Ёнғинлар оқибатида ҳавонинг ифлосланиши ҳар йили дунё бўйича бир ярим миллион киши ҳаётига зомин бўлмоқда. Бундай ўлимларнинг катта қисми ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ўрганишлар натижалари The Lancet журналида эълон қилинган.
Йилига 450 минг ўлим ёнғин тутуни келтириб чиқарган юрак-қон томир, 220 мингтаси эса худди шу омил туфайли ривожланган нафас олиш тизими касалликлари билан боғлиқ. Назоратсиз ёнғинлар ва режали, масалан, қишлоқ хўжалиги экинлари қолдиқларини ёқиш кабилардан ҳавонинг ифлосланиши - умумий ҳисобда йилига бир ярим миллион одам ўлимига сабаб бўлмоқда.
Ўлимларнинг 90 фоиздан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатлар, қарийб 40 фоизи Африканинг Саҳрои Кабир жанубидаги давлатларига тўғри келади. Хитой эса етакчи саналади.
Олимларнинг огоҳлантиришича, иқлим ўзгариши кучайиб, тез-тез ва кучли ёнғинларни келтириб чиқараверса, ўлимлар сони ортиб бораверади. Улар иқлим ўзгаришига таъсири кичик бўлишига қарамай, ривожланаётган мамлакатлар бундан энг кўп жабр кўраётганини қайд этган. Камбағал давлатлар аҳолиси кўпинча ҳаво тозалагич, ниқоб ёки эвакуация имконияти каби ҳимоя воситаларига эга эмаслар.