Яқинда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, 50 ёшни қаршилаган Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Қаҳҳор Раимов (ҳуқуқбузарларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) гиёҳвандлик воситасини сотишда ўзига хос йўлдан фойдаланган. У Қарши шаҳридаги 1-йўналишдаги автобусда ҳайдовчилик қилиш билан бирга, иш жараёнида йўл-йўлакай "мижоз"ларига гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан ҳам шуғулланиб, гўёки "бир ўқ билан икки қуённи урган".
Олиб борилган тезкор тадбир давомида Қаҳҳор Раимовнинг яшаш хонадонидан ҳаммом томи ва девор устига турли қоғозларга ўралган ҳолда ҳамда 12 дона гугурт қутисига солинган, шунингдек, ҳовлидаги қозонхонанинг яширин жойларига газеталарга ўраб хуфёна жойлаштирилган 153,2 граммдан иборат бўлган гиёҳвандлик моддаси аниқланди.
Шунингдек, тадбирда унинг доимий мижози бўлган Санъат Қўлдошевнинг эгнидаги кийим чўнтакларидан уч дона гугурт қутисига жойлаштирилган ва бир дона минг сўмлик купюрага ўралган ҳолда ҳамда унинг яшаш хонадонидан икки дона қоғоз бўлагига ўралган оғирлиги 9 граммдан иборат гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Вилоят ИИБ ЭКБ хулосасига кўра, фуқаролар Қ.Раимов ҳамда С.Қўлдошевдан ашёвий далил сифатида олинган воситалар марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Барчага маълумки, тинч-фаровон юртимизда ҳалол ишлаб пул топиш учун барча имкониятлар яратилган. Фуқаролар Қ.Раимов ва С.Қўлдошев ҳам тўғри йўлдан юриб, қонунбузарликка қўл урмаганида, бугун панжара ортида эмас, оила аъзолари ёнида бўлар эди. Афсуски, улар нотўғри йўлни афзал билишди.
Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи