Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҚАТТИҚҚЎЛЛИК ВА АЙЁРЛИК ФАҚАТ ТУБАН КИШИЛАРГА ҚАРШИ ҚАРАТИЛГАНДА ЯХШИ ФОЙДА БЕРАДИ

Б.ЎКТАМ

13.08.2021


ҚАТТИҚҚЎЛЛИК ВА АЙЁРЛИК ФАҚАТ ТУБАН КИШИЛАРГА ҚАРШИ ҚАРАТИЛГАНДА ЯХШИ ФОЙДА БЕРАДИ

Сараланган сатрлар

1933 йил Берлинда китобларни "қатл этиш" маросими ўтказилди. Фашистлар ўз мафкурасини тўлақонли ўрнатиш учун инсоният даҳоларининг барча асарларини оловга улоқтиришди. Ўшанда китобларни барча университетларнинг ҳовлисида ёқишди. Фашист раҳнамоларидан бири Геббелс Берлин университетида "оташин" нутқ сўзлаётган вақтда талабалар Толстой, Вольтер, Анатоль Франц, Ромен Роллан, Жек Лондон китобларини гулханга отишди.

Геббелс эса нутқида давом этарди. Бу вақтда барча энг яхши немис муаллифларининг асарлари ҳам йўқ қилинарди: Гейне, Томас ва Генрих Манн, Фехтвангер, Ремарк, Бертольт Брехт...

Инсон тафаккури оловга ташланди. Нацизм ўзининг асосий, энг муҳим, бирдан-бир вазифасини бажарди. Бироқ шу қадар ёвузлик билан ҳам инсоният яратган энг нодир намуналар Ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Даҳо ғоялар қаршисида фашизм ожиз қолди. Мана, орадан ўтган шунча вақтдан бери кишилар "оловдан омон чиққан" китоблар мутолаасида бардавом.

Ўзи сургунга, мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинишга, китоблари ёқилишга ҳукм этилган Бертольт Брехт фашизмга, урушга қарши эди."Уч пуллик опера", "Кураж она ва унинг болалари", "Галилей ҳаёти", "Сичуандан чиққан меҳрибон" каби дурдона асарларида инсонпарварлик ёқланиб, урушга, ёвузликка қарши ғоялар акс этганди.

Таърифу тавсифни кўпайтирмай, қуйида Брехтнинг "Сичуандан чиққан меҳрибон" пьеса-параболасидан лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола этамиз. Зотан, яхши асар ўзи ҳақида ўзи "гапиради". Нодир фикрлар жам бўлган асарни ўқиб чиқишга бўлган аҳдингиз қатъийлашиши учун асар сюжети, воқеалар занжирини ошкор этмаймиз...

Ўргимчак бор жойда пашша бўлмайди.

* * *

Инсон деб аталишга лойиқ инсонлар ерда етарли экан, дунё дунёлигича қолади.

* * *

...битта нотавон учраса, нима қипти? Биз ҳали инсонга муносиб ҳаёт кечиришга қодир бўлганларни албатта учратамиз. Биз уларни учратишимиз шарт! Мана, икки минг йилдирким, фарёду фиғонлар фалакнинг қулоғини қоматга келтиради, шундоқ давом этавериши яхши эмас! Бу дунёда ҳеч кимса яхши одам бўлолмайди! Биз, ниҳоят, илоҳий фармойишларга амал қиладиган инсонларни топиб кўрсатишимиз керак.

* * *

Инсондан меҳрибонлик талаб қилинмас экан, у узоқ вақт меҳрибон бўлиб қололмайди.

* * *

Оч қоринга кекирдакка зўр бериб бўлмайди.

* * *

...ўзи тубанликдан чиққан, тубанликдаги ҳаётни яхши билувчи кишидан ҳам афзалроқ ижарачи топа олармикинсиз? У ҳақингизни ўз вақтида тўлаш учун ўлиб-тирилиб ишлайди. У ҳамма ишни қилади, ҳамма нарсадан кечади, ҳамма нарсани сотади, ҳеч нарсани аямайди, бир қулдек хизмат қилади, амрингизга "лаббай" деб туради, негаки, ҳалиги эски жойига қайтиб боришни истамайди. Ахир, бундай ижарачи тиллога топилмайди.

* * *

Қаттиққўллик ва айёрлик фақат тубан кишиларга қарши қаратилганда яхши фойда беради.

* * *

Ғилдирак остига тушиб қолмаслик учун қанчалар эпчил бўлиш керак! Қанча айёрлик керак! Қанча дўст керак!

