кенгайтиришга қарор қилди. Ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлимининг аъзоси бўлди.

- Қизим бугунги бозорни яхши ўрганган ҳолда, ошланган тери ва миллий духоба матоларимиздан миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган янгича дизайндаги бош кийимлар тикиш режасини айтганда, уни имкон борича қўллаб-қувватладик, - дейди Лазиза Ҳамидованинг онаси Лобархон Жабборова. – Шундан сўнг беш нафар шогирдини ёнига чақирди. Уларнинг уч нафари ўз тикув машиналарини ҳам олиб келишди, яна икки нафарига эса замонавий машина сотиб олдик. Уйимизнинг бир хонасини жиҳозлаб, шароит яратиб бердик. Бугун қизим ва шогирдлари ҳамкорликда кунига 50 тагача бош кийим тикишаяпти. Тайёр маҳсулот эса ички бозорга чиқарилаяпти.

Тиккан маҳсулотларининг харидоргирлиги Лазиза Ҳамидовани яна янги марралар сари ундамоқда. У энди банкдан кредит олиб, фаолияти учун зарур бўлган замонавий технологияларни сотиб олиш, қоракўл териларидан ҳам замонавий дизайндаги бош кийимлар тайёрлашни ўзлаштириш, миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш ҳаракатида. Ёнида уни ҳар доим қўллаб-қувватлайдиган яқинлари, оиласи борлиги, жажжи фарзандининг кўзларидаги келажак акси эса бу йўлдаги шижоатига шижоат қўшиб турибди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суртларда: ҳунарманд фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo