Вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда бир қанча ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу спорт тадбирларида ҳаваскор спортчилар, шу жумладан, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда меҳнат фахрийлари фаол иштирок этди. Унда мусобақалар миллий ва олимпия спорт турлари бўйича ташкил этилди.
Жумладан, Қарши шаҳрида мазкур тадбир доирасида ўтказилган веломарaфон мусобақасида 50 нафардан ортиқ 18-45 ёшли хотин-қиз ғолиблик учун кураш олиб борди.
- “Соғлом аёл - соғлом авлод” шиори остида бўлиб ўтган веломарофонда Гулҳаё Сатторова биринчи ўринни қўлга киритди, - дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутахассиси Нурбек Сайнабиев. - Муҳайё Абдималикова иккинчи бўлган бўлса, учинчи поғонадан Лобар Азизова жой олди.
Тадбирлар режасидан ўрин олган ва Касби туманида уюштирилган фахрийлар ўртасидаги шахмат мусобақаси ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Унда 40 нафарга яқин ҳаваскор спортчи иштирок этди. Улар орасидан “ақл гимнастикаси”да маҳорати юқори бўлган Фарҳод Жабборов биринчи, Ихтиёр Чориев иккинчи, Худойқул Ҳамидов учинчи бўлди.
Туманда қўл тўпи бўйича ўтказилган мусобақада 11 жамоа таркибида бирлашган 150 нафар ўсмир иштирок этди. Натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида кечган баҳсларда биринчи ўринни 2-мактаб жамоаси вакиллари қўлга киритган бўлса, 56-мактаб жамоаси спортчилари иккинчи, 16-мактаб жамоаси эса учинчи поғонадан жой олди. Қизлар иштирокида бўлиб ўтган қўл тўпи мусобақасида биринчи ўринга 56-мактаб спортчи қизлари эга чиқишди, иккинчи ўринни 13-мактаб жамоаси эгаллади, 1-мактаб жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Спорт тадбирлари доирасида Ғузорда ҳам мусобақалар ташкил этилди. Тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтган спортнинг таэквондо тури бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасидаги мусобақада 15 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ҳаваскорлар иштирок этди.
8 вазн тоифаси бўйича кечган баҳсларда татамига тушган Гуласал Турсунова, Жавоҳир Тўраев, Жаҳонгир Тўраев, Зоҳид Эркинов, Фарзона Бўронова, Асилбек Эшмирзаев, Шерфаёз Хуррамов, Саидазим Бердиев, Диёрбек Қаюмов ўз вазн тоифаларида тенгсиз деб топилди.
Деҳқонобод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида спортнинг кураш тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Ушбу мусобақада 70 нафар спортчи ёш 38, 46 килограмм вазн тоифалари бўйича кураш тушишди. 38 килограмм вазнда Зафар Пўлатов, 46 килограммлилар ўртасида эса Рамз Бозоров мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Ўтказилган спорт мусобақаларида ғолиб бўлганлар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дилфуза ЖУМАЕВА