Қашқадарё ва дунё
Китоб туманида Австриянинг "Lasselsberger Group" компанияси билан ҳамкорликда замонавий технологиялар асосида тошни қайта ишлаб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Ушбу мамлакатнинг яна бир - "AME International GmbH" компанияси иштирокида вилоятимизда рақамли соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиб, инновацион технологиялар ва ядровий тиббиёт ускуналарини қўллаган ҳолда замонавий онкология касалликларини даволашга ихтисослашган касалхона қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилади.
"Дунё" ахборот агентлиги хабарига кўра, мазкур лойиҳалар истиқболлари Китоб тумани ҳокимлиги делегациясининг жорий йил август ойи охирида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Австрияга ташкил этилган ишчи сафари чоғида муҳокама қилинган.
Жумладан, дунёдаги 26 та мамлакатда 30 та ишлаб чиқариш корхонасига эга "Lasselsberger Group" компанияси билан ўтказилган музокаралар якунида қурилиш индустриясига доир инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш учун доирасида жорий йил сентябрь ойида компания бош директори Йозеф Лассельсбергернинг Қашқадарё вилоятига сафарини уюштириш ҳақида келишиб олинди.
Ўз навбатида "AME International GmbH" компанияси директори Хайц Мессингер Ўзбекистон ҳукумати талаби билан юқорида қайд этилган лойиҳани бошлашга ва уни молиялаштириш учун Австрия Назорат банки (OeKB) ва "UniCredit Bank Austria AG" томонидан "софт-лоун"лар (имтиёзли кредит линиялари) ажратилишига кўмак беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Шунингдек, Китоб тумани делегацияси ташрифи давомида янги инвестициявий ва экспорт шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида Австрия Федерал иқтисодий палатаси Жануби-Шарқий Европа, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик департаменти директори Козиме Штайнер билан учрашув ўтказилди.
Унда вилоятимиз иқтисодий салоҳияти, хорижий инвесторлар ва ишбилармон доира вакиллари учун яратилган кенг имкониятлар, экспорт товарлари, шунингдек, Китоб туманида туризм, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд инвестициявий лойиҳалар тўғрисида тақдимотлар амалга оширилди.
Музокаралар якунида жорий йилнинг 5-6 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятида ташкил этилаётган халқаро саноат форуми - иштисослашуви нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноати каби тармоқларни қамраб оладиган ҳудудий саноат ярмаркасида Австрия ишбилармон доира вакилларининг иштирокини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш тўғрисида келишилди.