* * *

Муҳтожлик нақадар авжига чиқмасин, барибир  дунёда раҳмдил кишилар учрайди. Ёш бола эдим, бир гал елкамда бир боғ ўтин билан йиқилиб тушдим. Бир чол мени ўрнимдан турғизиб, қўлимга бир чақа танга берди. Кейин шуни тез-тез эслаб юрдим. Фақирлар бир бурда нонни ҳам бошқалар билан бўлишиб ейди. Одамзод ўзи нималарга қодирлигини кўз-кўз қилишни хуш кўради, аммо қодир бўлган нарсалар ичида энг афзали - меҳрибонлик эмасми? Қаҳр-ғазаб қобилият етмаган ерда юз беради. Кимда ким қўшиқ куйласа ёки машина яратса, ёки шоли экса, шубҳасиз, у раҳмдил бўлади.

* * *

Қонунга аввал амал қил, кейин қонун талашсанг, ярашади.

* * *

Оҳ, бу жонга теккан савдогарчилик! Шу ишнинг бўлиши шартмикин ўзи? Ҳамма савдо деб ақлдан озади!

* * *

Бойлар бизга камбағаллар учун яхши тавсиялар беришади, камбағаллар эса бошпанага зор.

* * *

Мен севишганлар осмону фалакда учиб юришади деб эшитгандим, аммо энг яхшиси ерда, асфальтда юриш экан. Менга ишонинг, бировни севиб эрта тонгда уйғонаётган шаҳарни кўрмабсиз - дунёга келмабсиз. Шаҳар бу паллада, шоирлар айтмоқчи, уйқудан туриб, соф ҳавони симириб, иш асбобини қўлига олган тетик ҳунарманд Чолга ўхшайди.

* * *

Бизнинг мамлакатда яхшининг яхшилик қилиши мушкул.У исботлай олур яхшилигини зўравонлар мададига суяниб фақат.

* * *

Шошқалоқлик - шамол, у иморатни ҳам йиқитади, деган мақол бор.

* * *

Оч ит аравачани уйига тезроқ тортади.

* * *

Шошилиб сотган киши ҳамиша арзон сотади.

* * *

Эркакнинг эркакка айтган сўзи - ҳали ҳеч гапмас. Бундай пайтларда у улуғ, қудратли ва, албатта, қаттиққўл бўлиб кўринишга интилади.

* * *

Гар бошқалар ҳалок бўлмасин, десанг, ўзингни ҳам ҳалок айлама. Гар бошқалар бахтга ёр бўлсин, десанг, ўзингни ҳам бахтиёр айла...

* * *

Сунг вилоятида Чангалзор деган жой бор. У ерда кактуслар, сарвлар ва тут дарахтлари ўсади. Билакдек келадиган ниҳолларни одамлар кесиб, итларига катак ясашади. Ундан уч-тўрт карра йўғонроқ дарахтларни бой ва кибор оилалар кесиб, тобут учун тахта йўнишади. Танасига қулоч етмайдиган дарахтларни эса айрим одамлар ҳашаматли ёзлик иморатларига ғўла ўрнида ишлатишади. Шундай қилиб, бу дарахтларнинг ҳаммаси ўзининг ярим умрини аранг яшаб, арра ва болтага ем бўлади. Ким кўпроқ фойда келтирса, ўша кўп азоб чекади.

* * *

Яхши киши қанча кўп қийналса, ўзлигини шунча кўп намойиш этади. Азоб-изтироб кишини тозалайди!

* * *

Биз гоҳо яхши ният, эзгу мақсад, бир талай юксак тамойилларга дуч келамиз, аммо булар бари яхши инсон номини олишга камлик қилади. Бир қадар яхши одамлар учрайди, улар одамдек яшамайди.

* * *

Юк қанча оғир бўлса, куч шунча мустаҳкам бўлади.

* * *

О, биз кўрган дунёни айтишга тил ожиз - ҳаммаёқда ҳалокат, пасткашлик, хиёнат! Ҳатто, табиат ҳам бизни алдади. Гўзал дарахтларнинг бошлари сим билан қирқилган, тоғлар ортида қуюқ тутунлар бурқсиб, замбараклар гумбурламоқда, булардан сесканмай, собит тура оладиган битта ҳам инсон йўқ!

* * *

Дунё тирикчилик учун ноқулай, сиз буни эътироф этишингиз лозим!

* * *

Судьянинг тўсатдан қорни оғриб қолиши ҳам одамларда шубҳа уйғотади.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo