Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • АВВАЛ 100, КЕЙИН 50 МИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ СОЛИҚ ВА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР ТЎЛАНМАГАН, ДЕГАН ХУЛОСА АСОСЛИ ЭДИМИ?

Қобил АБДУЛЛАЕВ

19.05.2018


АВВАЛ 100, КЕЙИН 50 МИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ СОЛИҚ ВА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР ТЎЛАНМАГАН, ДЕГАН ХУЛОСА АСОСЛИ ЭДИМИ?

Буни биргина Қарши шаҳрида рўйхатдан ўтган “Акмалбек Самариддин ўғли” МЧЖга оид жиноят иши мисолида кўриб чиқсак. Дастлабки тергов органи жамият раҳбари Назира Ниязова, бош ҳисобчи Зияда Султанова ва жамиятни 2004-2012 йилларда бошқарган Улуғбек Темировни солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганликда айблаган.

Хусусан, Н.Ниязовага бош ҳисобчи билан тил бириктирган ҳолда 2012 йил 5 майдан 2015 йил 25 мартга қадар бўлган фаолиятда солиқ ва йиғимларни камайтириш ва яшириш мақсадида ҳокимнинг тегишли қарори билан жамиятнинг 51 фоиз улуши Қарши шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлган ҳолда мулкка эгалик ҳуқуқи берилиши ҳақидаги талабларни бажармаслик, жамият уставини қайта рўйхатдан ўтказмасдан, жамиятда давлат улуши йўқ деб, 2012-2015 йиллардаги солиқ ставкаларини камайтириб ҳисоблаб солиқ идораларига тақдим этиш айби қўйилган. Шу билан бирга, жамият томонидан патта тўлови, йўл жамғармасига мажбурий ажратма, ягона ижтимоий тўлов, пенсия жамғармасига мажбурий ажратма, ягона ер солиғи, мактаб таълими жамғармасига, жами 57 миллион 143 минг 100 сўм миқдоридаги солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмагани ҳам қайд этилган.

У.Темировга эса 2004-2012 йиллардаги раҳбарлик даврида бош ҳисобчи билан тил бириктирган ҳолда 105 миллион 647 минг 600 сўмлик солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаслик айби қўйилган.

Хўш, МЧЖ мутасаддилари ҳақиқатдан айбдормиди? Уларнинг хатти-ҳаракатида қанчалик жиноят аломатлари мавжуд эди?

Маълум бўлишича, МЧЖ бозор сифатида рўйхатда турмайди ва унинг фаолиятига хусусий мулкни ҳамда дўконларни ижарага бериш киради. Давлат солиқ инспекцияси томонидан эса 3 йил давомида 100 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ҳужжатсиз фаолият кўрсатгани қайд этилган. Ҳолбуки жамиятда ЯТТ сифатида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг барчаси давлат рўйхатидан ўтган. Ўз навбатида солиқ ва мажбурий тўловлар давлат улуши бор деган фикр билан нотўғри ҳисобланган.

Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг судга оид иқтисодий экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримига биноан ўтказилган иқтисодий экспертиза жараёнида “Акмалбек Самариддин ўғли” МЧЖда давлат улуши йўқлиги аниқланган. Жамият йиллик ҳисоботларида қайд этилган ялпи тушум миқдорига нисбатан ягона солиқ миқдори тўғри тўлангани кўринади. Шунингдек, иқтисодий экспертиза жамиятнинг патта йиғими (асосий фаолиятидан 50 фоиз ставкада), бажарилган иш, кўрсатилган хизматлар ҳажмидан йўл жамғармасига ажратма, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига бир фоизлик мажбурий ажратма ва пенсия жамғармасига ажратма бўйича қилинган хулосани асоссиз деб топди.

Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази вилоят бўлимининг судга оид экспертиза хулосасида баён қилинишича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2008 йил 16 сентябрдаги қарори билан “Акмалбек Самариддин ўғли” МЧЖга тегишли ва қўшимча равишда 1338 квадрат метр ер майдонида қурилган савдо мажмуаси ва қўшимча бинолардан фойдаланишга рухсат берилган.

Қарши шаҳар ҳокимининг 2013 йил 26 июндаги универсал ва деҳқон бозорларида 51 фоиз давлат улушлари давлат ихтиёрида сақланиши бўйича ижро ҳолати тўғрисидаги қарорида “Акмалбек Самариддин ўғли” МЧЖ ўз улуши ҳисобидан шакллангани, яъни давлат улуши мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 348-моддасида “Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун қўлланилади ва ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг махсус қоидалари қўлланилишини, шунингдек мазкур солиқлар бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилишини назарда тутади... Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган солиқлар ушбу Кодексда назарда тутилган жами умумбелгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўрнига тўланади, ушбу Кодекснинг 349-моддасида санаб ўтилганлар бундан мустасно” деб кўрсатилган, “Акмалбек Самариддин ўғли” МЧЖ эса ягона солиқ тўловчиси ҳисобланади. Шунга кўра, жамият 2010-2014 йиллар давомида фаолиятининг ялпи тушумидан 30 фоиз миқдорида ягона солиқ тўлаб келган.

Бинобарин, текшириш ҳужжатларида тўланиши лозимлиги хусусида кўрсатилган патта йиғими, йўл жамғармаси ҳамда иш ҳақидан пенсия  жамғармаси учун ҳисобланган қийматлар услубий жиҳатдан асоссиздир.

Шу ва бошқа хулосалар, кўрсатувлар ўрганилиб, суд Назира Ниязова, Зияда Султонова ва Улуғбек Темировни жиноят содир этишда айбсиз деб топди ҳамда иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли уларни оқлади.

Албатта, халқнинг суд тизимига бўлган ишончига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқалигина эришиш мумкин. Юқорида келтирилган ҳолат эса адолатли суд қарорлари қабул қилишни таъминлашга йўналтирилган туб ислоҳотлар самарасидир, десак хато бўлмайди.

Қобил АБДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Косон туман суди судьяси

Report typo