Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

12.01.2023


ҲАТТО ЭНГ КАТТА МУСИБАТ ОРТИДА ҲАМ БАХТ ЎЗ МУЖДАСИНИ НАМОЁН ҚИЛИШИ МУМКИН

Сараланган сатрлар

Ташқарида оппоқ, қалин қор. Илиқ хонада ўтириб, бир финжон кофе ҳўплаб манзарани томоша қилиш мароқлидир, аммо метрлаб қор ёғадиган, шу муҳитда ишлаб, кунини кўрадиган кишиларга қалин қорнинг ҳеч ҳам романтикалик жойи бўлмаса керак. Шундай чоғларда ўйлаб қолади одам: совуқ Сибирь ўлкаларида, ҳарорат -50-60 градусга етадиган Оймакон, ҳатто 80 даража совуқни кўрсатадиган Колима каби ўлкаларни абадий макон тутган кишилар кимлар? Нега улар бу қадар қийин шароитли жойларни танлашган? Ёзи салқин, қиши илиқ ҳудудлар ҳам бисёр-ку. Абдулла Ориповнинг "Меҳрим бермасмидим ўша музларга" каби мисралари маъносини ҳам тушунамиз - киндик қонинг томган жойлардан узилиб кетмоғинг ўта мушкул. Ҳар ҳолда ўта совуқ ва қийин муҳитга инсонни узилмас ришталар билан боғлаган нимадир бўлиши керак ахир...

Татар адибаси Гўзал Яхина қаламига мансуб "Зулайҳо кўзини очяпти" романини ўқиркансиз, юқоридаги каби саволларга жавоб чиқади. Гап шундаки, ўтган аср 30-йилларида совет ҳукумати томонидан қарамоғида озгина мулки, ери, бойлиги бўлган кишилар "қулоқ" қилиниб, узоқ Сибирь ўлкаларига сургун қилинган. Нега у ёқларга? Мақсад - янги ерларни ўзлаштириш. Юзлаб-минглаб чақиримга чўзилган ўрмонзорларни кесишдан ёғоч саноати гуркираса, очилган қўриқда деҳқончиликни йўлга қўйиш орқали қишлоқ хўжалигида ҳам тажриба майдони юзага келган. Советлар эса қулоқ қилинганлар қайта тарбияланиб, меҳнати билан ўзини оқлаяпти, деган важга ҳаммани ишонтиришга уринган.

Зулайҳо ўн беш ёшида ўзидан ўттиз ёш катта эркакка турмушга чиққан. Тўрт боласини тупроққа қўйган. Юз ёш нари-берисидаги қайнонаси эса ўзига хос мустабид, кўзи кўр, қулоғи эшитмаса-да, келинини одам ўрнида кўрмайди, ваҳоланки, юриш-туришию, барча эҳтиёжлари Зулайҳосиз амалга ошмайди.

Одамларнинг ғалласи, мол-ҳоли, бойлиги тортиб олинаётганини эшитган эр сигирини болта билан чопиб ташлайди, ғаллани қизларининг қабрига яшириб қайтар маҳал советлар қаршисидан чиқиб қолади ва уни отиб ташлашади. Аёл, инсон сифатида кун кўрмаган Зулайҳони эса "ҳалол ишлаб ўзини оқлаши учун" сургунга жўнатишади...

Ярим йиллаб юрган поезд уларни дунёнинг бир чеккасига элтиб ташлайди ва шу ерда кўзи ёрийди. Ўғлининг яшаб қолиши учун курашган она сургун машаққатларига дош беришга ўзида куч топади.

Дарвоқе, сургун қилинганларни ўз манзилига элтишга масъул этиб Зулайҳонинг эрини отиб ташлаган сержант  Игнатов тайинланади.

Биласиз, шу кунларда юртимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда. Боиси, ҳарбийларимиз чинакам юрт посбони, осойишталигимиз кафолати. Энди бир аср аввалги ҳарбийнинг тутумини кўринг. Қулоқларни аниқлаб, мол-мулкини тортиб олишга астойдил бел боғлаган Игнатов сургундагиларни жойлаштиришга кетган вақти уни жазога ҳукм қилишади. Яъни ҳарбийнинг сургундагилардан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Шу жойда инсонийлик туйғулари унинг бошқалар олдида ўзига яраша ҳурмат қозонишига сабаб бўлади.

