"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сонли қарори ижросини доимий таъминлаш мақсадида Республика ҳудудларида ун ва ун маҳсулотларининг чакана савдосини тартибга солиш чоралари тўғрисида йиғилиш ўтказилиб, унда тегишли вазирлик ва идора раҳбарларига қатор топшириқлар белгилаб берилган.
Шунга қарамай, жойларда аҳолининг ун ва ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилаётгани, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан тасдиқланган дислокация ва график бўйича дон корхоналари томонидан ун олиб бориб, жойларда аҳолига сотилиши етарли даражада ташкил этилмаётгани ҳамда назорат сусайтириб юборилгани оқибатида бозорлар, савдо комплекслари ва ҳудудлардаги бир қанча савдо дўконларида мамлакатимиз, хусусан, вилоятимиздаги дон корхоналарида ишлаб чиқарилган ун маҳсулоти қиммат нархларда сотилиши кузатилмоқда.
Жумладан, вилоятимиздаги дон корхоналари томонидан аҳолига тасдиқланган дислокацияга асосан етказиб берилиши лозим бўлган ун маҳсулоти ўз вақтида ва белгиланган миқдорда етказиб берилмаётгани ҳамда "Дунё-М" АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган 50 килограммлик 1 қоп биринчи навли буғдой унининг нархи 125-130 минг сўмдан аҳолига сотилаётгани тўғрисида маълумотлар келиб тушмоқда.
Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ваколатли ташкилот раҳбарлари ҳамда "Ўздонмаҳсулот" АК тизимидаги "Дунё-М" АЖ, "Қашқадарёдонмаҳсулот" АЖ, "Косон дон" АЖ, "Дон халқ ризқи" МЧЖ ва "Қамаши ДҚҚ" МЧЖ иштирокида вилоят прокуратурасида ўтказилган йиғилишда вилоят базаларига тегишли бўлган собиқ ун тарқатиш шохобчалари билан дон корхоналари ўртасида уч томонлама шартнома асосида чакана савдо шохобчаларини қайта ташкил этиш; турғун ва кўчма чакана савдо шохобчалари ташкил этилишида ҳудуд шароити, аҳоли сонидан келиб чиқилиши ҳамда аҳоли истеъмолига узлуксиз етказиб бериш чора-тадбирларини кўриш; қолипли нон ва ун маҳсулотининг нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш топширилди.
Шунингдек, бошқа тегишли мутасадди ташкилотларга ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ажратилган ун маҳсулотининг мақсадли сарфланиши, қолипли нон маҳсулотининг стандарт талабига мувофиқлиги, реализация қилинган қолипли нон ва ун маҳсулотлари учун тушумнинг ҳаққонийлиги, нархларнинг шаклланиши асослилигини ҳамда унга таъсир кўрсатувчи салбий ҳолатларни биргаликда бартараф этиш ва қилинган ишлар юзасидан маълумотлар киритиб бориш вазифаси юклатилди".
ТАҲРИРИЯТДАН: Кўриб турганингиздек, ушбу жавоб хати ун билан боғлиқ муаммо вилоятда бу яқин-орада ҳал этилмаслигини ифодалайди. Чунки мутасаддининг айтганлари қуруқ гап, холос. Йиғилиш Вазирлар Маҳкамасида ўтган, қилинадиган ишлар белгилаб берилган бўлса, яна қайта одам тўплашдан нима маъни? Хўш, шу билан ун нархи арзонлашдими, ё олғир олиб-сотарлар фаолиятига чек қўйилдими? Ҳеч бири бўлмади. Шундай экан, амалда натижа келтирмайдиган мажлис кимга керак? Мақолада ўзимиз айтган гапларни, масалан, ун нархи сунъий равишда оширилгани, асл нархи қанча экани ва ҳоказолар ҳақидаги маълумотларни ўзимизга қайтариб юборишдан не мантиқ?
Ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Орипов бир ўринда муаммога назорат сусайтирилгани сабаб, дебди. Хўш, ким сусайтирган ўша назоратни? Ўзлари эмасми?! Аввал қарашмаган экан, ҳозир нима халал бераяпти уларга мавжуд вазиятни атрофлича ўрганиб, аниқ натижага эришишга? Ун қиммат сотилаётганини билишаркан, нега томошабин бўлиб туришибди?
