Вилоят мусиқали драма театрида Ҳаж сафарига борувчи фуқаролар билан бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда айтиб ўтилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ҳар йилги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳайъат раиси Баҳодир Қодиров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Раҳматилло Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, халқимизнинг бой миллий қадрият ва анъаналари, саховат каби инсонпарварлик туйғулари ҳожиларимиз тимсолида янада кенгроқ намоён бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратдилар.
- Бу йил вилоятимиздан 400 нафардан кўпроқ фуқаролар Ҳаж зиёратига бориши режалаштирилган, - дейди вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров. - Улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, зиёратчилар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, вилоят божхона бошқармаси ва бошқа ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, учрашувда Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар ҳамда сафар талаблари хусусида батафсил тушунчалар берилди.
М.ТЎЛАГАНОВ