Аммо хавфсизликка масъул ва унвон деса жонини жабборга берадиган кимсалар Игнатовга кутилмаган таклиф беришади: "Ҳозир шундай пайтки, истаган ишингни қилишинг мумкин. Ярим йилда кичик лейтенант, яна ярим йил ичида лейтенант бўласан. Фақат иккимизга бирорта каттароқ, жарангдор бир иш керак... Паргиб комендатурасидаги қўзғолонни эшитдингми? Эски Клюква комендантига суиқасд қилишганини-чи? Тил бириктирганларнинг ўзидан юзтача олишди. Мана шунақаси керак: кўпроқ одам бўлсин, номини ҳам қийинроқ атаймиз..."

Бечора одамлар сургунда абжағи чиқиб ётган бўлса, энди кимнингдир унвонпарастлиги учун улар орасидан хоин, бузғунчиларни топиш керак. Хўш, Игнатов бу таклифга нима дейди - буни асар тўла мутолааси орқали билиб оласиз. Ишонаверинг, вақтингиз зое кетмайди.

*  *  *

Одамга ҳис-туйғулар ёниб яшаш учун берилган. Агар юрагинг жиз этмаса - кулга яқинлашишнинг нима кераги бор?

*  *  *

Эрталабки нонуштада овқат ейилса, одамнинг фикрлари ҳам, танаси ҳам оғирлашади.

*  *  *

Беморнинг организми ўзини ўзи қутқаради. Шифокор эса фақат ёрдам беради, унинг кучини керакли томонга йўналтиради, айрим ҳолларда ортиқча, керакмас, даврини ўтаб бўлган нарсаларни олиб ташлайди. Даволаниш йўлини шифокор билан бемор биргаликда ўтайдилар, аммо асосий, муҳим қадамни ҳамиша беморнинг ўзи босиши керак - унинг ҳаётга бўлган интилиши, организмининг кучига кўп нарса боғлиқ.

*  *  *

Ўлим ҳар кимни пойлайди - унинг ичига беркиниб олган бўладими ёки ёнида юрадими, мушук каби оёғига суркалади, чанг каби кийимга ўтиради, ҳаводек ўпкага киради. Ўлим ҳар жойда, у енгилтак ҳаётдан айёрроқ ва кучлироқ эдики, ҳамиша уни мағлуб этарди.

*  *  *

Камсуқумликка нима етсин - баъмани хотин ҳадеб менлайвермайди. Ҳатто татар тили шунақаки, бутун умр "мен" сўзини ишлатмай ўтсанг бўлади: қайси замонда гапирма, феъл керакли шаклни олиб, қўшимчасини ўзгартирадию, мана шу қисқагина кеккайган сўзни ишлатмасликка имкон яратади. Рус тилида эса ундай эмас экан, ҳамма ҳар жойда "мен", "менга" ва яна "мен" дейишга ошиқади...

*  *  *

Эркинлик бахтга ўхшайди, баъзиларга зарар, бошқаларга фойда келтиради.

*  *  *

Кўчириб келинган деҳқонларнинг тезда яна бойиб кетиши қулоқларнинг ўсиши деб аталганди. Ўз уйларидан минглаб чақирим узоққа сургун қилинганлар олти-етти йилда зарбадан ўзларига келиб, ўзга юртларга кўникиб, бу ерларда ҳам қўшимча бир-икки тийин пул ишлаш йўлларини топишар, уларни йиғиб-асраб, шахсий асбоб-аслаҳа, ҳатто, мол-ҳол харид қилишга муваффақ бўлишарди. Хуллас, молу мулки ипидан-игнасигача тортиб олинган деҳқонлар яна қулоққа айланишаётганди, бунга эса, албатта, йўл қўйиб бўлмасди. Шу боис давлат тепасида оқил қарор қабул қилинганди: ўсишни зудлик билан тўхтатиш; айбдорларни - жазолаш, ҳатто сургунда ҳам асл башарасини йўқотмаган қулоқлардан эса колхоз ташкил қилиш. Шунинг оқибатида "қама-қама"лар НКВД ходимларига ҳам етиб борган, ҳатто энг катта раҳбарлар ҳам омон қолмаганди, шу муносабат билан жазоланганлар ҳам 37-38 йилларнинг қатағони оқимига қўшилганди.