Муаммони жойига чиқиб ўрганиш ўрнига, ҳамма биладиган тартиб-таомиллар акс этган ва "ун нархи тушармикан", деган умидда турган аҳоли вакиллари асабини "эговлайдиган" навбатдаги жавоб хати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.УМИРЗАКОВ номидан келган. Унда, жумладан, қуйидагиларни ўқиймиз:
"Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш асосий йўналишлардан бири сифатида қабул қилинган.
Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрда қабул қилинган 731-сонли қарори, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусан, уннинг нархини бозор механизмлари асосида белгилаш сари дадил қадам бўлди.
Мазкур қарорга асосан 1 килограмм 1-навли буғдой унини улгуржи сотиш нархи 1400 сўм, чакана савдода 1750 сўмгача сотилиши белгиланди.
Юқоридаги қарор ижроси юзасидан Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ун ва қолипли ноннинг чакана нархлари харажатлардан келиб чиқиб белгиланиши ва нархлар асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан қатъий назорат ўрнатиш топширилган.
Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги инспекцияга "Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан, супермаркетлар, йирик савдо марказлари, бозорлар ҳамда савдо шохобчаларида 1 килограмм 1-навли маҳаллий ун маҳсулотига чакана нархлар асоссиз шаклланишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилган.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан ун белгиланган нархга нисбатан қиммат сотилаётгани ҳолатлари юзасидан доимий равишда ўрганиш ва мониторинглар олиб борилиб, белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан ваколатли идораларга тегишли муносабат хатлари юборилди.
Хусусан, инспекция органлари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 2018 йилнинг 15 декабрь куни давлат солиқ, рақобат, молия, давлат молиявий назорат ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасига белгиланган тартибда алоқа хатлари билан мурожаат қилинди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги қарори ижроси юзасидан инспекция органлари томонидан аниқланган ҳолатлар ва мавжуд камчиликлар бўйича вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратурасига ахборотлар киритилди.
Бундан ташқари, 2018 йил 15 декабрь куни мазкур масала вилоят прокуратурасида вилоят прокурори Б.Юсупов раҳбарлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари, дон корхоналари, назорат органлари ва масалага алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилиб, тегишли масъулларга аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан, 2018 йил декабрь ойида вилоятдаги дон корхоналари томонидан турғун ва кўчма савдо дўконлари орқали аҳолига сотиш учун 7174,3 тонна ун кўзда тутилган бўлиб, вилоят аҳолисига декабрь ойи учун қўшимча равишда 2135 тонна ун ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги фармони 2-бандига кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга 2 йил муддатга мораторий эълон қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони 4-бандига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинган".
ТАҲРИРИЯТДАН: Халқ ўзини қийнаётган масала юзасидан тегишли мутасаддидан жавоб кутаркан, умумий гапларни эмас, аниқ натижа истайди. Мажлис ўтказилса, чора-тадбир белгиланса, юқори идораларга ахборотлар киритиб борилса ва ҳатто эҳтиёждан ошиқча маҳсулот ажратилсаю, бироқ уннинг нархи қимматлигича тураверса, уларнинг бари бекор, беҳуда. Муаммонинг ечими - тадбиркор фаолиятини текширишга тўсиқ борлигида эмас, арзон ун қай тариқа унинг қўлига бориб қолаётганида! Унни қолипли нон ишлаб чиқариш мақсадида арзонига олиб, кўчага чиқариб қиммат қилиб сотаётганида! Ун корхоналари "қўл"га чиқариб юбормаётганига кафолат борлигида! Ҳолбуки ун нархини назорат қилиши аниқ ҳужжат билан белгиланган мутасадди ташкилотлар жойидан жилмас экан, қатъий нархи 87,5 минг сўмлик ун устига қўшимча 30-40 минг сўм "минганча" тураверади. Мутасаддилар эса зиммасида қандай вазифа борлигини биладию, айтарли натижа чиқара олмайди. Бунинг учун "сабаб"лар ҳам кўп. Жабрини эса аҳоли тортаяпти...