*  *  *

Бу ерларда ҳар қадамда ўлим, аммо оддий ўлиммас, тушунарли, ўзича оқил, ҳатто одил, ҳикмати бор: дарахтлардан тушган шох-шаббалар ерга тушиб чирир, айиқ чангалидан синган буталар қурир, майса кийикнинг ўлжасига айланса, унинг ўзи одамлар тўдасига насиб этарди. Ўлим ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ эди - шунинг учун ҳам қўрқинчли эмасди. Бунинг устига ўрмонда ҳамиша ҳаёт ғолиб чиқарди. Кузда торф ёнғинлари қанча жойларни яксон этмасин, қиш қанчалик совуқ ва аёзли бўлмасин, оч қолган йиртқичлар қанчалик қутурмасин, Зулайҳо биларди: баҳор келади, дарахтлар яна кўкка бурканади, майин ўланлар қоп-қора куйган ерни қоплайди, ҳайвонлар яна болалайди.

*  *  *

Эркин овчилик даврида бутун ҳаётини кўз ўнгидан ўтказар, уни бўлакларга ажратиб, майда-майда қилиб таҳлил қиларди. Яқинда эса бирдан тушунди: яхшиям тақдир уни шу ерларга олиб келиб ташлабди. Ўзига тегишли бўлмаган тор ҳужрада яшаса ҳам, бегоналар ичида юрса ҳам, она тилида гаплашмаса ҳам, эркаклар каби овга чиқса ҳам, уч кишининг ишини бир ўзи эпласа ҳам кўнгли хотиржам. Бахтлиман, деёлмайдию, аммо ҳаёти ёмон ҳам эмас-да.

*  *  *

Хаёл дегани дарё эмаски, тўсиб қўйсанг, оқса оқар.

*  *  *

Қандай қилиб яхши ва ёмонга бир хил муносабатда бўлиш мумкин? Яна буни тўғри ва зарур деб ҳисоблаш мумкин?

*  *  *

Кетиш - бу бироз ўлмоқ ҳамдир.

Юсуф кўплаб французча мақолларни билади, ўткиргина ҳаммаси - меҳр-муҳаббат ва уруш, подшолар ва денгизчилар, қўй ва тухум ҳақида. Буниси эса ғамгин экан, французчага ҳам ўхшамайди.

- Бошқачаси, қувноқроғи йўқми?

- Узр, буни айтмоқчи эмасдим. Мана, бошқаси: ниятга етиш учун инсонга биргина нарса керак - юриш.

*  *  *

Энг даҳшатлиси: унинг кетгиси йўқ эди. Шу йиллар мобайнида қандай қилиб бу жойларга ўрганиб қолганини ўзи ҳам билмайди. Хавфли, тинмай ўзгараверадиган айёр, ранги ва ҳидининг минг хил туси бор бу дарёга қачон кўника қолибди? Бу чек-чегарасиз, уфққа қараб кетган ўрмонларга-чи? Ёзда қор ёғдирадиган, қишда қуёш чарақлаб турадиган шу совуқ осмоннинг нимаси яхши? Қуриб кетсин, ҳатто мана шу қовоғи очилмайдиган, қўпол, хунук, ёмон кийинган, уйларини соғинган одамларга - уларнинг хор, ғалати, тушунарсиз юриш-туришларига ҳам ўрганиб қолганди.

*  *  *

Нимани ҳам йиғарди? Фуқаролик кийими - эгнида. Деразадаги манзарани тахлаб жомадонга солиб бўлмаса...

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo